ADOLAT 24

Депутатлик гуруҳларида ишонч оқланмоқда (Бухоро, Тошкент, Сурхондарё вилоятлари мисолида)

Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари фуқаролар муаммоларини ўрганиб, уларга ижобий ечим топишда фаоллик кўрсатишмоқда. Депутатлик гуруҳи томонидан мафкуравий ва дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган бир қатор партия лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.

Аҳолидан келиб тушган мурожаатлар ҳамда партия лойиҳалари доирасида олиб борилган ўрганиш­лар давомида аниқланган муаммолар юзасидан 2021 йилда халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши сессияларига жами 5 та масала, доимий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига 27 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижроси юзасидан депутатлик назорати олиб борилди. Шунинг­дек, фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга 53 та депутатлик сўровлари чиқарилиб, ижроси назоратга олинди.

Депутатлар ҳар бир мурожаатга эътиборни қаратар экан, шубҳасиз, муаммоларга ўз вақтида ечим топилишига эришмоқдалар. Жумладан, депутатлик гуруҳи раҳбари Карим Бобомуродов томонидан ўтган йил давомида 10 та депутатлик сўрови чиқарилиб, барчасига ижобий ечим топилишига эришилди. Депутат сўровларидан ташқари оғзаки мурожаатлар бўйича ҳам бир қатор муаммолар ўз ечимини топди. Жумладан, иш билан бандлик, тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар, моддий ёрдам, сув, газ масаласи, транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини чеклаш каби турли масалалар бўйича аҳоли мурожаатлари қаноатлантирилди.

Хусусан, биринчи гуруҳ ногирони Гулбар Баҳромованинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, ҳомийлар ёрдамида унга 5 миллион сўм маб­лағ ажратилди ва бепул даволаниши учун Тошкент шаҳрига йўлланма олиб берилди. Ёлғиз яшовчи фуқаро Мамашариф Эсановнинг уйини таъмирлаш масаласида қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, ҳомий ташкилот ёрдамида фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди. Депутат Карим Бобомуродов тумандаги “Жилвон” МФЙ раиси билан ҳамкорликда маҳалладаги кам таъминланган оилалар ҳамда беморлар ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди. Икки нафар фуқарони уй билан таъминлаш учун ер-жой ажратишга кўмаклашилди.

Депутат Амрулло Авезов ташаббуси билан тумандаги Шароф Рашидов маҳалласи 2021 йил “Обод маҳалла” Давлат дастурига киритилиб, маҳалла обод ва кўркам қиёфага келди. Депутат томонидан “Шароф Рашидов” МФЙ ҳудудидаги “Деҳқонобод” қишлоғида яшовчи фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан тегишли ташкилотлар билан олиб борилган ишлар натижасида хонадонларга “Ўзтелеком” боғланмасининг телефон линиялари ўрнатилиб, интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти яратилди. Тумандаги “Янгиобод” қишлоғида қўшимча 12 та электр симёғочлари ўрнатилиб, қўшимча трансформатор ўрнатилишига эришилди.

Депутат Ҳазрат Мавлонов томонидан партиянинг “Биз коррупцияга қаршимиз” лойиҳаси доирасида туман Мактабгача таълим ташкилоти ходимлари, туман тиббиёт бирлашмаси ва Халқ банки ходимлари учун “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Шунингдек, депутат Ҳ.Мавлонов ҳомийлар билан биргаликда тумандаги “Қумбости” қишлоғидаги 41-сон мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларига ва “Феруза ёғду-2019” давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларига совға-саломлар улашди.

Туман кенгаши депутати Назира Раҳматова томонидан “Куришкент” МФЙ ҳудудидаги фуқароларнинг мурожаати асосида 15 та хонадон газ баллонлар билан таъминланди. Депутат ташаббуси билан “Хотин-қизлар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш – соғлом ва адолатли жамият гарови” мавзусида давра суҳбати ҳамда партиянинг “Бор меҳримиз сенга, болажон!” лойи­ҳаси доирасида донорлик акция­­си ташкил этилди.

Депутат Зулфия Ашурова кўмаги билан партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида “Қалмақон” МФЙ аҳолиси иштирокида ўтказилган учрашувда келиб тушган мурожаатлар асосида ҳудуддаги Ф.Хўжаев ва “Истиқлол” кўчаларининг ички йўллари, “Наврўз” кўчасидаги қабрис­тон йўлаги асфальт қилинди ҳамда ушбу кўчага тунги чироқлар ўрнатилди. Шунингдек, ҳудуддаги “Нав­рўз” ва Ф.Хўжаев кўчаларида замон талабига мос келадиган замонавий кўприклар қурилишига эришилди.

Депутатлар томонидан сайловчиларга бўлган эътибор – партия ва депутатлар фаолиятига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Шу билан бир қаторда халқни қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топиб, инсонлар мушкули енгиллашади. Шундай экан, депутатлик гуруҳи аъзолари халқ манфаати йўлида амалий ишларни тизимли йўлга қўйган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириши ижобий самара келтириши шубҳасиз.

Бухоро вилояти

кенгаши матбуот хизмати

МУЛОҚОТДА МУАММОЛАР ОЙДИНЛАШДИ

Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши депутати Дониёр Юсупов ўз сайловчилари билан навбатдаги учрашувини ўтказди.

Депутат 2021 йил якунлари бўйича сайловчилари олдида ҳисоб бериб, халқ ноиби сифатида аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг кўриб чиқилганию, ижобий ечимлари ва ечилмаган муаммоларнинг сабаблари тўғрисида маълумот берди.

