ADOLAT 24

ДЕПУТАТЛАР ХАЛҚ ИШОНЧИНИ ОҚЛАЙ ОЛАЯПТИМИ?

Депутатлар халқ вакили сифатида фаолият олиб боради. Хўш, бугунги кунда улар ўзларига билдирилган ишончни қай даражада оқлашмоқда? Шу саволга жавоб излаб халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар фаолиятига назар ташладик.

Депутат Тозагул Холиқова сайловчиларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал этиш мақсадида мутасадди идораларга қонун талаби доирасида депутатлик сўрови чиқариш, ўз сайлов округида учрашувлар ўтказиш билангина чекланиб қолмай, бошқа имкониятлардан ҳам фойдаланган ҳолда жамоатчилик орасига кириб бораётгани ва бунинг натижасида партия ва депутатга фуқароларнинг ишончи янада ортаётгани эътироф­­га молик.

Хусусан, депутат ташаббуси билан Иштихон тумани тиббиёт бирлашмаси ва халқ таълими бўлими ҳамкорлигида умумтаълим мактаб­ларида “Ёшлар саломатлиги партия нигоҳида” шиори остида ўрганиш олиб борилди. Бундан кўзланган мақсад ўқувчиларда учрайдиган сколиоз, ясситовонлик ҳамда стоматологик касалликларни эрта аниқлаш ва ушбу хасталикларнинг олдини олишдан иборат. Ўрганиш жараёнида тиббиёт ходимлари аҳоли ўртасида ушбу касаллик­ларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ва даволаш усуллари бўйича кенг тарғибот ишларини йўлга қўйиши зарурлиги маълум бўлди. Умумтаълим мактабларидаги “тиббиёт хона”ларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди. 

Бундан ташқари, депутат Т.Холиқованинг саъй-ҳаракати билан партиямизнинг “Бир адолатчи — юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида Жомбой туманидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимоя­­га муҳтож, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”да рўйхатга киритилган хотин-қизлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. “Сарой”, “Деҳқон­обод”, “Қўнғирот”, “Қанғли” маҳаллаларида олиб борилган ўрганишлар давомида фуқароларнинг мурожаати тингланиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 1-гуруҳ ногирони, 15 ёшли Г.Ҳасанова тиббий текширувдан ўтказилиб, нервопотолог хизматни олганидан оила аъзолари мамнун бўлди. 2-гуруҳ ногирони Барчиной Мардонованинг ҳам мурожаати дарров ечим топ­­ди. Жуман Қаҳрамоновга ногиронлик аравачаси берилишида, Муножат Абдуазимовага ногиронлик нафақаси тайинланишида, М.Гулямованинг оғир формадаги миопия хасталигидан даволанишида ҳам депутат томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. 

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига 9-Ватанпарвар сайлов округидан сайланган депутат Илҳом Тўхтасинов жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фуқароларнинг мурожаатлари асосида тегишли ташкилотларга 30 дан ортиқ депутатлик сўрови юборди ва уларнинг ижодий ҳал этилишини назоратга олди. Депутат сайлов округи ҳудудидаги 18 та маҳалла фуқаролар йиғинларида учрашувлар ташкил этиб, мурожаатлар асосида муаммо ва камчиликларни ўрганиб, уларнинг ижобий ечим топишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Хусусан, “Навбоғчиён” МФЙда яшовчи фуқаро Зарифа Зайниеванинг мурожаат бўйича унинг фарзандини МТТга жойлаштирилди. “Кўл” МФЙда пиёдалар йўлакчаси қуриш масаласида қилинган мурожаат ҳам тегишли ташкилотлар кўмагида ижобий ҳал этилди. “Нав­боғчиён” МФЙдаги 73-умумтаълим мактаби депутатнинг саъй-ҳаракати билан капитал таъмирлаш дастурига киритилди.

Бундан ташқари, И.Тўхтасинов сайлов округи ҳудудида жойлашган умумтаълим мактабларида “кам таъминланган”, “боқувчисини йўқотган” ва “чин етим” ўқувчилар учун Самарқанд давлат чет тиллар институти профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда турли фанлардан тўгарак­лар ташкил этилишида ҳам жонбозлик кўрсатди.

Вилоят кенгаши депутати Гулбека Қўчқорова сайловчилар билан ҳар гал учрашувда эҳтиёжманд оилалар хонадонига бориб, яшаш шароитини ўрганади. “Қандай ёрдам кўрсатилса, камбағалликдан чиқариб, доимий даромад манбаини яратиш мумкин?” деган саволга жавоб излайди. Бир сўз билан айтганда, 10-15 та оилага “қармоқ” тутқазиб улгурди. Хусусан, фуқаро Р.Кенжаевага “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағи ҳисобидан тўрт бош совлиқ олиб берилди.

Пастдарғом туманидаги “Истиқбол”, “Дўрмон”, “Болдир” ва “Фурқат” маҳаллалари фаолларининг мазкур ҳудудларни замонавий технология асосида интернет тармоғи билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари асосида Г.Қўчқорова тегишли идораларга депутатлик сўрови юборди. Натижада бугунги кунда умумтаълим мактаблари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва мактабгача таълим ташкилотлари интернет хизматларига улангани ҳақида маълумот берилди.

Депутат хотин-қизлар бандлигини таъминлашга ҳамиша эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, Пастдарғом туманидаги “Янги обод” маҳалласи ҳудудида истиқомат қилувчи Муножот Жумановага тикув машинаси олиб берилгани унга қувонч бағишлади. 

Хулоса ўрнида айтганда, депутатлик мансаб ёки лавозим эмас, балки халқнинг ишончидир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш, Ватан равнақи ва халқ фаровонлигини ошириш йўлида ташаббус ва фидойилик кўрсатиш ҳар бир депутатнинг бурчи ҳисобланади.

Лола Сайидова,

Самарқанд вилоят кенгаши матбуот котиби

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

АНДИЖОН ДАВЛАТ ЧЕТ ТИЛЛАРИ ИНСТИТУТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

admin

Ёшлар парламенти аъзолари сайланди

admin

ВИРТУАЛ ФИРИБГАРЛИК қурбонига айланиб қолманг!

admin