ADOLAT 24

“Ҳар не истарсен…”

Ўтган йилнинг тўрт фасли инсон руҳиятида, замин ва замонда буюк эврилиш­лар даври бўлди. Учинчи Ренессанснинг улуғ остонасига қудратли ўзбек халқи қадам қўйди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарида илк бор қадимий ўзбек тили бор жозибаси, сеҳру синоати билан янгради. Беш юз саксон йил оша бизгача етиб келган улуғ Алишер Навоийнинг ҳаётбахш лисоний нафаслари сарҳадлар оша дунёга таралди. Шеърият султонининг салобатли, кўркам ҳайкаллари қудратли дунё давлатлари томонидан иззат-икром билан эъзоз­­ли жойларда қад кўтарди.

Мамлакатимизда бўлиб ўтган Президентликка сайлов жараёнларида халқ ўзи танлаган муносиб инсонга овоз берди. Давлат сиёсатида инсон омили етакчи ўринга чиқди. Янги йилдан ижтимоий аҳволи оғир хотин-қизлар, чин етимлар ва ногиронлиги бўлган шахс­ларга иккиламчи бозордан ҳам уй-жой олиш­ларига имконият яратилиши Юртбошимиз томонидан таъкидлаб ўтилди.

Ўзбек адабиёти ривожи, адабиёт аҳлига кўрсатилаётган эътибор, китоб карвонларининг узлуксиз оқими ўтган йилимиз кўксидаги сўлишни билмас мангу баҳорга юз тутган дунё бўлиб тарихга муҳрланди. Қатор ижод мактаблари, Президент мактабларида таълим олаётган ёш авлод вакиллари эртанги Ўзбекис­тоннинг суянган тоғлари бўлиб сафга тизилаётгани катта авлод вакилларининг кўзларига нур, руҳиятига қувонч олиб кирди. 

Янги Ўзбекистон ибораси нур тезлигида дунёда қанот ёзди. Мамлакатимизга келаётган хорижлик меҳмонлар, жалб қилинаётган кенг кўламли инвестиция оқимлари, қурилаётган кўркам уй-жой иншоотлари, ёшларга бўлаётган катта эътибор, барпо қилинаётган янги Ўзбекистон боғлари – бу халқимиз кўксидаги орзу-умидларининг бугунги рўёбидир. Халқимизда “Оққан дарё оқаверади”, деган ҳикматли ибора бор. Жорий йилда бу теран ҳаёт дарёлари янада қудратлироқ шовуллайди. Учинчи Ренессанс ўз даҳоларини дунёга келтиради. Дунёни изтиробга солган пандемия ер юзидан изсиз йўқолади. Халқимизнинг юрт тинчлигини, ободлигини сўраб қилган дуолари Ҳақ даргоҳида вожиб бўлади. Зеро, улуғ Навоий лутф қилганларидек:

Ўз вужудингга тафаккур айлагил,

Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил.
Шарифа САЛИМОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг:👇👇👇

Tegishli xabarlar

ҒАЛАБА — ЭҲТИРОМГА АЙЛАНГАН ХОТИРА

admin

Газ қуйиш шохобчаларидаги муаммолар юзасидан депутатлик сўрови киритилди

admin

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ ИШСИЗЛИК ЙЎҚ ҲУДУДГА АЙЛАНАДИ

admin