ADOLAT 24

ФАОЛИЯТИМИЗ САМАРАЛИ КЕЧДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг 2021 йилги фаолиятига мухтасар назар ташларканмиз, эришилган кўламдор ва самарали натижалардан кўнглимиз тўлади. Жумладан, ўтган йил мобайнида партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш, ишбилармонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилгани қувонарли, албатта.

Энг аввало, йил бошидаёқ фракция томонидан қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолиятида натижадорликка эришиш ҳамда бошқа тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида 2021 йилга мўлжалланган ҳаракат режасини акс эттирувчи алоҳида «Иш режаси» ишлаб чиқилди.

Шуни мамнуният билан қайд этишимиз жоиз, ўтган йил мобайнида фракция аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида яхлит тарзда 2 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди.

Шунингдек, фракция аъзолари 4 та қонун лойиҳасига ташаб­бускор бўлишди. Мазкур қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фракция аъзолари томонидан фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ифода этишга, жойлардаги ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликларга ечим топишга, шунингдек, фуқаролар билдирган таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларга алоҳида эътибор берилди.

Ўтган даврда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий аҳамиятга эга муҳим қонун лойиҳаларини жойларда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, қонунларни такомиллаштиришда фуқароларнинг таклиф ва мулоҳазаларини эътиборга олиш борасидаги ишларга ҳам устувор аҳамият қаратилди.

Жумладан, фракция партия билан ҳамкорликда 23 та қонун лойи­ҳасининг жойлардаги муҳокамасини ташкил этиб, уларда фуқаролар томонидан билдирилган 150 га яқин таклиф қонунларни ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш жараёнида инобатга олинди.

Хусусан, фракция томонидан “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги, “Транспорт тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги ва “Давлат мулкини бош­қариш тўғрисида”ги қонун лойи­ҳаларини такомиллаштириш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазоларни енгиллаштириш, “Сайлов тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериш тизимини соддалаштириш, айниқса, мамлакатда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада ривожлантириш бўйи­­ча қонун ҳужжатларини тайёрлашда фракция аъзолари фаол иштирок этишди ва уларнинг аксарият таклифлари қонун лойиҳаларида ўз аксини топди. 

2021 йил мобайнида фракция томонидан долзарб масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ахборотини Қонунчилик палатаси мажлисларида эшитиш бўйича ташаббус билан чиқиш, шунингдек, улар фаолияти устидан таъсирчан парламент ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Шунга кўра, ўтган даврда фракция ташаббуси асосида қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дас­турларининг ижроси, шунингдек, ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аниқланган камчилик ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган “парламент эшитуви” ҳамда “ҳукумат соати”да ўз таклиф ва ташаб­бусларини билдириб келди.

Шунингдек, фракция таклифига кўра, сайловчиларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал этиш, депутатларнинг аҳоли билан ўтказаётган мулоқот ва учрашувлари давомида кўтарилган масалалар бўйича тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 2 та парламент сўрови юборилди.

Ўтган йил мобайнида фракция аъзолари томонидан сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларга жиддий эътибор қаратилиб, жойлардаги назорат-таҳлил тадбирлари, сайлов округларидаги ўрганиш­лар давомида аниқланган долзарб муаммолар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига жами 37 та депутат сўрови юборилди.

Ҳисобот даврида жойлардаги тизимли муаммолар, қонун ва қонун­ости ҳужжатларнинг ижро этилиш ҳолати юзасидан тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари фракция мажлисларида доимий тарзда эшитиб борилди. Ўтган йил давомида бу каби фракция мажлислари сони 12 тани ташкил этди.

2021 йилда фракция томонидан бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, муҳим тармоқ ва соҳаларда мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқишга бағишланган қатор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, фракция аъзоларининг ташаббуси ва бевосита иштирокида жами 38 та тадбир, шу жумладан, 1 та конференция, 6 та семинар, 28 та давра суҳбати ташкил этилди.

Булардан ташқари, 50 маротаба фракция йиғилиши ўтказилиб, уларда 181 та масала кўриб чиқилди. Шундан 16 таси Президентнинг муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ташқи сиёсат соҳаларидаги долзарб масалалар бўйича маърузалари, фармонлари ва қарорларидан келиб чиқадиган устувор вазифаларга, 135 таси қонун ижодкорлиги фаолиятига, 15 таси фракциянинг назорат-таҳлил фаолиятига доир, 8 таси ташкилий, қолган 7 таси эса бошқа масалаларга бағишланди.

Ўтган йил давомида фракциянинг жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни аниқлаб, ҳал этиш чораларини кўриш, мурожаатлар билан ишлаш ҳамда қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда одамларнинг таклифларини кўриб чиқиш ва инобатга олишга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, фракция аъзолари томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда 30 маротаба назорат-таҳлил тадбири ўтказилиб, уларда жамият ҳаёти учун муҳим бўлган қонун лойи­ҳаларининг ижро этилиш ҳолати, жойлардаги мавжуд тизимли муаммолар, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлиги атрофлича ўрганиб борилди.

