ADOLAT 24

Шундай яшар одатда одам…

Айтишларича, баланд-баланд тоғлар тепасида “алпқўнғироқ гули” деган гул ўсар экан. У ўзидан шундай ҳарорат чиқарар эканки, атрофидаги қорлар ҳам бу тафтдан эриб кетар экан. Натижада бошқа ўсимликлар ҳам ундан улги олиб, баҳорнинг келиши тезлашар экан. Менинг назаримда, ҳозир ҳикоя қилмоқчи бўлган устозим ана шундай инсонлардан бири, унинг шу заминга, юртдошларига меҳри шунчалик кучлики, бу меҳрдан дунё ранг ва куч-қувват олади. 

Зеро, мутахассислар ҳисоблашича, одам боласида 700 дан ортиқ эзгу хислатлар бор экан. Агар инсон шу фазилатлардан беш-олтитасини ўзига абадий йўлдош қилиб ола билса ҳам, ҳаёти нуру зиё­­га тўлади. Чунки дунё яхшилар билан обод. Зеро, ҳар бир инсон ўзи кўрган яхшиликларни бошқаларга ҳам улашади, чор атрофдан улги олади, кимлардандир ибрат олиб яшайди ва бу фалакнинг азалий қонуниятларига айланган. 

Шукрки, мен ҳам ўз ҳаётимда яхши устозларга кўп учрадим, улар билан ҳамнафас бўлиш асносида қалб жавҳарининг аслида ёвузлик­лар олдида бўлинмаслигини, ҳар ким ўзи ҳавас қилган, севиб ардоқлаган тамойиллар асосида яшаса, ҳаётидан топадиган асосий таскин шу эканлигининг гувоҳи бўлдим. Устоз Тоштемир Турдиевни ҳаётимда учраган яхшилардан бири, қадри баланд устоз эканлигини алоҳида эътироф этгим келади.  

Мен ҳам, устоз Тоштемир ака ҳам тоғлар бағридаги Вахшивор кенгликларида улғайганмиз. Ёшлик йилларимдан буён устоз­­ни ҳамқиш­лоқларим “бизнинг қиш­лоқдан чиққан катта одам, биринчи олимлардан бири”, деб таърифлашган. “Тирик олим қандай бўлар экан-а”, деб қизиқар эдим. Шу боис ёшлик йилларимдаёқ устоз­­ни йўқлаб ҳузурларига отам билан борганман. Илк шеърларимни кўрсатиб, маслаҳат ва ўгитларини олганман. Қарийб ёшлик йилларимдан буён устознинг эл ободлиги йўлидаги тинимсиз меҳнатини, Сурхон тарихи ва маданиятини, маънавий тафаккури ҳамда адабиётини янада камол топтиришдаги заҳматларининг гувоҳи бўлиб келаяп­ман. 

Энг ҳавас қилганим – устоз ҳақиқий ватанпарвар одам. Қаерда бўлмасин, шу Ватан тарихини, эзгу қадриятларини бошига кўтаради, бизларни ҳам шунга ундайди. Гарчи ўзим мактабни битиргач, Тошкентга кетган бўлсам-да, Деновга, устоз­нинг ҳузурига ҳар борганда, у кишининг янги-янги ибратли ишларининг гувоҳи бўламан. У кишининг эзгу ишлари ҳақида одамлардан, ҳамқиш­лоқларимдан кўп эшитаман. Бир қарасангиз, эринмасдан ойлаб бахшиларнинг ёнида бўлиб, “Алпомиш” достонини ёзиб олаётган бўлади, бир қарасангиз, Хожа Алоуддин Аттор қадамжоси ёки Саид Оталиқ мадрасасининг таъмири учун жон куйдираётган бўлади ёхуд шоира Раъно Узоқова ижоди бўйича материал тўплаётган бўлади. Дам Кушон ва Бақтрия, Чағониён тарихини ўрганаётган олимларга ҳамнафас бўлиб, археология билан шуғулланаётган бўладилар. Ҳатто япон олими Кото Кюдзонинг ҳам илмий изланишларига йиллаб беминнат ёрдам кўрсатганлар. Шу билан бирга ўзини устоз тутиб, ҳузурига келган ёшларга ҳам ўгит ва маслаҳатлар беришдан чарчамайди. Мен ҳам шулардан бири бўлганман.

Устозга ҳавас қилиб, мен ҳам номзодлик диссертациясини ҳимоя қилмоқчи бўлган пайтларимни эслайман. Қўлим жуда калта эди, яримта штатда ойнаи жаҳонда ишлайман, тузукроқ ойлигим ҳам йўқ. Ана шу кезларда мен, оддийгина илм толибига устоз қўлидан келганича ёрдам жўнатдилар, маънавий-руҳий мадад бериб турдилар. Худога шукрки, илмий ҳимоям яхши ўтди. Ҳар сафар Деновга борсам, “шогирдим келибди” д­ей­диган устознинг қувончларининг гувоҳи бўламан, илиқ меҳрини ҳис қиламан. Қийналганимни билиб, қўлимга йўлкира тутганларини миннатдорлик билан эслайман. 

