ADOLAT 24

ҚЎЙҚИРИЛГАН  ҚАЛЪАНИНГ ҚАДИМ СИРЛАРИ (иккинчи мақола)

Қалъада ҳунармандлар ясаган маҳсулотлар орасида сопол буюмлар асосий ўрин тутади. Катта хумлар, хумчалар, кўзалар, ҳар хил ҳажмдаги товоқлар, идиш­лар, шамдонлар, кулдонлар, умуман, сополдан 60 дан ошиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Уларнинг аксариятини тарихда “бўяма сопол маданияти” деб ном олган, қўлда ясалган, милоддан олдинги II-I минг йилликлар оралиғида ишланган сопол идишлар ташкил этади. Бу маҳсулотларнинг яна бир қисми янги эрадан аввалги I минг йилликка, Амиробод маданияти даврига оид. Бу даврда аввалги “бўяма сопол идишлар” ўрнини таги ясси, оғзи ҳалқасимон, безаксиз, қора ва кулранг ашёлар, шунингдек, сирти қизил ангоб ёки лак билан қопланган маҳсулотлар эгаллаган. Сопол буюмларнинг ҳаммаси қўлда ясалган, кулол чархи ишлатилмаган. Улар 3-4 минг йиллик тарихий ашёлар ҳисоб­ланади. Қўйқирилган қалъадан тошдан, мармардан, рудалар шлаклари, алебастердан ишланган буюмлар ҳам топилган.

Археологлар ушбу буюмлар сопол маҳсулотлардан кейинги даврда яратилган деган хулосага келдилар. Металл буюмлар орасида бронза, мис, темирдан тайёрланган камон ўқлари, найза учлари, пичоқлар, ханжарлар, оилада ишлатиладиган ашёлар ҳам кўп­лаб топилган. Тарихдан маълумки, бронза, темир эрамиздан олдинги I мингинчи йилликнинг ўрталарида Султон Увайс тоғи этакларида печларда рудалардан ажратиб олинган. Руда шлакларидан эса мудофаа деворларини бузадиган отиш қуролларининг думалоқ шаклдаги ўқлари тайёрланган. Шиша буюмлар, кўзгулар Рим, Юнонистондан келтирилган шиша ашёларга ўхшаб кетади. Лекин улардан пишиқлиги, мустаҳкамлиги ва тиниқлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун бу маҳсулотларга Миср, Рим, Греция ва Кичик Осиёда талаб катта бўлган. Умуман олганда, бу ердан топилган ашёлар Қўйқирилган қалъанинг янги эрадан олдинги II – I минг йилликлар орасидаги ҳунармандчилик тарихидан гувоҳлик беради.

Қўйқирилган қалъадан археологик қазишмалар натижасида 80 дан ортиқ кичик ҳайкалчалар, ҳайкаллар қолдиқлари илм-фанда терракоталар деб аталадиган ашёлар топилди. Бундай терракоталар қадимий шаҳарларнинг барчасида мавжуд бўлган. Шундай экан, бу қалъадан топилган терракоталар бошқа қадимий шаҳарлардан топилган терракоталардан қайси жиҳатлари билан фарқ қилган? Бу ердан аёлларнинг турли кўринишдаги ҳолатлари акс этган ҳайкалчалари қазиб олинди. Шулардан бирида аёлнинг тик бўйи ҳолати тасвирланган. Бу терракота олис ўтмишда деҳқончилик билан шуғулланган халқларнинг улуғ яратувчи она маъбудаси деб баҳоланди. Эрамиздан олдинги III – II мингинчи йилликлар оралиғига мансуб ушбу терракоталар бошқа жойда учрамайди. Иккинчи гуруҳ терракоталар Амударё ҳомийси ва ҳосилдорлик маъбудаси Анахита Ардвисвурага оид деган хулосага келинди. Унинг кийим­ларидаги тўлқинсимон кўринишлар, бўртма нақшлар, кийимларининг бир учи елкаси ва ўнг қўли устига ташлангани, бу ҳайкалчанинг кўплаб нусхалари топилиши ушбу терракота зардуштийларнинг ҳар бир оиласида мавжуд бўлганлигидан дарак беради. Анахитанинг шу пайтгача топилган ҳайкалчаларининг энг қадимийси эрадан аввалги V – IV асрларга мансуб деб қараларди. Бу ердан топилганлари милоддан аввалги I мингинчи йилликнинг бошларига мансуб эканлиги аниқланди. Шунингдек, қалъа­дан қўлида кўзгу ушлаган, сопол идиш тутган, бола кўтарган маъбудалар, ҳосилдорлик, мўл-кўлчилик, бунёдкорлик маъбудлари, сибизға, най, арфа чалаётган инсонлар ҳолатлари акс этган ҳайкалчалар ҳам қазиб олинди. Бундай терракоталар ниҳоятда қадимийлигидан ташқари Ўрта Осиёнинг тарихий шаҳарларидан бирортасидан топилмаган. Демак, улар тарих учун ноёб ашёлар ҳисобланади. Ушбу ҳайкалчалар Қўйқирилган қалъа ва умуман, ўша давр Хоразм шаҳарсозлигининг ижтимоий, маданий-маънавий, диний муносабатлари, инсоният тамаддуни йўллари, аҳолининг яшаш тарзи хусусида турфа маълумотлар беради.

