ADOLAT 24

Йўл ҳаракати қоидаларига эътиборсиз бўлмайлик!

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўта муҳим ва кечиктириб бўлмас масала муҳокама қилинди.

Эътибор беринг, биргина ўтган йили йўлларда 10 мингдан зиёд авария содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳатланган. Ҳар қандай кишини чуқур ўйга толдирадиган томони шундаки, 2,5 мингга яқин одам, шу жумладан 263 нафар бегуноҳ бола ҳалок бўлган. Бу ҳақиқатдан ҳам фожеадир. 

Йўлларда ўз автомашинам билан хизмат юзасидан кўп юраман. Ҳақиқатдан ҳам ҳайдовчиларнинг жуда кўпчилиги йўл ҳаракати қоидаларига мутлақо риоя қилмайди. Ҳаракат тезлиги 50 белгиланган жойда бемалол 80 билан, 70 белгиланган жойда эса, 100-110 билан хотиржам йўлида давом этаверади. Шу ўринда кишининг ғазабини қўзғайдиган икки ҳолат ҳақида алоҳида тўхталмоқчиман. Негаки, шахсан ўзим ҳам буни йўл ҳаракати давомида бир неча бор кузатганман. Айрим ҳайдовчилар шу даражада йўл ҳаракати қоидаларини билмайдики, ҳаттоки, йўл белгилари бўлган пиёдалар ўтадиган йўлакларда тўхтамасдан, автомобилини секинлатмасдан учириб ўтиб кетаверади. Иккинчи ҳолат светафорнинг қизил чироғи ёниб турган пайтда ҳайдовчилар ўта маданиятсизлик билан машина сигналини босаверади. Тўғриси, ўзим ҳам бош­қариб бораётган автомобилимнинг балони ёрилдими ёки эшиклар очиқ қолдими ё бош­­қа бир кўнгилсиз ҳолат юз бердими, деб аланглаб қоламан. 

Президентимиз жуда тўғри таъкидлаганларидек, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан сира ҳам кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш керак. Ўтказилган видеоселекторда бизнинг вилоятимиздаги Ғузор, Чироқчи йўлларида содир этилаётган авариялар давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида тилга олиб ўтилди. 

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, Сенат йиғилишларида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масъулларининг фаолияти ҳақиқатдан ҳам бирор марта ҳам кўриб чиқилиб, муҳокама қилинмаган. Биз, депутатлар бундан буён йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклифларимизни билдириб борамиз. Рақамлаштириш ишларини тезлаштиришни алоҳида назоратга оламиз. 

Президентимиз мамлакатимизда фаолият олиб бораётган автомактаблар фаолиятига ҳам жиддий эътибор қаратдилар. Ўзингиз ўйлаб кўринг, инсон ҳаёти билан ўйнашиб бўладими? Автомактаб­ларда тегишли ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўқишга топширган фуқаролар машғулотларга мутлақо келмасдан ҳужжат олиб кетаяпти. Бу эртага йўл қоидасини билмайдиган ҳайдовчи автомобиль бошқараётганда ҳам ўзининг, ҳам ўзганинг ҳаётини хавф остига қўяди-ку. Шу жиҳатдан Президентимиз топшириқларига асосан, уч ой муддатда вилоятимизда ҳам замонавий автомактаб ва имтиҳон марказларини ташкил этиш чораларини кўраяпмиз. 

Бундан буён ҳайдовчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни адолат тамойиллари асосида имтиҳон қилиш тизимини яратиш устида ҳам ишлар бошлаб юборилди.

Умуман олганда, партия фаоли сифатида айтишим керакки, Президентимиз ҳар биримиз ҳар куни дуч келадиган ўта муҳим ва долзарб масала – йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб бердилар. Буни амалга ошириш, жойларда ижросини таъминлаш бизнинг эркин ва фаровон ҳаётимиз, янги Ўзбекистонда осуда умр кечиришимиз гарови эканлигини унутмайлик.

Руиддин Раупов,

 халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Синовлар мавсумига тайёргарлик қандай?

admin

Автомактабларга лицензияни ким беради?

admin

Юртдошлари меҳрига сазовор инсон

admin