ADOLAT 24

Депутатлар муаммоларни ҳал қилишмоқда (Хоразм, Қашқадарё, Самарқанд вилоятлари)

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев хонқалик сайловчилари билан учрашиб, уларнинг яшаш шароити, ўйлантириб келаётган муаммолари билан қизиқмоқда. Аниқланган муаммолар депутатнинг ёрдами билан бирин-кетин ижобий ечимини топмоқда. 

Депутатга туман ҳокими Муродбек Давлетов, туман молия бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларининг ҳамроҳлик қилаётгани ўрганиш ишларининг самарадорлигини янада кучайтираётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Хусусан,  “Ойдин ҳаёт” маҳалласида яшовчи Ибрагим Мадаминовнинг юрагини операция қилиш учун моддий ёрдам сўраб қилган мурожаати бир кун муддатда ўрганилиб, шартномалар бўйича хулоса бериладиган бўлди.

“Муқаддас” маҳалласи, “Оқса­рой” кўчаси, 356-уйда яшовчи Жўшқинбек Султановга паррандачилик­ни ривожлантириш бўйи­­ча кредит олиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Мурожаатчига кредит олиб бериш ишлари бош­лаб юборилди.

“Истиқлол” маҳалласида яшовчи Клара Каримованинг бола пули олишда ҳамда иш билан таъминлаш ва парранда боқиш учун амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам қаноатлантириладиган бўлди. Ўрганишлардан сўнг мурожаатчини “Темир дафтар” рўйхатига қайд этиш МФЙ раисига ва моддий ёрдам бериш бўйича туман ҳокимининг ўринбосари в.в.б. Э.Қурбоновга мурожаат этилди.

“Шодлик” маҳалласи, Амир Темур кўчаси, 27-уйда яшовчи Рўзика Новатованинг боласининг юрагини операция қилиш учун моддий ёрдам сўраб қилган мурожаатига асосан, даставвал боласини “Темир дафтар”га киритиш ва мутасадди ташкилот раҳбарлари билан 3 кун муддатда мурожаатни ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал қилишга келишилди. 

“Дўрмон” маҳалласида оқар сув муаммоси юзасидан қилинган мурожаатлар бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди ва муаммо жорий йилнинг 1 мартига қадар бартараф этилиши белгиланди. Шу маҳаллада жойлашган трансфарматор муаммоси эса бир ҳафта муддатда бартараф этиладиган бўлди.

“Ёш куч” маҳалласида яшовчи Дилфуза Бобожанованинг моддий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам қаноатлантирилиб, унинг оиласини 2 қоп ун билан таъминлаш ва моддий ёрдам бериш бўйича туман ҳокимининг ўринбосари в.в.б. Э.Қурбоновга, уйининг томини таъмирлаш бўйича ўрганиб чиқиб, хулоса бериш юзасидан эса туман ҳокимининг ўринбосари С.Бекчанов ва молия бўлими бошлиғи Д.Абдуллаевларга мурожаат этилди. 

Бир кунлик сафар давомида баён этилган ўнлаб мурожаатларнинг барчаси депутатнинг диққат марказидан жой олди ва бартараф этиш чоралари бошлаб юборилди.

Депутатнинг сайловчилари билан мулоқотлари самарали давом этмоқда. 

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби
**

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умировнинг Қашқадарё вилояти Нишон туманида сайловчилар билан бўлиб ўтган галдаги учрашуви ғоят самарали кечди. 

Депутат дастлаб тиббиёт бирлашмаси қошидаги 30 ўринли шошилинч тез тиббий ёрдам, 120 ўринли туғруқ комплекси, 20 ўринли жарроҳлик бўлимини реконструкция қилиш ишларини кўздан кечирди. Қурувчилар ва тиббиёт ходимларини ўйлантириб келаётган муаммоларга ечим топди. Энг муҳими, қурилиши давом этаётган тиббиёт муассасалари депутат аралашуви билан қисқа фурсатларда фойдаланишга топшириладиган бўлди. 

