ADOLAT 24

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокамада: Адолатли жамият — барқарор тараққиёт мезони

Президентимиз ташаббуси билан 2022 йилнинг «Инсон қад­рини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилинганлиги халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди.

Барчамизга яхши маълум, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси regulation.gov.uz, 2022-2026.strategy.uz ва jamoatchilik.uz порталларида кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга оширилиши назарда тутилган ислоҳотлар борасидаги кенг жамоатчилик фикрлари ҳисобга олинди. 

Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» 7 та устувор йўналишдан иборат бўлиб, унда 94 мақсад қамраб олинган.

Эътиборимни тортган йўналишлардан бири «адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш» бўлиб, унда таълим сифатини ошириш, мактабларни ривожлантириш бўйича миллий дастур жорий этиш ва дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги болалар саломатлигига катта эътибор қаратилган ҳолда мактаблардаги 1-4-синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш ҳамда мазкур йўналишда белгиланган мақсадларга эришишга қаратилган чора-тадбирлар бўлди. 

Шу билан бир қаторда мазкур бўлимда: 

– ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш. Касбга ўқитиш кўламини 2 баробар ошириб, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарларга ўқитиш ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг иштирокини 30 фоизга етказиш;

– мактабгача таълимнинг қамров даражасини 62 фоиздан 80 фоизга етказиш, нодавлат боғчаларга ва мактабларга фарзандини юбораётган ота-оналар даромадининг бир қисмини даромад солиғидан озод этиш;

– олий таълимга қамров даражасини амалдаги 28 фоиздан 50 фоизга етказиш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш;

– мактаб ўқувчиларининг камида бир касбни эгаллашига кўмаклашиш тизимини жорий этиш;

– бюджетдан дори воситалари ва тиббий буюмларга ажратилган маб­лағларни 3 баравар ошириш, мамлакатда ишлаб чиқариладиган дори воситалари миқдорини 80 фоизга етказиш;

– тиббий хизматлардаги хусусий секторнинг улушини 25 фоизга етказиш, “оилавий шифокор” йўналиши бўйича мустақил фаолиятни амалга оширишга рухсат бериш;

– ҳудудларда бирламчи тиббий-санитария хизматининг фаолияти “бир қадам” тамойили асосида йўлга қўйилиб, 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этиш;

– жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳолини 33 фоизга чиқариш, мамлакатимизда Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш каби бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилиши кутилмоқда. 

Ушбу мақсалар партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларга ҳамоҳанглиги билан аҳамиятли.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, лойиҳада назарда тутилган йўналишлар бўйича мавжуд муаммолар очиқ-ойдин билдирилган бўлиб, мазкур соҳалардаги зарур ислоҳотларни амалга ошириш учун жамоатчиликнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалар ўрганилди. 

Аҳоли томонидан билдирилган мавжуд муаммоларни баён қилиш ва партия электорати фикрига қулоқ солган ҳолда, «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳам бир қанча таклифлар билдирди. 

Жумладан:

– мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларининг АКТдан тўғри фойдаланишлари борасида малакасини ошириш ҳамда ўқитиб бўлинган ва талабга жавоб берувчи ходимларга сертификат беришни йўлга қўйиш;

– мактабларнинг моддий техник баъзасини ривожлантириш. Масалан, электрон доска, компьютер жамланмаси, проектор ва монитор, телевизор, спорт анжомлари билан таъминлаш;

– мактабгача таълим ташкилотида 10 йилдан ортиқ иш олиб борган, ўрта махсус маълумотга эга тарбиячиларни олий таълимга ўзи ишлаётган йўналиши ва мутахассислиги бўйича имтиёзли ўқишга қабул қилиш;

– ўқитувчиларнинг ўзи ўқитадиган фани бўйича кўрсаткичларига қараб ойлигини ошириш. Масалан: Сўнгги тўрт йил давомида ўқитган ўқувчиларининг билим даражаси, эришган ютуқлари, шаффоф ҳолда олинган тест натижалари, ўқитувчининг кўрсаткичлари белгиланадиган (критерия) дас­тур ишлаб чиқиш ва дастурдан ноқонуний йўл билан фойдаланган масъуллар ва ходимларга қатъий қонуний чоралар кўриш;

– ўқувчиларнинг сонига қарамасдан ҳар бир умумтаълим мактабларида спорт заллари ва мажлислар хонасини қуриш;

– дори-дармонлар рекламасини чеклаш ва дори-дармонларнинг фақат шифокор рецепти асосида сотилишини йўлга қўйиш…

Ишончим комил, юрт тараққиётига, эзгуликка йўналтирилган саъй-ҳаракатларимизни умумлаштирган ҳолда, мамлакатимиз эртаси учун муносиб ҳисса қўшаётган ҳар бир юртдошимиз билан биргаликда адолатли жамиятни барпо этамиз.

Нурлибай ҚАЙПБЕРГЕНОВ,

“Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Узлуксиз таъминот икки ва кўп томонлама ҳамкорликни тақозо этади

admin

Вазирдан асослантирилган жавоб тақдим этиш сўралди

admin

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз. (Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидан…)

admin