ADOLAT 24

Хаста дилларга меҳр улашиб…

Янги йил байрами болажонларга ўзгача завқ бағишлайди. Безатилган арча ва туҳфа этиладиган ажойиб совғалар уларнинг қувончига қувонч қўшади. 

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Хаста дилларга меҳр бер!” акцияси доирасида Тошкент шаҳридаги онкологик касалхоналарда даволанаётган болалар учун “Янги йилни янги орзулар билан” мавзусида кўчма арча байрам тадбирлари ташкил этилди. 

Янги йил арафасида партия фаоллари Рес­пуб­лика ихтисос­лаштирилган гематология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига бориб, ушбу муассасаларда даволанаётган болажонларни Янги йил байрами билан қутладилар. 

— Беморларимиз руҳий мададга жуда муҳтож. Янги йилни касалхонада кутиб олиш болалар учун ҳам, уларнинг ота-она­лари учун ҳам осон эмас, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар касаллик­лари бўйича бош онкологи Тожиддин Мустафоев. — Бу масканда ташкил этилган байрамона давра ва улашилган совғалар уларнинг кайфиятини кўтариб юборди. Қорбобо ва Қорқиз ҳамда эртак қаҳрамонларининг ташрифи болажонларга манзур бўлди. Бу уларнинг руҳиятларига ижобий туйғуларни олиб кириш орқали эртанги кунга умидни юксалтиради ва саломатлик­лари тикланишига ёрдам беради. 

“Хаста дилларга меҳр бер!” акцияси кўп йиллардан бери партия томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” хайрия акциясининг узвий давомидир. Анъанавий акция донорлик тадбирларини ўз ичига олиб, онко-гематологик хасталикларга чалинган болалар учун қон топширишга қаратилган бўлса, “Хаста дилларга меҳр бер!” акциясида бемор болажонларни байрам билан табриклаш, уларга қувонч улашиш ва совғалар бериш назарда тутилган. 

Ушбу акция ўтказилиши эълон қилингандан кўп ўтмай юртимизда фаолият юритаётган бир қанча ташкилотлар ҳомийлик истаги билан чиқишди. Акция ҳомийлари бемор болажонлар учун байрамона совғалар тақдим этишди. 

Хусусан, BMB Trade Group компанияси томонидан кичкинтойларга ўқув қуроллари, китоб­лар, ақлий қобилиятни ривож­лантирувчи ўйинчоқлар туҳфа қилинди. 

— Болаларни хурсанд қилиш учун ҳар қандай хизматга тайёрмиз. Асосийси, улар соғайиб, бахтиёр фарзандларимиз сафига қайтишсин, – дейди компания директори Азимжон Мирзажонов.

“Корзинка.уз” савдо мажмуаси болажонларга байрам совғаси сифатида янги шаклда ишлаб чиқарилган қизиқарли китобларни ҳадя этди.

“Evos” фирмаси эса Рес­пуб­лика ихтисослаштирилган онко­логия ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиалидаги таъмирлаш ишларига ўз ҳиссасини қўшди.

«O‘zbebek» дўкони кичкинтойларга кийим-кечакларни туҳ­­фа қилди. 

Муассаса шифокорлари ва бемор болаларнинг ота-оналари партия томонидан илгари сурилаётган ташаббусни қўллаб-қувватлади. 

— Болаларимиз учун ташкил қилинган байрамдан биз, ота-оналар жуда мамнун бўлдик. Энг муҳими, байрам томошаси болажонларимиз учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Уларнинг хурсандлигидан қалбимизга шодлик тўлди, — дей­ди Дилбар Иброҳимова, — Боламни анчадан буён шу касалхонада олиб ётибман. Яқин кунларда фарзандим соғайиб, уйга қайтишимизга умид қиламан. Ташкилотчиларга, «Адолат» партиясига тадбир учун алоҳида ташаккур билдираман.

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ушбу акцияни доимий равишда ташкил этиш, ҳомийлар ва жамоатчилик эътиборини кенг жалб этиш мақсадида янги чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда. 

Дурдона АЛИМОВА,

“Адолат” СДП Матбуот хизмати ходими

Tegishli xabarlar

ЛОҚАЙДЛИК ҚАЧОНГАЧА?

admin

Маҳалладошлар ҳиммати

admin

Илм- маърифатга бешик бўлган юрт

admin