Партиядошимизнинг “Пахтакор” МФЙ аҳолиси билан юзма-юз мулоқоти ҳам мароқли бўлди. Учрашувда фуқаролар номидан Анвар Мамаюсупов маҳалладаги аҳолини қийнаб келаётган айрим камчиликларни баён этди. Шунингдек, Анвар Мама­юсупов шлакоблок ишлаб чиқариш учун банкдан 130 миллион сўм кредит ололмай юрганлигидан шикоят қилди. Бундан ташқари, “Гулзор” МФЙда умргузаронлик қилаётган Гулҳаё Ёқубова ҳам нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун банкдан 60 миллион сўм, “Байналминал” МФЙда истиқомат қилувчи, “Асл-неъмат” МЧЖ раҳбари Турғун Акаев автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ускуналарини сотиб олиш учун банкдан 225 миллион сўм кредит ололмаётганлиги сабаб ишлари орқага кетаётганлигидан ташвишланиб, мурожаат қилишди. 

Депутат Абдуғани Умировнинг ўз вақтида аҳоли муаммоларини ўрганиб, мутасаддилар иштирокида тезкор ҳал қилишга эътибор қаратгани туфайли юқоридаги тадбиркорларни кредит олиш масаласидаги ўйлантириб келаётган муаммолар ижобий ҳал этилди. Фуқароларга тижорат банкларидан кредит ажратилди.

Депутат Абдуғани Умировнинг одамларнинг дарду ташвишларини тинглаб, уларни ҳал этишга амалий ёрдам кўрсатаётгани учун маҳалла аъзолари мамнун бўлишди.

Нодир Исомов, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси

**

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева  ўз сайлов округидаги сайловчилари билан учрашгани Пастдарғом туманида бўлди.

Эътиборимни тортган жиҳати, аввало, кўнгли ярим, бир оғиз ширин сўзга маҳтал кишилар хонадонида бўлиб уларнинг ҳолидан хабар олди. Сизга бирор кўмак керакми дея кўнглига қўл солди. Кимнингдир моддий ёрдам масаласида, яна аллакимларнинг ички йўлларни таъмирлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги мулоҳазаларини тинглаб қонун доирасида ечим топишга ваъда берди.

Куннинг иккинчи ярмида xалқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгашининг эллик олтинчи сессиясида иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳаси, 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” лойиҳалари мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида маъруза қилди. Шунингдек сессия давомида туманнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларига тааллуқли бир қанча масалалар муҳокама марказида бўлди.

Депутатнинг ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва каналлари орқали сайлов округида эканлигидан хабардор бўлган, учрашувга ўзлари ташриф буюра олмаган “Боғонали” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро мурожаатига кўра “Боғонали” маҳалласига бордик. Мурожаат эгасининг хонадонига кириб борар эканмиз 13 йилдан буён тўшакка михланган бўлсада кўксида шижоати, кўзида умид учқунлари чақнаган айни навқирон ёшдаги йигит билан учрашдик.

Бизни тўлқинлантирган жиҳати бу йигит исми Шаҳобиддин ўзининг шахсий муаммоларни эмас, балки ижтимоий муаммолар юзасидан, хусусан маҳаллани тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни асфальтлаш, яроқсиз ҳолга келиб қолган электр тармоқларини янгилаш, маҳаллага мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш сингари бутун маҳалладошларини қийнаётган муаммоларни ўртага ташлагани бўлди.

 Йигит билан узоқ суҳбатлашдик. Унинг ёниб-кўйиб маҳалладошларининг яшаш тарзини янада яхшилаш, кенг имкониятлар яратиш борасидаги таклифларини тинглаб катта тааъсуротларга эга бўлдик. Унинг дардига меҳрибон Оллоҳдан шифо тилаб хайирлашар эканмиз, кўтарилган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга тегилши сўровлар чиқарили депутат Музаффар Абдиева томонидан маълум қилинди.

Шу билан бир қаторда депутат тумандаги бир қатор мактабларда бўлиб, уларнинг қишки мавсумда мактаб биносининг иситилиш ҳолати, “ONLINE” ўқитиш сифати қай аҳволда эканлиги ва бугун таълимга қўйилаётган талаблар хусусида ўқитувчилар билан суҳбат олиб борди. Туман тиббиёт бирлашмаси, маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, мавжуд ҳолат билан яқиндан танишди, соҳа юзасидан мутахассислар билан учрашув ўтказиб муаммоларни тинглади. Ўртага ташланган масалалар бўйича тегишли ташкилотлар билан боғланиб ижобий ҳал этишга кўмаклашишини маълум қилди. 

Хонбуви Хайитова,

“Адолат” СДП Пастдарғом туман кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

МУҲАНДИС – замонавий ишлаб чиқариш жараёнининг локомотиви

admin

ИБТИДО

admin

Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби такомиллаштирилмоқда

admin