ADOLAT 24

“МАҲАК ТОШИ” Соҳибқирон “Тузуклар”да эслатган мезон бугун ҳам унинг тақдирида такрорланмоқда

Тарихда буюклик ёки машҳурлик рутбасига етишган шахсларнинг фаолияти зиддиятлар, ҳатто муросасиз ва кес­кин зиддиятларга тўла бўлади. Бунда орадаги вақт ва муносабатнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Бизнинг авлод бу борада каттагина “амалий тажриба”га эга бўлди: нуфузли олимлар, буюк ёзувчилар “тенгсиз, бетак­рор” деб улуғлаган доҳийлар замон бир айланиб, “тупроқ билан тенг” бўлиб қолди. Бу ўринда йўқсиллар доҳийси Владимир Лениннинг қисматини эслаш кифоя. 

Яқинда ижтимоий тармоқларда юртдошимиз (чунки бу одам ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида, аниқроқ қилиб айтсак, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида туғилган) Буюк Амир Темур ҳақида навбатдаги шов-шувлар жамоатчилик эътиборини тортди. Менимча, бу нарсага одатдаги ҳол, деб қараш лозим. Қолаверса, бағри кенг ўзбек “Мевали дархтга тош отилади” деган пурмаъно мақолни яратиб қўйибди (мевали экан, тош отишади, мевасиз бўлганда… Ҳар кимга “мевали бўлиш” насиб этсин!). 

Гапнинг нафсиламрини айтганда, тарихда Амир Темурдек зиддиятли шахс кам топилса керак. Бу зиддият фақат феъл-атворда эмас, муносабатда ҳам яққол кўринади. Юз йилдан ортиқ давом этган мустамлакачилик мафкураси эса мазкур зиддиятни яна ҳам чуқурлаштириб юборди. Шўро салтанати бу буюк зотни “кўмиб ташлаш” учун қанчалик чуқур хандақ кавламади, унинг устини қанчалар кўп ахлат билан ёпмади… 

Бугун нима бўлди? Аслида энг катта савол шу эмасми? Жавоб аниқ қаттол тузум ўзи қазиган чуқурга ўзи тушди. Соҳибқирон эса мустақиллик шарофати туфайли яна бутун талъати билан намоён бўлди, дўстларни кулдириб, душманларни куйдириб, мангу умрини давом эттирмоқда. 

Рост, буюк бобомизнинг дўстлари, уни тан олган, фахрланган кишилар қанча кўп бўлса, душманлари ҳам шунча кўп. Чунки дунёнинг қонунияти шундай – ҳамма тушунчанинг зидди бор. Якка ҳукмронлик фақат Яратганга хос, бу ҳолни ҳазратнинг ўзи ҳам тан олган. Сўнгги видо сўзи – авлодларига васиятида шундай калималар бор: “Оллоҳ таолодан умидим борки, гарчи гуноҳим кўп бўлса, бир жиҳатдан менга раҳмат қилғай – мазлумларни золимлар дастидан ҳимоя қилдим. Менинг давримда зўрлардан ожизлар зулм кўрмади…” 

Бобокалонимиз шахси атрофидаги гап-сўзларни тўғри тушуниш ва қабул қилиш учун ўша давр тарихидан бохабар бўлиш шарт. Кейинги йилларда бу мавзуда кўплаб китоб­лар яратилди, Соҳибқирон фаолиятига атрофлича баҳо беришга ҳаракат қилинди. Бу борада муқобил (яъни рақиб) тарафларнинг эътироз­лари ҳам ҳисобга олинган. Рости, бу билимлардан ҳеч қурса, бир чимдим бохабар бўлмасдан мазкур мавзуда фикр юритиш ҳам, билимсиз одамга бирор нарсани тушунтириш ҳам қийин. Баъзан шундай ҳоллар бўладики, баъзилар ўзим ёзган нарсаларни ўзимга бузиб, “расвосини чиқариб” айтиб берадилар ва билимдонлик­ларини намойиш қилмоқчи бўладилар. Хатоларига эътироз билдирилса, асло тан олмайдилар. 

Шуниси эътиборлики, Амир Темур тарихи ўз даврида ҳам, орадан йиллар ўтиб ҳам олимлар томонидан батафсил ёзилган, деярли ғуборли ўринлар қолмаган. Ҳатто уларнинг кўпини ҳазратнинг ўзлари ҳам ўқиганлар. “Темур тузук­лари” эса Соҳибқироннинг тўғридан-тўғри “ҳасби ҳоли”дир (Бундай ҳолат ҳукмдорларда камдан-кам учрайди). Бироқ бир истисно ҳолат бор: азбаройи қизиқиш(балки ҳавасдир ёки ҳасад!)нинг катталиги туфайли Соҳибқирон тарихи турли даражадаги муаллифлар томонидан такрор-такрор ёзилган, ҳатто “Темурнома” йўналишидаги халқ китоблари ҳам яратилган. Бу ҳол баъзан (ҳатто, кўп ҳолларда) ростдан ёлғонни ажратиш мумкин бўлмай қолишига олиб келади. Таассуфки, ёлғон аралашган китоблар равон ўқиладиган, зериктирмайдиган бўлади, чунки муаллиф ўзини эркин қўяди, истаганча бичиб-тўқийверади. Шунданми, кўпинча сохта китоблар машҳур бўлиб кетади. Худди Буюк Темур ҳақида Марсель Брион номидан эълон қилинган китобга ўхшаб…

