Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали фуқароларнинг турмуш шароитларини яхшилашга камарбаста бўлишмоқда. Аҳолининг бандлигини таъминлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” рўйхатидан жой олган фуқаролар сонини камайтириш мақсадида самарали меҳнат қилишмоқда.
Ўтган йил давомда ушбу депутатлик гуруҳининг 5 нафар аъзоси ҳамжиҳатликда фаолият олиб борди. Сайловчилардан келиб тушган 507 та мурожаатдан 470 таси депутатлик сўровлари ва тегишли ташкилотлар билан бевосита мулоқот натижасида ижобий ечим топди.
Хусусан, депутатлик гуруҳи аъзоси Қудрат Жуманиёзов ҳар доим сайловчиларнинг муаммоларини бартараф этиш ташвиши билан юрганига гувоҳ бўламиз. Унинг бу галги ташрифи ҳам самарали кечди. Депутат Қўшкўпир туманида фаолият олиб бораётган «Нуъмонмурод — Темурмалик» фермер хўжалиги раҳбари Фазилат Собирова билан биргаликда Урганч шаҳридаги «Жамбул», «Юқори боғ», «Гулшан», «Ҳамжиҳатлик» ва бошқа маҳаллаларда яшовчи касалманд, ёлғиз кишилар, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга совғалар улашди, ногиронлиги бор 8 нафар фуқарога электр печлари туҳфа қилди.
Бундай эътибордан кўнгиллари тоғдек кўтарилган фуқаролар депутат Қ.Жуманиёзовга миннатдорлик билдиришди. Инсон қадри улуғланган юртда яшаётганидан мамнунлигини баён этишди.
– Қудрат Жуманиёзовни депутатликка сайлаганимиз маҳалламизнинг ютуғи бўлди, – дейди “Гулшан” МФЙ раиси Умид Сапаев. – Депутатимиз ҳар доим сайловчилари ҳолидан хабар олиб, оғирини енгил қилиб келмоқда. Бугунги сайёр қабулда ҳам бир қатор муаммолар ечимини топди. Маҳалламиз биносида иситиш тизими яхши ишламаслиги фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатаётган эди. Депутат ҳомийлигида иситиш тизимидаги камчиликлар бартараф этилди.
Людмила Скоробогатованинг ўнг оёғи юришга ярамаётгани юзасидан шикояти ҳам ижобий ечим топадиган бўлди. Депутат бемор уйида тиббий кўрикдан ўтказилиши ва унга малакали мутахассислар томонидан ёрдам кўрсатилишини билдирди.
Дилфуза Муротованинг ҳамширалик бўйича ишга жойлашиш юзасидан мурожаати ҳам эътиборга олинди. У тиббиёт коллежини 2003 йилда тамомлагани сабабли тиббий йўналиш бўйича 3 ойлик курсда бепул ўқийди ва иш билан таъминланади.
Депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси Баҳодир Бобожанов Тупроққалъа тумани ҳудудида яшовчи бемор, кам таъминланган, яшаш шароити оғир фуқаролар хонадонларида бўлиб, улар билан мулоқотга киришди. Депутат ҳомийлигида ногиронлиги бор кишиларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Партия ташаббуси билан “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳасининг ҳаётга татбиқ қилиниши кўплаб аёлларнинг муаммоларини ҳал этишда ҳамда чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган хотин-қизлар билан бевосита мулоқот ўрнатишда қўл келмоқда.
Хусусан, мазкур лойиҳадан хабар топган Хива шаҳар “Қиёт” маҳалласида яшовчи, кам таъминланган оила аъзоси Нафиса Қорабоева партиянинг вилоят кенгашига уй-жой масаласида мурожаат қилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ҳамда партиянинг Хива шаҳар кенгаши фаолларидан таркиб топган ишчи гуруҳи тузилиб, Н.Қорабоеванинг хонадонида ўрганиш олиб борилди.
