ADOLAT 24

Маҳаллий кенгашларда томлар бутланди (Хорзам, Фарғона, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари мисолида)

Партиянинг Урганч шаҳар кенгаши раиси, депутат Рустам Болтаев ҳамда партия вилоят кенгаши депутатлар билан ишлаш бўйича ижрочи котиби Жамолбек Абдуллаев шаҳардаги “Олимпия” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг яшаш шароитлари билан танишишди ва ўрганиш ишлари олиб боришди. 

Маҳаллада жойлашган кўп қаватли уйларнинг том қисмининг таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани боис чакка ўтаётгани тўғрисида мурожаат бўлди. Мазкур масала юзасидан маҳалла ширкатига бир неча бор қилинган мурожаатлар жавобсиз қолгани айтилди.

Депутат Рустам Болтаев муаммонинг ечимини топишга киришди. Ширкат раи­си билан гаплашганидан сўнг, уни бартараф этиш чоралари бошлаб юборилди. Эндиликда маҳалла аҳолиси чакки ўтишидан азият чекмайдиган бўлди.

Шунингдек, мулоқотлар жараёнида бандлик, тиббиёт ва бошқа масалалардаги камчиликларни ҳам депутат эътиборга олди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Ёшлар саноат зонаси электр тармоўига уланади

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров 5 февраль куни Сўх туманига қилган ташрифи чоғида Қайроқ сув станциясининг тоғ чўққисидаги сув ҳавзасини кўздан кечирди. Ишларни сифатли бажариш ва белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш бўйича масъулларга топшириқ берди.

Ҳудуддаги ҳолат билан танишиш чоғида вилоят раҳбарига халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Субҳонали Нишонов маҳаллалардаги ёшлар саноат зонасида электр билан боғлиқ масала ҳал этилмаганлиги сабаб қурилиш ишлари ортга сурилаётганлигини билдириб, мурожаат қилди.

Ушбу масалани зудлик билан бартараф этиш бўйича вилоят раҳбари электр соҳасининг вилоятдаги масъулларига топшириқ берди ҳамда муаммони бартараф этиш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 242 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Фарғона вилоят кенгаши матбуот хизмати

“Қорахон”га сув келади

Ҳудудларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш, очиқ мулоқотлар ўтказиш орқали аҳолини ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чоралари кўрилаётгани фуқароларнинг турмуш шароити яхшиланиб бораётганида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутатлари саъй-ҳаракати билан тумандаги “Қорахон” маҳалласи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланаётанлиги ана шундай хайрли ишлардан бири бўляпти.

Аҳоли билан учрашувлардан бирида фуқаролар билдирган мазкур масала юзасидан туман депутатлик гуруҳи аъзоси Чори Муродов ташаббуси билан маҳалладаги мавжуд сув иншоотларини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилишга доир лойиҳа ишлари якунланиб, аҳолига тоза ичимлик суви келтириш муаммоси ҳал этиляпти. 

Айтиш жоизки, айни пайтда депутат ташаббуси билан маҳалладаги сув қудуғини таъмирлаш ва сув насоси ўрнатиш, мавжуд сув минорасини таъмирлаш ва бир неча километр масофадаги яроқсиз ҳолга келиб қолган сув қувурларини алмаштириш ишлари бажарилди. Бу ишларни амалга ошириш учун туман ҳокимлиги ҳомийлиги остида маблағ ажратилди. Молиялаштирилган маблағ ҳисобидан сув насоси ва унга тегишли электрокабеллар, сув қувурлари ҳарид қилинди, тумандаги “Сувоқова” унитар корхонаси томонидан қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Натижада “Қорахон” маҳалласининг 100 дан ортиқ хонадони тоза ичимлик суви билан таъминланадиган бўлди.. 

– Қарийб 20 йилдан буён маҳалламизда ичимлик суви муаммоси ечим топмай келаётган эди, – деди “Қорахон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, меҳнат фахрийси Абдуллажон Абдулхайиров. – Шу пайтгача маҳалламиздаги бешта кўчадан атиги биттаси ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, қолган 4 та кўчада яшовчи аҳоли сувни узоқ масофадан ташиб келишларига тўғри келган. Шукр­­ки, қолган кўчаларга ҳам ичимлик суви келтирилиши кутиляпти. Ҳозирда ҳар бир хонадонга сув жўмрак­лари ўрнатилмоқда. Бундан маҳалладошларимиз хурсанд. 

Денов туман депутатлик гуруҳи режасига кўра жорий йил охирига қадар тумандаги ўндан ортиқ маҳаллага янги сув тармоғи тортилиши, қатор сув қудуқларини таъмирлаш ва янгиларини ўрнатиш мақсад қилинган.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳа

Жорий йилнинг 2 февраль куни Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги дарахт кўчатларини экиш ишларига барча фуқаролар фаол иштирок этмоқда. Хусусан, “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов бошчилигида вилоят ходимлари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоят Кенгаши боғига 20 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бундан кўзланган асосий мақсад туман ва шаҳарларда ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш бўлиб, ҳудудни яшил маконга айлантиришда ташаббускорлик кўрсатишдан иборат. 

Видеселекторда Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир эмас”. Дарҳақиқат, яшаб турган жойимизни озода сақлаб, биздан кейинги авлод ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун бугун биз табиатга меҳр ва эътибор берсак келажак авлод ҳам муносиб экологик шароитда яшайди. Бунинг учун биздан талаб қилинадиган биргина нарса, табиатни тоза сақлаган ҳолда ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш ҳамда дарахт кўчатларини экиб, боғ яратишдир. 

Бухоро вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Жалолиддин РУМИЙ: СУЛТОНГА ДАРС БЕРГАН ҚУЛ

admin

ИНСОН БАХТ-САОДАТИ САЛОМАТЛИКДА 

admin

УСТОЗ отамиздек УЛУҒ эмасми?!

admin