 Демак, бу теран тарихни тушуниш учун маълум тайёргарлик керак ва далиллар ким томонидан баён этилгани каби уни қандай қабул қилишга ҳам боғлиқ. Умумий бир ҳақиқат шуки, ҳеч ким Амир Темурни илоҳийлаштирмоқчи эмас (бу ҳол ўз-ўзидан ширк, яъни Оллоҳга шерик топиш ҳисобланади) ва муаллифлар бунга йўл қўйишмайди. Ҳазрат ўз даврининг фарзанди эди, демак, унинг шахсида ўша даврнинг жами зиддиятлари мужассамлашган. Фавқулодда кучли шахс – даҳо сифатида ўша зиддиятлар яна ҳам чуқур, яна ҳам кўламдорлик касб этган.

Шу маънода буюк бобомиз таржимаи ҳолига доир қандайдир маълумот оммага тақдим этилар экан, уларнинг қанчалик илмийлиги, мантиқийлиги, холислиги муҳим. Шуниси борки, ўз даврида муҳтарам алломалар Шарафиддин Али Яздий, Низомиддин Шомий, Ғиёсиддин Али, Абдураззоқ Самарқандий, Натанзий, ибн Арабшоҳ сингари ўнлаб муаррихлар асарларида учрамайдиган маълумотлар, албатта, ғайриилмий, тўқима китоблардагилари эса муаллифнинг ё меҳридан, ё қаҳридан пайдо бўлган, деб ҳисоб­лаш жоиз. 

Шунинг учун янги далилни жамоатчиликка эълон қилаётган юртдошларимиз (масалан, Соҳибқироннинг бешинчи ўғли ҳақида ёки бошқалар) аниқ тарихий манбани кўрсатсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳақиқатан, бу буюк инсон фаолиятининг ҳали ўрганилмаган жиҳатлари жуда кўп. Демак, янги топилган далил хайрли мақсадларга хизмат қилиши мумкин. Мабодо таги пуч нарса бўлса, шов-шув кўтаришга эҳтиёж йўқ, уни бир хаёлкашнинг ижоди, деб қарашга тўғри келади. Бундай чалкашликлар бобомиз ҳаётлик чоғларидаёқ кўп учраган. Пойтахтдан йиллаб чиқиб кетган Соҳибқироннинг ўлими ҳақида хабар тарқалади. Бу шумхабарни эшитган кимлардир хафа, кимлардир хурсанд бўлади. Кутилмаганда буюк Темур зафарнишон қўшини билан пойтахт дарвозасидан кириб келади…

Яна бир истисно ҳол: Соҳибқирон Амир Темурнинг душманлари ҳар доим бўлган ва бу ҳол ҳамон давом этмоқда. Шундай буюк зот кимнинг ҳасадини қўзғамайди ахир! Мазкур ҳолни ким қандай қабул қилиши унинг эътиқодига, имонига, маслагига боғлиқ. Бу улуғ зот кимларнингдир шафқатига ёки марҳаматига муҳтож эмас, у ўз борлиғи (яхши-ёмони) билан асрларни ортда қолдириб, мангу яшайверади. Бунга шубҳа йўқ. 

Якуний гап шуки, турли видеолардан, яна бошқа триллерлардан хафа бўлмаслик лозим. Улар шу ҳолда бор эди, шу ҳолда ўзини кўрсатди. Дунё тан олган бу буюкликни мамлакат ўз ифтихорига айлантириб, етарли даражада шарафлаши ёки кўз юмиб туриши бутунлай бошқа масала. Гапнинг бўлари эса Буюк Темур шундай юксак қояки, унга отилган тошлар оралиқда қолиб кетаверади, шамоллар-довулларни писанд қилмай мағрур турган бу чўнг қояга муносабатда тоғнинг эмас, унга яқинлашган одамнинг бўй-басти аниқ бўлиб қолади. Энди ҳақиқатни тасдиқлашда буюк зотга муносабатга эмас, муносабат билдирганга баҳо берилади, чунки Буюк Темур шахси ҳар жиҳатдан ўз баҳосини олиб бўлган. Қадимда маҳак тошига сариқ металл уриб кўрилган ва шу воситада унинг мис ёки олтинлиги аниқланган. Таажжубки, ХХI асрда рост билан ботилни аниқлашда Соҳибқироннинг шахсияти маҳак тоши вазифасини бажараяпти.

Ҳаким САТТОРИЙ, 

ёзувчи, публицист

Tegishli xabarlar

ЙЎЛ ҲАММАНИКИ, МЕҲНАТИ БИЗНИКИ

admin

Газ ва электр тармоқларини кучли зилзила пайтида автоматик блоклаш тизими йўлга қўйилади

admin

«Бор меҳримиз сенга, акция давом этади болажон!»

admin