Археологлар қалъани қазиш жараёнида марказий хоналардан биридан ўндан ортиқ катта хумларни ўргандилар. Қўшни хонадан ҳам яна шунча миқдорда катта хумлар топилди. Текширишлар натижасида бу хумларда одатдагидек озиқ-овқат, дон-дун сув ёки бошқа маҳсулотлар эмас, ниҳоятда қувватли, ғаройиб ҳидли ичимлик, бугунги тил билан айтганда спирт сақланганлиги аниқланди. Қадимшунослар бундай топилмадан ҳайратга тушдилар. “Наҳотки, хоразмликларнинг қадим аждодлари шаробхўрлар бўлишган?” деган фикрга келдилар. Археологик қазишмалар бу ичимликнинг ушбу қалъада ниҳоятда кўп сақланиши сирларидан воқиф этди. Қазишмалар жараёнида жуда кўп буюмларнинг – хумлар, ритонлар, ҳар хил идиш­ларнинг юза қисмига, рельефига туширилган тасвирлар орасида мева тугиб, барг ёзган бир дарахт кўриниши учрайди. Унинг мевасини териб юрган коҳин ҳолати ҳам мавжуд. Бу дарахт зардуштийлар томонидан “ҳаёт дарахти” деб эъзозланган. Унинг мевасидан териб олиниб зардуштийлар учун ниҳоятда қадрли “хаома” ичимлиги тайёрланган. Бу ичимликни кўп тайёрлашнинг ўзига хос сабаб­лари бўлган. Аввало, зардуштийларнинг байрамларида бу ичимлик инсонларни яшартириш, қудратли қилиш, янгилаш, тозартириш кучига эга манба сифатида қаралган ва истеъмол қилинган. У қуд­ратли куч деб эътироф этилган. Иккинчидан, зардуштийлар даврида астрономия ва табобат ниҳоятда ривож топган. Бу “Авесто” асаридан ҳам маълум. “Хаома” ичимлиги табобатда даволовчи восита сифатида ишлатилган. Учинчидан, зардуштийлар марказларида олов доимо ёниб турган. Муқаддас олов учун эса “хаома” ичимлигидан фойдаланишган. Қўйқирилган қалъа зардуштийларнинг маркази ҳисоблангани учун хаома ичимлиги солинган хумлар марказий хоналарда эъзоз­лаб сақланган. Бу ичимлик билан боғлиқ тарих ҳақиқати ана шундан иборат.

