ADOLAT 24

Ҳомиладорлар ҳуқуқлари: қандай имтиёзлар бор?

Ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни (тегишинча уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб) ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш деб топилади. 

Меҳнат кодекси, 78-модда

Уларни ишга қабул қилишни рад этиш ва иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Бунда ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишининг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Меҳнат кодекси, 224-модда

Ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга дастлабки синов белгиланмайди. 

Меҳнат кодекси, 84-модда

Қонунчиликка кўра, йиллик асосий таътил ходимларга биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Лекин аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин, уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади.

Меҳнат кодекси, 143-модда

Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади.

Ҳомиладор аёлга енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунга қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим.

Меҳнат кодекси, 226-модда

Аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар, аёлга тўлиқ нафақа берилади.

Меҳнат кодекси, 233-модда

Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйил­майди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади. 

Меҳнат кодекси, 228-модда

Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйил­майди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни, албатта, ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегиш­ли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи юқорида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.

Меҳнат кодекси, 237-модда

Лобар РОЗИМОВА,

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази 

масъул ходими

Tegishli xabarlar

ТОВАРЛАРНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ХИЗМАТЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Муаммолар бартараф этилмоқда

admin

Қардош икки миллат дўстлиги абадийдир

admin