2021 йилда “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан сайловчилар билан учрашувларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Чунончи, фракция аъзолари ўтган давр­­да 2 013 та хонадонга ташриф буюришди ва 1 232 та учрашув ўтказишди. Учрашувларда 22 700 нафардан ортиқ электорат вакиллари иштирок этишди ва уларнинг 2 220 нафарга яқинини тадбиркорлар ташкил этди. Шу билан бирга, 603 та ижтимоий соҳа объектлари ҳамда 581 та маҳалла фуқаролар йиғинининг фаолияти ўрганилди. 

Учрашувларда сайловчилар томонидан мамлакат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳаётининг турли соҳаларига оид бўлган жами 1 931 та масала кўтарилди. Парламент вакиллари томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида аҳоли томонидан кўтарилган 881 та (45,7 фоизи) муаммо жойида ҳал этилди.

Қайд этиш жоизки, сайлов округ­ларида депутатлар томонидан 3 800 нафардан ортиқ фуқаро қабули ташкил этилди.

Натижада фракция аъзолари ташаббуси билан сайлов округларидаги учрашувлар ҳамда ҳудудларда олиб борилган ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, одамларни безовта қилаётган долзарб муаммолар ечимига қаратилган 2 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, ўтган йили фракция аъзолари номига фуқаролардан жами 3 735 та, шу жумладан, 914 та ёзма, 2 821 та оғзаки мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 2 821 тасига ижобий ечим топилди ҳамда 1 228 та мурожаат кўриб чиқиш учун тегишлилиги бўйи­­ча мутасадди ташкилот ва идораларга юборилди.

Фракцияда партия Сайловолди дас­туридан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳалари ва Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари юзасидан партиянинг қўйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позиция­­ни шакллантириш йўлга қўйилди. Партия тизимида “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган тизим жорий этилди. 

Хусусан, ишлаб чиқилган тизим бўйича дастлаб фракцияга келиб тушадиган қонун лойиҳалари ва Қонунчилик палатаси қарорлари лойи­ҳалари бўйича фикр ва таклифлар олиш, амалиётдаги муаммоларни таҳлил қилиш учун фракция ижрочи котиби орқали партиянинг Марказий аппаратига тезкор тақдим этилиши, шу куннинг ўзида Марказий аппарат томонидан партиянинг ҳудудий ва маҳаллий кенгашларига Қонун лойиҳаларини етказиш белгиланди. Шундан сўнг, партия экспертлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва бошланғич партия ташкилотлари томонидан таклиф ва тавсиялар берилиб, улар партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда ҳудудий кенгашлари томонидан умумлаштирилган таклифларни партия Марказий аппаратига юбориш амалиёти йўлга қўйилди. Ўз навбатида, партия Марказий аппаратида ҳудудлардан келган таклифларни умумлаштириб, фракцияга юбориш амалиёти жорий этилди.

Шу кунга қадар ушбу лойиҳалар доирасида фракция аъзолари ҳамда партия ходимлари жойларда ташкил қилинган кичик ишчи гуруҳлар билан биргаликда 120 та ҳудудга, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Сирдарё, Фарғона, Наманган, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва бошқа вилоятлар туман ва шаҳарларига ташриф буюриб, 20 минг нафардан зиёд сайловчи, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳоли вакиллари ҳамда тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилди.

Фракциянинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда ҳудудларда ўтказилган сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлари жараёнлари оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиб борилди.

Хусусан, ҳисобот даврида “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан сайловчилар билан мулоқот қилиш ҳамда парламент фаолияти билан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ОАВда жами 6 659 маротаба, хусусан, телевидениеда 1 774 марта, радиода 565 маротаба, матбуотда 926 марта, интернет сайт­ларида 1 189 та таҳлилий мақолалари билан чиқишлар қилинди.

Таъкидлаш жоизки, ҳисобот даврида фракция аъзолари “Facebook” ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифалари орқали сайловчилар билан мус­таҳкам алоқа ўрнатган ҳолда, Қонунчилик палатаси фаолияти ҳақида уларни мунтазам хабардор қилиб борди. 

Бу эса халқ вакилларининг қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларни кўриб чиқиш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилди.

Санаб ўтилганлар, албатта, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг ўтган 2021 йилги фаолиятининг, эришилган ютуқларнинг айрим қирралари, холос. Биз бу борада рўйхатни янада кенгайтиришимиз мумкин.

Ютуқлар – ўзимизники. Шу сабабли биз фаолиятимизга танқидий-таҳлилий кўз билан қараймиз, ўтган йилда эришилмаган айрим ижобий натижаларга бу йил, шубҳасиз, эришамиз деган азму шижоат билан янада самаралироқ, янада фидойилик билан, замон ва давр талабига “лаббай”, дея жавоб берган кўйи ишлашда давом этамиз. 

Зуҳра Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон ва Қирғизистон алоқалари мустаҳкамланмоқда

admin

Сабр — бахтнинг дояси

admin

Юртимизнинг асл бунёдкори эди

admin