Эрамиздан олдинги I мингинчи йилликларда Ўрта Осиё шаҳарсозлик маданиятида тасвирий санъат ниҳоятда ривож топган. Бухородаги Варахша, Бойкент, Сурхондарёдаги Фаёзтепа, Болаликтепа, Самарқанддаги Кўктепа, Афросиёб, Қашқадарёдаги Ерқўрғон, Қорақалпоғис­тондаги Оқчахонқалъа, Тупроққалъа шаҳарларида деворий рангтасвир санъатининг мукаммал намуналари мавжуд бўлган. Худди ана шундай рангтасвир асарлари Қўйқирилган қалъа деворларини ҳам безаб турган. Афсус­ки, археологлар қазишмалар пайтида бундай ранг-тасвир асарларининг ниҳоятда оз қисмини ўрганганлар. Шаҳар марказидаги хоналардан бири деворидан “Камондан ўқ узаётган одам” сурати топилган, холос. Олимларнинг маълумотларига кўра, қалъадаги бош ибодатхона деворига отлар суратлари ўз табиий ҳолатида чизилган бўлган. Аммо бу деворий суратлар топилмаган. Бундан ташқари, отлар суратлари қалъадан чиққан турли муҳрларда ҳам аксини топган. Ўз-ўзидан савол туғилади: Хўш, нима учун ўша давр тасвирий санъатида от образларини яратишга алоҳида эътибор беришган? Бунинг сабаби маълум, зардуштийлар само бағрида энг тезкор мавжудот деб Қуёшни тан олишган. Шу сабабли унга сиғинишган. Замин бағрида эса энг тезкор мавжудот сифатида от эътироф этилган. Қуёшга отни қурбонлик қилиш ана шундан бошланган. От заминда ҳукмдорлик белгисини билдирган ва тотемистик мавжудот сифатида ибодатхоналар деворларини безаган, муҳрлар, тангаларда ўрин олган. Давлат тамғаларида ҳукмдорлар, коҳинлар билан бирга отларнинг суратлари ҳам ўрин олган. Антик давр тасвирий санъати ана шу асосда ривож топган. 

Қўйқирилган қалъа эрамиздан олдинги VIII – III асрларда Хоразмнинг нафақат ижтимоий, иқтисодий, сиёсий пойтахти бўлган, балки маданий-маърифий, илм-фан маркази сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Бу ерда ўша давр­­да илм-фаннинг астрономия соҳаси ниҳоятда ривож топган. Бунинг сабаби бор. Қадимшуносларнинг маълумотларига кўра, астрономия илми илк бор ўтроқ деҳқончилик, суғорма маданият юзага келган ва ривожланган ўлкаларда пайдо бўлган. Яъни, деҳқонлар ерни суғориш, экин экиш, уни парваришлаш, йиғиб-териш ишларини ҳамда буни амалга ошириш вақтини йил, фасллар, кунларни қуёш, ой, осмондаги бошқа ёритқичларнинг ҳаракатларига қараб белгилаганлар. Бу эса коинот, осмон жисмлари ҳақидаги фан – астрономия илмини яхши билишни талаб қилган. Археолог Яҳё Ғуломов илмий асарларида Хоразмда деҳқончилик, суғорма маданият милоддан олдинги III мингинчи йилликларда вужудга келган, деб ҳисоблайди. Шундай экан, бу қадимий воҳада астрономия илмининг пайдо бўлиши ва ривожи 4-4,5 минг йиллик тарихга эга. Бунинг далил ва исботи Қўйқирилган қалъа ҳудудидан топилган турли ашё ҳамда осори-атиқалар мисолида яққол намоён бўлди.

Кўп йиллар мобайнида тарихчи олимлар ўртасида энг қадимий ёзув мамлакатимизнинг қайси нуқтасида топилганлиги хусусида баҳс-мунозаралар давом этиб келганди. Ўтган асрнинг 60-йилларида Қўйқирилган қалъада олиб борилган археологик қазишмалар натижасида бундай мунозараларга чек қўйилди. Археологлар бу ердан хумлар, терракоталар, ҳар хил идиш­ларга, буюмларга ўйиб ҳамда қора тушлар билан битилган ёзув намуналарини топдилар. Бу ёзувлар қадимий сўғд, бақтр, хоразм ёзувларидан илгари мавжуд бўлган оромий алифбосида, Хоразм тилида милоддан олдинги бир мингинчи йилликнинг бошларида ёзилганлиги аниқланди. Хумлардан бирига “Аспабарак” ёки “Аспабадак” деб ёзилганлиги маълум бўлди. Олимлар бу сўз “Отда ўтирган одам” ёки “От миниб кетаётган одам”, умуман “Чавандоз” маъносини билдиради, деган хулосага келдилар. Афсуски, қалъадан топилган 30 дан ошиқ сўзларни ўқиш ва уларнинг маъноларини топиш имкони бўлмаган. Қалъадан топилган буюмларнинг баъзиларида турли хил белгилар ҳам аниқланди. Қадимшунос олимлар дастлаб бу белгилар ҳунарманд усталарнинг тамғалари бўлса керак, деган фикрни билдирдилар. Лекин ке­йинчалик бу белгиларнинг айримлари оромий алифбоси ҳарфларининг ҳар хил кўринишлари эканлиги, усталар ясаган баъзи буюмларига ўз номларининг бош ҳарфларини ёзиб қолдирганликлари маълум бўлди. Қўйқирилган қалъадан топилган бу ёзувлар ва белгилар нафақат мамлакатимизда, балки Ўрта Осиёда ёзув маданияти тарихи ниҳоятда қадимий эканлигини иботлади. Шу билан биргаликда ёзув маданиятининг ушбу шаҳарда эрадан олдинги мингинчи йилликларда шаклланиши бу ерда унинг астрономия илми ривожи учун замин бўлиб хизмат қилганлигини исботлади.