Бу оиладаги мавжуд келишмовчилик юзасидан маҳалла фуқаролар йиғинига, уй-жой масаласида Хива шаҳар ҳокимлиги ҳамда “ҳимоя ордери” масаласи бўйича туман ички ишлар бўлимига депутатлик сўрови юборилди.
– “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида “Бир адолатчи – юз аёлга химоячи” лойиҳаси доирасида турмуш муаммолари туфайли қийналаётган мен каби аёлларга кўмак берилаётганини ўқиб қолдим ва партиянинг вилоят кенгашига мурожаат қилдим, – дейди Н.Қорабоева. – Мурожаатим эътиборга олинди ва қисқа муддатда “ҳимоя ордери”га эга бўлдим.
Шунингдек, депутатлик гуруҳи ташаббуси билан вилоятда мурожаатлар бўйича ишлашнинг янги тизими йўлга қўйилди. Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ва Хонқа туман Кенгаши депутатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилояти Хонқа туманидаги Халқ қабулхонаси бўлими ҳамкорлигида фуқароларнинг мурожаатлари эшитилди.
Хусусан, “Катта жирмиз” қишлоғидаги “Катта куч” маҳалласида яшовчи Инобат Аллаберганованинг уйини таъмирлаш учун маблағдан қийналаётгани, иш сўраб ҳамда алимент тўловини ундира олмаётгани тўғрисидаги мурожаати ижобий ҳал этилди. Туман бандликни таъминлаш бўлими кўмагида мурожаатчи тикувчилик бўйича 3 ойлик курсга қабул қилинди ва бепул ўқийдиган, алимент эса туман прокуратураси томонидан ундириб бериладиган бўлди. Уйини таъмирлаш учун ҳомийлар жалб қилиниб, моддий ёрдам кўрсатилади.
– Бугун қабулхонага келганимдан жуда хурсанд бўлдим, – дейди И.Аллаберганова. – Бир неча муаммони бирданига ҳал қилиб беришди. Эндиликда яшаш шароитим яхшиланишига ишончим комил.
“Қарамози” маҳалласида яшовчи Қудрат Эгамбердиев фарзандининг 2-ёшгача нафақа пулини олишида амалий ёрдам сўради. Бу масала ҳам ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, қонун доирасида ҳал этиладиган бўлди.
“Фидойилар” маҳалласида яшовчи Фаҳриддин Тожиев ҳозирги кунда туман ободонлаштириш бошқармасида ишлаётгани, ўғли болалигидан 1-гуруҳ ногирони бўлгани сабабли кун бўйи ишлаш имкони йўқлигини баён қилди ва уйи яқинидаги қабристонни ободонлаштириш ишига жалб этилишини сўради. Ишчи гуруҳ Ф.Тожиевнинг оилавий шароитини ўрганди ва туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи билан келишган ҳолда мурожаат қаноатлантирилди.
“Гулистон” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ маҳалла фахрийларининг баён этишича, маҳалла 12 йилдан буён газ манбасидан узиб қўйилгани боис, аҳоли газ муаммосидан азият чекиб келмоқда. Айниқса, маҳаллада жойлашган 2-сон МТТ тарбияланувчиларига қишнинг совуқ кунлари жуда қийин бўлади.
Ишчи гуруҳ бу масала юзасидан ўрганиш олиб бориб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови орқали мурожаат этишини билдирди.
– Бугунги қабул кунимиз ҳар қачонгидан ҳам самарали ўтди, – дейди Хонқа туманидаги Халқ қабулхонаси бўлими бошлиғи Замира Маткаримова. – Вилоят ва туман Кенгашларидаги “Адолат” СДП депутатлари билан ҳамжиҳатликда фуқароларнинг мурожаатларида акс этган муаммоларини тезкор ва самарали бартараф этишга эришдик. Ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдик.
Хонқаликлар Халқ қабулхонаси туман бўлими бошлиғи З.Маткаримова ҳамда депутатларга миннатдорлик билдиришди, давлатимиз томонидан фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этишди.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби