ADOLAT 24

Мактаб келажак пойдеворидир

Таълим-тарбия – бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи. Шу боис, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ.

Қанчалик мураккаб бўлмасин, мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Чунки биз кўп вақт йўқотганмиз.

Агар кимда-ким мактаб бу фақат Халқ таълими вазирлигининг иши, деб ўйласа, мутлақо янглишади. 

Мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар вазирлик ва идоралар, тармоқ раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши шарт ва зарур. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин.

Шавкат МИРЗИЁЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Жорий йилнинг 28 январь куни давлатимиз раҳбари мактаб таълимини ривожлантириш масалаларига бағишланган, мамлакатимиз келажаги учун катта аҳамиятга молик йиғилиш ўтказди. Йиғилишда бугун халқ таълими тизими давлат сиёсати даражасидаги асосий масалаларидан бири эканлиги яққол ифодаланиб, бу соҳани тамомила ислоҳ этиш масаласи кўтарилди, таълимни тубдан такомиллаштириш борасида муҳим қарорлар қабул қилинди ва кўплаб мақсад ва вазифалар белгилаб олинди. “Барча даражадаги ҳокимлар бир нарсани чуқур англаб етиши керак – бугундан ҳокимларнинг мактабга эътибор қилиш беш йиллиги бошланади”, деди Президентимиз.

Мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, қурилиш ишларини олиб бориш Халқ таълими вазирлиги зиммасидан ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгани барча эътиборни таълим-тарбияга,  таълим сифатини оширишга қаратиш учун яна бир катта имкониятлар эшигини очиб берди. Зеро, мактаб эртанги кунимиз эгалари бўлмиш ёш авлоднинг ёрқин келажаги тамал тошидир. 

Ўқитувчи ўқувчиларни билим олишга ундовчи, рағбатлантирувчи, ўз олдига катта мақсад ва марралар қўйиб яшашга замин ярата олувчи ўз касбининг моҳир устаси бўлмоғи лозим. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбари эндиликда юқори малакали, ўз устида доимий ишлайдиган муаллимлар фаолиятини янги ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш, маҳоратли педагоглар тажрибасидан самарали фойдаланиб, уларнинг ўқитиш методикасини оммалаштириш каби вазифаларни илгари сурди. Президентимиз ўқитувчи билимли бўлмаса келажак авлодга ҳеч нарса бера олмаслигини қайд этиб, бугун айрим педагоглар сифатли дарс ўтишга эмас, кўпроқ соат олишга интилаётганларини жиддий танқид остига олди. Шу сабабли, таълим тизимида фаолият юритаётган мутасадди раҳбарларга таълимга бўлган ёндашув­ни қайта кўриб чиқиш вазифаси топширилди. 

Туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилади.

“Республика кенгашига шахсан ўзим раҳбарлик қиламан. Туман ва вилоят кенгашларига эса ҳокимлар бош бўлади. Нима учун кенгашлар қиляп­миз? Чунки бу ишларни, албатта, халқимиз билан, кенг жамоатчилик билан кенгашиб, уларнинг фикрлари асосида амалга оширамиз. Ҳар бир янгиликни ўқитувчилар, мутахассислар, ота-оналар билан бамаслаҳат киритамиз”, деди давлат раҳбари.

Йиғилиш давомида ўқитувчилар билим ва кўникмаларини ошириш билан бир қаторда, ўқувчилар учун замонавий дарсликлар яратиш таълимнинг асосий бўғинларидан бири эканлиги алоҳида такидлаб ўтилди. Айни вақтда янги авлод дарсликларини илғор тажрибалар асосида тўлиқ янгилаш учун Англия, Франция, Германия каби давлатлардан қирққа яқин халқаро экспертлар жалб қилинган. Юртбошимизнинг дарсликлар яратиш методикасини янгидан ташкил этиш борасидаги таклифлари “Адолат” партияси фаолларини жуда қувонтирди. Мазкур ислоҳот 2021 йил февраль ойи­­да “Адолат” СДПнинг таълим соҳасида фаолият олиб борувчи маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ва партиянинг ҳудудий кенгашлари масъул ходимлари томонидан “Таълим сифати – партия нигоҳида” деб номланган лойиҳа концепцияси доирасида “Адолат” СДП ва Халқ таълими вазирлигининг “Йўл харита”си, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим мактаблари учун “Миллий ўқув дастури” каби дарсликларнинг мазмунини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган ўқув дастурларини кенг кўламда амалга ошириш йўлида партиямиз жамоаси учун яратилаётган яна бир катта имконият бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Бир сўз билан айтганда, мактаб таълимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш йўлида яна бир дадил қадам қўйилди. Асосий мақсад эса, жадаллик, дадиллик, мақсаддан оғишмай илгарига одимлашдир. 

“Адолат” СДП матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ПОЙТАХТ БОҒлари ЙЎҚОЛИБ БОРЯПТИ…(ми?!)

admin

Хаёлимизга ҳам келмаган ўзгаришлар бўлмоқда

admin

Халқ вакилиман деб юрганимдан уялдим…

admin