Астрономия илмини ўрганиш инсондан математик амаллар, алгебраик усуллар, геометрик тенгламалар, географик жадваллар асосида коинотни илмий тадқиқ этишни талаб қилади. Илмий тадқиқ этиш учун эса маълум бир жиҳозланган, илмий тадқиқотларни амалга оширадиган жой – расадхона бўлиши керак. Эрамиздан олдинги IV асрда бобиллик­лар учун расадхона вазифасини ибодатхоналар ёнида жойлашган алоҳида хоналар ўтаган, греклар эса астрономик кузатув жойлари барпо этишган. Хоразмда милоддан олдинги бир мингинчи йилликлар бошида астрономик кузатишлар зардуштийлар ибодатхоналаридаги махсус расадхоналарда амалга оширилган. Қўйқирилган қалъа­­да расадхона вазифасини шаҳар ўртасидаги марказий ибодатхона остидаги саккизта хона бажарган. Бу хоналар ибодатхонанинг остки қисмида жойлашган. Хоналар деворининг қалинлиги етти метрдан ошган. Уларнинг тўртта бурчагидаги шарқий, ғарбий, шимолий, жанубий хоналардан ташқарига турли ҳажмда туйнуклар очилган. Бу туйнуклардан баҳорий ва кузги тенгкунликларда, ёзги ҳамда қишки кун узунлиги ва қисқалиги пайтларида қуёш нури тушган. Бу нур саккиз хона ўртасидаги қудуқ ичини ёритган. Фасллардаги қуёш ҳолатлари ана шунга қараб аниқланган. Шу билан бирга туйнукли хоналар ўртасидаги оғиш бурчаги 23,5 градусга тенг қилиб ўлчаб олинган. Бу ўлчов бирлиги эндиликда астрономия илмида дунё миқёсида асос қилиб олинган. Ушбу туйнуклардан фақатгина қуёш ҳаракати эмас, ой ва юлдузлар ҳаракатлари ҳам кузатилган. Ибодатхонанинг ички қисмигина эмас, ташқи қисми ҳам расад ишлари учун мўлжаллаб, 360 градус айлана девори шинак­лар билан вақт ўлчови учун бўлиб чиқилган. Буларнинг бари аждодларимизнинг математика, алгебра, ҳандаса, физика, жуғрофия, астрономия илмларида етукликлари билан бирга, архитектура соҳасида ҳам буюк иқтидор эгалари бўлганликларини, уларнинг расадхона яратишдек улуғвор ишни бошлаб берганлик­ларини кўрсатади. Шунинг учун дунё қадимшунослари Қўйқирилган қалъа расадхонасининг астрономия илмидаги бошловчилик фаолиятига юксак баҳо берганлар.

Археологлар Қўйқирилган қалъада олиб борган қазишма ишлари натижасида бу ерда астрономик кузатишларда ишлатиладиган 40 дан ошиқ буюмларни топдилар. Бу буюмлардан аксарияти ҳунармандлар томонидан яратилган устурлоблардан иборат эди. Устурлоблар осмон жисмлари ҳаракатларини 15, 10, 5, 1 градус аниқликда ўлчаш имкониятига эга бўлган. Айтайлик, бу ердан топилган устурлоблардан бири фанда “Соқолли эркаклар боши” деб номланган. Бу қадимий устурлоб айланаси билан само жисмлари 2 градусгача аниқликда ўлчанган. Бундан ташқари, ушбу устурлоб хоразмлик­ларнинг йил ўлчови вазифасини ҳам бажарган. Улар йилни ҳозиргидек тўрт фаслга, 12 ойга эмас, 8 қисмга бўлишган. Устурлоб айланасидаги 8 та бош ана шу бўлинишни кўрсатган. Бу бўлиниш хоразмликларнинг деҳқончилик фаолияти, экин экиш даврини акс эттирган. Ҳар бир қисм ўртача 45-46 кундан иборат бўлган. Янги йил 21 март – Наврўз кунидан бошланганда бу бўлиниш қуйидаги тартибда кечган: 21 март – 5 май экин экиладиган пайт, 5 май – 21 июнь экин етиладиган, 21 июнь – 5 август экин пишадиган, 5 август – 21 сентябрь экин йиғиштириладиган, 21 сентябрь – 5 ноябрь далалар тозаланадиган, 5 ноябрь – 21 декабрь сув йўллари тозаланадиган, 21 декабрь – 5 февраль чилла, 5 февраль – 21 март далалар суғориладиган пайт ҳисобланган. Олимларнинг маълумотларига кўра, Қўйқирилган қалъалик астрономлар, Абу Райҳон Беруний ибораси билан айтганда “ахтарвеник”лар қадимда альфа марказ юлдузлар туркумига мансуб “Фомальгаут” деб номланган энг ёрқин юлдуз ҳаракатини 400 йил давомида кузатганлар. Улар ушбу юлдуз ҳаракатига қараб Амударёда сувнинг кўп ёки оз бўлиши, эрта ёки кеч келиши кабилар аниқлашган. “Фомальгаут” юлдузини араблар “Жануб балиғининг оғзидаги сўнгги томчи сув” деб номлаганлар. Бу ҳам ушбу юлдузнинг сув олами билан боғлиқлигини кўрсатади. Хоразмликлар эса ушбу юлдузни сув ва ҳосилдорлик маъбудаси Анахита номи билан боғлаганлар. 

Ёзма манбаларда антик давр қадимий Хоразм астрономия илми ёки Қўйқирилган қалъа расадхонаси хусусида аниқ маълумотлар берилмаган. Лекин улуғ аллома Абу Райҳон Беруний асарларида, хусусан, “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида қадимий Хоразм астрономия мактаблари фаолияти ҳақида кўп­лаб фактлар мавжуд. Жумладан, у асарида хоразмликларнинг йил ҳисоби эрамиздан олдинги 1292 йилдан бошланганини, Сиёвуш календари эса милоддан аввалги 1200 йилдан мавжудлигини қайд этади. Шунингдек, у хоразмликларнинг йил ўлчовлари сўғд, форс, рум, араб, яҳудий, насронийлар йил ўлчовлари билан тенг туради, деб таъкидлайди. Қадимий хоразмлик­ларда ой ва қуёш йили ҳисоблари мавжуд эди, деб ёзади. Ва ушбу йил ҳисобларининг бошқа халқлар йил ҳисобларига ўхшаш ва фарқли томонларини кўрсатиб беради. Абу Райҳон Беруний хоразмликлар ой йили календарларини яратишда ой уйлари деб аталган махсус жойлардан фойдаланганликларига эъти­бор қаратади. Шу билан бирга, аллома исломгача бўлган астрономия илми соҳасида хоразмликлар рум, араб ва бошқа халқлар астрономларидан устун эканликларини, улар астрономияни ҳаётга татбиқ этишда етакчи эканликларини таъкидлаб кўрсатади. Астрономия илмидаги бу муваффақиятларда, хусусан, Хоразм антик давр астрономия мактаби шаклланишида Қўйқирилган қалъадаги расадхонанинг хизматлари катта бўлган. Фақат бугина эмас, ушбу расадхона илмий мероси ўрта асрларда ал-Хоразмий, ал-Беруний, ал-Фарғоний даврида астрономия илмининг дунё миқёсида ривожига асос бўлиб хизмат қилди.

Қўйқирилган қалъа мамлакатимизнинг антик ва ундан олдинги давр тарихига оид кўплаб маълумотлар берувчи илм-фан марказларидан бири ҳисобланади. Унинг харобалари бағрида Хоразмда астрономия илмининг юзага келиши ва тараққий этиши, дунё илм-фанига қўшган ҳиссаси билан боғлиқ жараёнлар аксини топган. Демак, бу шаҳар тарихини тадқиқ этиш халқимиз олис ўтмишини, аждодларимиз илмий меросларини очиб беришга хизмат қилади.

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Конституциявий-ҳуқуқий макон яратилади

admin

Ишончни оқлаётган ноиблар

admin

Мурожаатлар ижобий ечим топди

admin