ADOLAT 24

Чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлиги таъминланади

Ўзбекистоннинг бетакрор табиати, серхосил тупроғи ва ўзига хос иқлим шароити барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам улкан натижаларга эришиш имконини беради. Шу боисдан, мамлакатимизда соҳани ҳар томонлама тараққий эттириш орқали йилнинг тўрт фаслида ҳам аҳолини сифатли ва арзон нархлардаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Сўнгги беш йилда соҳага янада кўпроқ эътибор қаратилиб, унинг барча босқичларига замонавий илм-фан технологиялари кенг жорий қилинди. Ҳар бир ҳудуднинг туп­роқ-иқлим шароитлари ва сув билан таъминланганлик ҳамда бошқа омиллари эътиборга олиниб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутган соҳа – чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, соҳада илғор технология­ларни кенг қўллаш орқали аҳолининг кундалик эҳтиёжида муҳим аҳамиятга эга бўлган гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш миқдори оширилди.

Бу эса, ўз навбатида мамлакат аҳолисининг 60 фоизидан ортиқ қисми яшаётган қишлоқларнинг фаровонлик даражасини юксалтириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Шунингдек, соҳа тараққиётини таъминловчи бир қатор қонун ҳужжатлари ва стратегиялар ишлаб чиқилди. Жумладан, “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривож­лантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармонлари, Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

Аммо бугунги пандемия, иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги ва табиат инжиқликлари каби омиллар соҳада амалга оширилаётган изланишларни янада жадаллаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини сақлаб қолиш учун авваламбор соҳада ресурс тежовчи технологияларни кенгроқ қўллашни талаб этмоқда.

Шу боис 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда уни 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида бир қатор мақсад ва вазифалар белгилаб олинган.

Хусусан, соҳада ишга солинмаган янги имкониятларда фойдаланиш орқали 2022 йилда чорвачилик йўналишида камида 300 минг, қўй-эчкичиликда 150 минг, пиллачиликда 1,2 миллион, жами 1 миллион 650 минг янги иш ўринларини яратиб, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Бу ташаббус келгуси беш йилда камбағалликни камида 2 бараварга қисқартиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, соҳада илғор технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган видеоселектор йиғилишида ҳар бир вилоят ва туман-шаҳар кўрсаткичлари чуқур таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Таҳлилларга кўра, 2019-2021 йилларда чорвачилик бўйича 8 турдаги субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилиб, 4,5 мингга яқин лойиҳани амалга ошириш учун 15 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилган. Аммо якунда ҳар бир ҳудудда соҳа масъуллари томонидан ўз вақтида етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги сабаб республика бўйича ҳар 2 кишига ўртача 1 та қорамол тўғри келмоқда. Жумладан, бу кўрсаткич Наманган, Фарғонада 4 кишига 1 та, Тошкент вилояти ва Сурхондарёда 3 кишига 1 тани ташкил этган бўлса, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган ва Сурхондарёда йирик чорвачилик хўжаликларининг сони қолган ҳудудларга нисбатан 1,5-2 баравар кам эканлигини кўрсатмоқда.

Шу боис, йиғилишда кооперация орқали чорвани кўпайтириш вазифаси қўйилди ва намунали тажрибалар кўрсатиб ўтилди. Жумладан, бугунги кунда Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида “Тошматов Нормўмин” фермер хўжалиги Вори қишлоғидаги хонадонларга қорамол, қўй-эчки тарқатиб, аҳолидан сут ва гўшт маҳсулотларини сотиб олмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги “Тахиатош Чикенс” корхонаси хонадонларга хонаки парранда бериб, улардан инкубацион тухум сотиб олишни йўлга қўйган.

Келгусида ушбу тизим барча вилоят ва туманларда жорий этилиши белгилаб берилди. Бунинг учун жорий йил февралдан бошлаб, хорижий кредитлар 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади, кредит фоизининг 14 фоиздан юқори қисмига компенсация ҳамда кредит суммасининг 50 фоизига кафиллик берилади, гидропоника усулида озуқа етиштириш учун ускуналар харажатининг 20 фоизи қоплаб берилади.

Шунингдек, аҳолига ҳоким ёрдамчилари тавсия­­си асосида, 50 миллион сўмгача гаров таъминотисиз наслли қўй ва эчки харид қилиш, сут, гўшт ва жунни қайта ишлаш ҳамда ем тайёрлаш цехлари ташкил этиш учун имтиёзли давр билан кредитлар ажратилади. Аҳолига кооперация асосида 350 минг бош қўй ва эчки тарқатилади. Ушбу мақсадлар учун эса 100 миллион доллар маблағ йўналтирилади.

Албатта, кўзланган натижалар самарасига эришишда барча соҳада бўлгани каби илм-фан ва илғор тажрибанинг жорий этилиши муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ваколатлари кенгайтирилиб, унда аҳоли ва фермерлар қисқа муддатли курсларда ўқитилади.

Хулоса қилиб айтганда, келгуси беш йилда чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромади оширилиб, аҳолимиз турмуш фаровонлиги тўлақонли таъминланади.

Дилрабо ХОЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик  палатасидаги “Адолат” СДП 

фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ИҚТИСОДИЁТ СОҲАЛАРИ УЧУН КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ    ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

ҚЎЙҚИРИЛГАН  ҚАЛЪАНИНГ ҚАДИМ СИРЛАРИ (иккинчи мақола)

admin

Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

admin