Менинг энг кичкина ютуғимдан ҳам қувониб, ташвишим бўлса, аритишга ҳаракат қилувчи, бизни юксак келажакка чорловчи қалби дарё инсон Тоштемир Турдиевдек устозим олдида таъзим қилсам арзийди. 

Мен у кишини маънавият жадиди, юртимиз тарихи ва маданиятининг улкан билимдони, маънавиятимизнинг етук нигоҳбони деб биламан. Ўтган йиллар давомида Тоштемир ака метин ирода соҳибига айланди. Оғир ўтган болалик йиллари ҳам, ота-онадан етим қолган кунларида исиниш учун бироз ўтин жамлаганда бошқалардан еган калтаклари ҳам, очлигу қийинчилик кунларида “оши ҳалол” деб кўчада боққан подасининг ҳақини сўраб юрган чўпон боланинг азоб­лари ҳам, талабалик йилларидаги қийинчиликлар ҳам унинг метин иродасини бука олмади. Қайтанга янада бардошли қилди. Бухоро давлат университетидаги устози Тош­пўлат Ҳамиддан олган тарбияси ҳам, дўс­ти Хушбоқ Раҳим билан ўтган ёшлик йиллари ҳам, тош бўлса кемириб, сув келса симириб ўтган онлари ҳам уни янада қувватли ва курашчан қилди. Бугун Деновимизда бир яхшилик, эзгу иш бўлса, кўпинча устоз­нинг ҳиссаси борлигини эшитиб қоламан ва ажаб­ланмайман. Чунки “шундай яшар одатда одам…” 

Гарчи бу ерда устоз ҳақидаги сўзларимни мухтасар қилган бўлсамда, аслида, у кишининг бир қалин китоб ёзгулик эзгу ишларини билар эканман. 

Устоз Тоштемир Турдиев Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, 1997 йили Хушбоқ бахши Мардонақул ўғлидан “Алпомиш” достонини ёзиб олиб нашр эттирган. “Фозил Йўлдош ўғли”, “Мингбоғ жамоли”, “Денов – авлиёлар назари тушган юрт,” “Шажара”, “Ёш авлодни тарбия қилишда халқ оғзаки ижодиётининг роли”, “Алоуддин Аттор – нақшбандия тариқатининг йирик намоёндаси”, “Раъно Узоқова,” ”Сайланма”, “Денов тафаккур чароғлари” каби китоблари дунё юзини кўрган. Юзлаб илмий мақолалари чоп этилган. Тоштемир акани ҳар томонлама барчамизга ўрнак бўла оладиган устозимиз, десам муболаға бўлмайди.

Ривоятда айтиладики, “Ким билан дўст тутинай?” деб сўраган кишига Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тус­тарий ҳазратлари “Илм аҳли билан” дея жавоб берган экан. “Агар сен ғафлат ва жаҳолат зулмати туфайли бир кишини таний олмаётган бўлсанг, диққат қил, инсонлар бу кишини устоз ўрнида кўриб, дўстлашмоқдаларми? Агар бу киши бир комил инсон билан дўст тутинган бўлса, демак, бу киши ҳақиқатан ҳам камолот йўлида бўлган кишидир”… Шу маънода устозимизга эргашганлар асло кам бўлмайди.

Шундай инсонлар борки, бир йилда асрга татигулик ишлар, кашфиётлар, бунёдкорликлар ва эзгуликлар қилиб улгуради. Одамлар бор, шу қисқа умр давомида савоб ишларга қўл урадилар, боқий асарлар яратадилар, илм билан шуғулланадилар, яратадилар, кашф этадилар. 

Ҳа, ҳаёт ёниб яшаш учун берилган. Инсон уни ўз фазилатлари, ўз бахти, ўз эзгу ишлари билан безайди. Ва ҳар бир инсон, албатта, ўзига берилган ушбу ҳаётини мазмунли ва бахтли, аниқ бир мақсадни кўзлаган ҳолда ўтказишга ҳақли! Тоштемир Турдиев ана шу ҳақдорликни чуқур тушунган устозларимиздан бири. Устозимизнинг саксон ёши қутлуғ бўлсин. Илоҳим умрлари узоқ, ризқлари зиёда бўлсин.

Гуландом ТОҒАЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

филология фанлари номзоди

Tegishli xabarlar

Халқ ишончини қозониш осон эмас

admin

Мурожаат қилиш тартибини биласизми?

admin

ТЕРГОВДА АЙБЛАНГАН ШАХС судда оқланди

admin