Биласиз, коррупция давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Унга қарши курашиш бутун дунё мамлакатларининг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда.
Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу борада яна бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Давлатимиз раҳбари ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди.
Президентимиз коррупцияга қарши кураш эълон қилганда, айримлар хаёлида яна катта минбарда айтилган умумий гап, деган фикр пайдо бўлди, айримлар эса буни охирги огоҳлантириш сифатида жиддий қабул қилмади. Лекин охирги йил натижалари, коррупцияга қарши эълон қилинган кураш Янги Ўзбекистон — очиқ Ўзбекистон амалиётига тўлиқ мос келишини кўрсатди. Давлат ташкилотлари ҳамда тадбиркорликнинг барча бўғинларида коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борилаётганлиги намоён бўлди.
Ноқонуний ишга қўл урган ўнлаб раҳбар ва тадбиркорлар ўзларининг қилмишларига яраша жазо олдилар ва энг муҳими, бу ҳолатлар очиқ-ошкора оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилиниши бошланди. Илгари бунақа қинғир иш учун жазо белгиланганда бу ишлар ошкор қилинмасдан ёпди-ёпди билан ўтиб кетарди ва натижада халқ нима учун у ёки бу раҳбар, тадбиркор ишдан кетганига турли тахминларни билдирарди.
Қувонарлиси, бу курашда жамият бефарқ эмас. Одамларимиз янгича фикрлашга ўрганишди. Маиший коррупцияга бефарқ бўлмаслик фикри шаклланди.
Очиқ айтиш керак, илгари баъзи ёшлар ишга-ўқишга киришда «танк»аси борлигидан фахрланишарди. Коррупция ҳолатлари, асосан, талабалик сафига қабул қилиш, ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, шунингдек, талабаларнинг ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклашда коррупция ҳолатлари кузатиларди.
Бугунги кунда бундай иллатларни келтириб чиқараётган омилларга барҳам берилди. Бунда, аввало, бугунги глобаллашув макони ва замонида барча соҳаларнинг электронлашуви муҳим омил бўлди. Бу эса ҳокимият органларининг халқ олдида шаффоф ва адолатли хизмат кўрсатиши, шунингдек, очиқлик ва қонунийлик принципининг бош мезони бўлмоқда.
Электрон ҳукуматнинг коррупцияни камайтириш учун аҳамияти илмий тадқиқотларда ҳам, сиёсий нуқтаи назарларда ҳам кенг эътироф этилган. Шу билан бирга, электрон ҳукумат ва коррупция ўртасидаги боғлиқликни ўзига хос даражада англаш мумкин.
Коррупцияга қарши муросасиз муҳитни яратиш жамоатчиликнинг кенг иштирокида амалга оширилмоқда. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, «Ишонч телефони» ҳамда ҳар бир вазирлик ва давлат идораларининг «ишонч телефонлари», «виртуал қабулхоналари» ташкил қилиниб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида барча даражадаги давлат раҳбарларининг «сайёр қабуллар» ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Энди вазият ўзгарди. Очиқлик принципи эълон қилинди. Энди айбдорлар нафақат жиноий жавобгарликка тортиляпти, балки бутун халқ олдида исми ва кирдикорлари ошкор этилиб, тегишли баҳоси бериляпти. Ушбу жиноятларни очиқдан-очиқ эълон қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича амалий ишларни якунига етказиш ҳамда унинг илдизига болта уриш учун давлат раҳбаримизда катта истак ва кучли сиёсий ирода мавжудлигини кўраяпмиз.
Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз кечаги ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий. Шу нуқтаи назардан, ушбу иллатга қарши биргаликда муросасиз курашишимиз шарт ва зарур.
Собир ТУРСУНОВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
педагогика фанлари доктори