Учрашувда ҳудуддаги “Маърифат”, “Фидокор”, “Мирзо Улуғбек” маҳаллалари раис ўринбосарилари, янги тайинлаган ҳоким ёрдамчилари ва маҳаллалардаги кўчабошилар, фаоллар, оқсоқоллар иштирок этишди.

Сайловчилар билан очиқ мулоқот эркин савол-жавоб тарзида кечди. Шунингдек, депутат 2022 йил режалари, маҳаллалар аҳлини қийнаётган муаммолар билан ҳам ўртоқлашди. Кўп йиллардан бери эътибордан четда қолиб келаётган ички кўчаларга асфальт ётқизиш, эскирган сим­ёғочларни янгисига алмаштириш, трансформатор ўрнатиш, “Мирзо Улуғбек” маҳалласидаги “Бинокор” ва “Қорамурт” кўчалари кесишмасига светофор ўрнатиш бўйича мурожаатлар ечими ўрганилди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 26 январдаги “Туман (шаҳар) бюджетлари маб­лағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори мазмун-моҳияти йиғилганларга тушунтирилди.

Ташаббусли бюджет жараёнида фуқаролар томонидан “офлайн” тарзда иштирок этиш тартиби бекор қилиниб, интернет тармоғига уланиш имконияти мавжуд бўлмаган шахслар учун маҳалла ва овулларда ташкил этилган “Ташаббускорлар бурчаги” орқали ўз таклифларини билдиришлари ёки овоз беришлари жорий этилаётгани ҳақида маълумот берилиб, шу ернинг ўзида ҳар бир маҳалладаги энг долзарб масалалар муҳокама этилди ва кўпни кўрган нуронийлар билан келишилган ҳолда ҳар бир маҳалла томонидан “Очиқ бюджет” портали орқали таклифлар қолдиришга келишиб олинди.

Ҳисобот учрашувининг давоми сифатида, қилинган мурожаатлар жойига бориб ўрганилди. Айнан муаммо сифатида кўтарилган светофор масаласининг қай даражада жиддий эканлиги масъуллар билан биргаликда текшириб кўрилди. Депутат масала юзасидан “Қибрай йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси раҳбари Ш.Зайниддиновга депутат сўровини юборди.

Тошкент вилояти кенгаши 

матбуот хизмати

Кўчалар обод бўлмоқда

Халқимизда “Йўл қуриш — савоб” деган нақл бор. Дарҳақиқат, кичик бир йўл ёки кўприк бунёд этилиши туфайли қанчадан-қанча одамлар мушкули осонлашиб, манзили яқинлашади. Айни кунларда носоз йўлларни созлаш, айниқса, қиш­лоқлардаги таъмирталаб йўллар, ички йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари жадал суръатларга кирганлиги эътирофга лойиқ. Айниқса, бу борада депутатларимиз томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги эса қувонарли ҳолдир. 

Хусусан, халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутати Қумриддин Насриддинов ҳам шундай савобли ишга бош қўшган депутатларимиздан бири. Унинг ташаббуси билан тумандаги “Шарқ юлдузи” МФЙдаги 2,5 километр узунликдаги ички йўлларга шағал ётқизилди. 

Депутат аҳоли мурожаатларини ўрганиб, туман “Йўлқурилиш” ДУК корхонаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборди. Мутасаддилар томонидан депутат сўровига жавобан шағал ётқизиш ишлари тезда ҳал бўлиши билдирилиб, айтилганидек, тез орада муаммо барҳам топди. 

Ана шундай савоб ишларга бош қўшаётган халқ ноибларидан яна бири халқ депутатлари Бандихон туман Кенгаши депутати Эркинжон Жўраевдир. У зиммасидаги масъулиятни яхши англаган ҳолда туман аҳолиси муаммоларини ўрганиб, савобли ишларни мунтазам бажариб келаётган фаол депутатлардан бири саналади. Депутат фаолияти давомида аҳоли билан учрашувларда “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинидаги муаммолардан бири – таъмирталаб ички йўллар муаммосини ҳал қилди. Қувонарлиси шундаки, депутат мазкур маҳалладаги 1,5 километр узунликдаги ички йўлларга тош ётқизиб, маҳалла аҳлига қулайлик яратиб берди. 

– Ушбу муаммо юзасидан ўзимиз ишонч билдирган депутатга мурожаат қилишга қарор қилдик. Ўз фаоллиги, жонкуярлиги билан сайловчилар ишончини қозонган депутат бу масалани ижобий ҳал қилишга астойдил киришди. Депутатимиз томонидан депутатлик сўрови чиқарилди. Депутат мазкур масаланинг қисқа муддат ичида тумандаги сектор ва мутасадди раҳбарларга нечоғлик долзарб эканлигини тушунтира олди. Натижада муаммо ўз ечимини топди. Ниҳоят депутат ташаббуси билан кўчанинг 1500 метр қисмига тўлиқ тош-шағал қоп­ламаси ётқизиб берилди – дейди “Наврўз” МФЙ раиси Умурзоқ Мавлонов. 

Аҳоли томонидан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат назоратга олинаётганлиги, уларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинаётгани жойларда фаолият олиб бораётган партия фаоллари ва депутатларимизнинг аҳоли ишончини қозонишига ҳамда электорат вакиллари ва кенг жамоатчилик ўртасида партиянинг сиёсий обрўси янада ошишига ҳисса қўшиши табиий.

Гулшод Турсоатова,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Мулк ҳуқуқи янада мустаҳкамланади

admin

ОДДИЙ ОДАМЛАР БИЛАН КЎПРОҚ МУЛОҚОТ АСОСИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ҚАРОРЛАР ИСТИҚБОЛЛИ БЎЛАДИ

admin

Энди деҳқон ғалласини биржада сотади

admin