ADOLAT 24

Бизнинг ҳаётимиз келажакка кўприк

Якунланган қадрдон йилимизнинг 24 август куни, тунги соат ўн бирга яқинлашиб қолганди. Телефоним жиринглади. Ҳамкасб жамоадошларимдан бири қўнғироқ қилаётганди.

– Опа! – деди у худди куппа-кундуз куни кўчада учрашиб тургандек. – Муборак бўлсин энди!

Яқинда республика “Нуроний” жамғармаси кўпчилик қатори мени ҳам “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаганди. 25 август куни эрталаб бу мукофотни топшириш маросимига таклиф этишганди. Жамоадошим шу ҳақда гипиряпти, деган ўй ўтди хаёлимдан. 

– Раҳмат, – дедим. – Кўпчилик қаторида мени ҳам кўкрак нишонига лойиқ кўришибди, Аллоҳга шукр…

– Ҳа-а, жуда хурсандмиз, – гапимни бўлди суҳбатдошим. – Лекин сизга бунданам катта мукофот – “Меҳнат шуҳрати” орденини Президентимизнинг ўзлари бериб турибдилар-ку!

Тўғриси, нима дейишни билмай қолдим. Аҳволимни тушунди ҳамкасбим, гўё ўзи мукофот олгандек, худди ёнгинамда юзма-юз турган каби кўтаринки кайфиятда давом этди:

– Мана, ҳозиргина ижтимоий тармоқларда мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг энг муносиб юртдошларимизни мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлаш ҳақидаги фармони эълон қилинди. Сизнинг фамилиянгиз Улуковами ўзи?

– Ҳа, хужжатимга Улуғова деб эмас, Улукова деб ёзиб қўйишган…

– Бўпти-да. Ижтимоий тармоққа қаранг, опа. Муборак бўлсин! Жуда хурсандмиз! 

Ижтимоий тармоққа кирдим, яширмайман, аввало, ўзимнинг исму фамилиямни топиб ўқидим. Кўзларимдан ёш қуйилиб келди. Кейин тақдирланганлар рўйхатини бир бошдан ўқий бош­ладим. Ундаги шахсларни кўз олдимга келтирганим сайин қалбим тўлқинланди: жонажон Ўзбекистонимиз фани, иқтисоди, қишлоқ хўжалиги, маданияти, хуллас, барча соҳаларнинг ривожига – дунё афкор оммаси кўз ўнгида қадди, қадри юксалаётган Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини яратишга катта ҳисса қўшаётган салоҳиятли олимлар, фидойи ишчи-хизматчилар, заҳматкаш миришкор деҳқон ва чорвадорлар, устозлару тиббиёт ходимлари, ижодкорлар, санъаткорлар қаторида эъти­роф этилганимдан хурсандчилик, бахтиёрлигимга “Бундан ҳам яхшироқ ишлашим, ташаббускор бўлишим мумкин эди-ку!” деган фикр қўшилиб, кўзимдан қувонч ва масъулият эътирофи сифатида ёшлар қуйилиб келди.

Ёш болага ўхшаб тонг отгунича ўша рўйхатни қайта-қайта ўқирканман, кўз ўнгимдан умримнинг меҳнат фаолияти билан боғланган ярим асрга тенг даври ўтди. Онажонимнинг: “Токи ўзинг ақлу фаросатинг билан энг муҳим, керакли ишларни топиб-топиб қилмагунингча яхши гап эшитмайсан”, деганлари; отажонимнинг: “Номинг яхшилар қаторида тилга олиниши ҳам катта бахт. Сенга ишонган одамларнинг юзини ҳеч қачон ерга қаратма”, деган ўгитлари; устоз Зулфияхонимнинг: “Журналист, қаламкаш аёл аёл зотининг дардини, қалбини тушунмаслиги, керак бўлганда унга ёрдам қўлини чўзмаслиги мумкин эмас”, деган таъкидлари… эҳ-ҳей, яна қанчадан-қанча ажойиб инсонларнинг ибратлари, тажрибаларини ўргатганлари, қўллаб-қувватлаганлари, ўрни келганда аччиқ сабоқ – меҳр берганлари дилимдан ўтди. Шундай инсонларга фарзанд, шогирд, издош этган Аллоҳга шукр, ўтган азизларимизни раҳматларга ғарқ этсин, жойлари жаннатда бўлсин! 

Мисоли мевали дарахт ниҳолини қачонлардир бир мурувватли, саховатли, эзгу ниятли инсон экиб кетган-у унинг мевасидан йиллар ўтиб нафақат унинг зурриётлари, балки теварак-атрофдагилар ҳам баҳраманд бўлгани каби, ҳар биримиз олган билимимиз, ўрганган ҳунаримиз – меҳнату ижодимиз билан эл-юрт ободлиги, тўкинлиги, тараққиётига сидқидилдан ҳисса қўшсак, иншааллоҳ, аждодлар руҳи шод бўлади. Айни шундай ният ва унинг ижобати учун саъй-ҳаракат билан бизнинг ҳаётимиз ҳам келажакка кўприк бўлса, Зулфияхоним мухтасар айт­ганларидек, “Шу-да, бир яшаш!..” 

Янги йил аввалида ўтган йилимиз билан боғлиқ менинг ўзимгагина тааллуқли бўлган воқеани эслашим боиси… аввало, ҳақиқатан ҳам, 2021 йил умр китобимнинг нурли саҳифаси бўлиб қолди. Худди шунингдек, юртдошларимизнинг меҳнати, илму ижоди, санъатининг қадрланиши, юксак баҳоланиши, рағбатлантирилиши, халқимизнинг ҳар бир вакили ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун Юртбошимиз, ҳукуматимизнинг ғамхўрлиги, эътибори, амалга оширилаётган изчил амалий тадбирларнинг чиройли натижалари – самараларини ҳар куни ҳар йилгидан ҳам кўпроқ, кенгроқ ва хўброқ кўриб, ҳис этиб турибмиз. Тинч­лик-осойишталик юртимизда, қалбларимизда барқарор бўлсин. Мусаффо осмон остида бу йил халқимиз бир тан, бир жон бўлиб қўлга киритган иқтисодий ривожланишлар, маънавий-маърифий-маданий юксалиш сари қадамлар бардавом бўлсин. Янги йилнинг янги – яна бир поғона баландроқ зафарларига бу йилимиз муносиб зинапоя бўлгай, иншааллоҳ.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Tegishli xabarlar

Илм — тараққиётнинг бош мезони

admin

Дунё мамлакатларида давлат тили қоидаларини бузишга қандай жазо берилади?

admin

Янги кодекс — тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилади

admin