ADOLAT 24

Самарқанд, Наманган, Қашқадарё ҳокимлари ҳисобот бермоқда

Жорий йил якунланиб, янги йил бош­ланиши арафасида ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар бир ташкилот ва корхонада қилинган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусига мўлжалланган режалар белгилаб олинади. Бошқача айтганда, барча ишлар ҳисоб-китоб қилинади. Бу ҳам халқимиз орасида кўп йиллар давомида шаклланган ўзига хос одат, қадрият ҳисобланади. Афсуски, одатимизга доим ҳам амал қилавермасдик. Айтайлик, туманлар, шаҳарлар, вилоятларда бир йил давомида қилинган ишлар ва келгуси режалар сарҳисоб қилинарди-ю, аммо бу сарҳисобдан халқимиз ҳамиша ҳам хабардор бўлавермасди. Қўлга киритилган ютуқларимиз, йўл қўйилган камчиликларимиз хусусида ҳисоботлар элимизга тақдим этилавермасди. Ёхуд келгуси йилда туман, шаҳар, вилоятларда қандай ишларни амалга ошириш устувор вазифа қилиб қўйилгани одамларга тўла етиб бормасди.

Эндиликда Президентимиз ташаббуси билан рес­пуб­ли­ка­мизда демократик тамойилларни, шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар бир вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари йил якунлари ҳамда келгуси йил режалари борасида халққа мурожаат билан чиқиши белгилаб берилди. Шу кунларда вилоятларда ҳокимларнинг сессияларда ҳисобот мурожаатлари тингланмоқда ва очиқ-ошкора тарзда муҳокама қилинмоқда. Бу очиқ-ошкоралик нафақат вилоятлардаги ютуқ ва камчиликларни таҳлил қилишга, балки ҳар бир вилоятдаги маҳаллалар, корхоналар, тадбиркорлик хўжаликлари, кластерлар, туманларнинг ташаббус­корлик фаолиятлари билан яқиндан танишишга, уларнинг энг яхши ишларидан ибрат олишга ҳам ундамоқда. Жойларда турли соҳаларда муваффақиятларга эришаётганлар ҳар хил йўллар билан рағбатлантирилмоқда. Кимдир Дубайга саёҳат йўлланмасини қўлга киритмоқда, кимнингдир ташаббуси оммалаштирилмоқда… Хуллас, мақтов ҳам, танқид ҳам халқнинг кўз ўнгида амалга оширилмоқда. Бу ҳам демократиянинг бир тамойили. Қуйида ана шу ҳисобот мурожаатларнинг айримлари ҳақида мухбирларимиз ва партиямиз фаолларининг фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.


Самарқанд миллионли яшил шаҳарга айланади

Самарқандда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг эллигинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия­­да депутатлар билан бирга вилоят сектор раҳбарлари, бошқарма ва идоралар масъу­ллари, ҳоким ўринбосарлари, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган сессия жараёнини туман ва шаҳарлар сектор раҳбарлари, депутатлар ва фаоллар, ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик кузатиб борди. 

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятда 2021 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2022 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари бўйича мурожаат қилди. 

– Президентимиз ташаббуси билан ўтган йилдан буён мамлакатимизда ҳар бир ҳудуд раҳбари – ҳокимлар якунига етаётган йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси йил режалари юзасидан халқимизга мурожаат қилмоқда, – деди Э.Турдимов. 

Вилоят ҳокими ўтиб бораётган йилда амалга оширилган ишлар хусусида тўхталиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳаж­ми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,4 фоизга, саноат маҳсулотлари ҳажми 9,2 фоизга, хизматлар кўрсатиш 25,6 фоизга, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 4,1 фоизга ҳамда қурилиш пудрат 14,3 фоизга ўсганини таъкидлади. 

Қишлоқ ҳудудларида ҳам саноат корхоналари ривожланиб бормоқда. Нарпай туманида 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга “Мароқанд сифат” МЧЖ лойиҳаси асосида 350 нафар, Ургут туманида қиймати 109 миллиард сўм бўлган “Сам-ферре” корхонасида газ плиталар ва электр печлар ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиб, 120 та янги иш ўринлари яратилди. Жорий йилда Россиянинг Москва ва Калининград ҳамда Туркия­нинг Истанбул, Измир ва Бурса шаҳарлари билан янги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокаралар ўтказилди. 

Жорий йилда 77,4 минг фуқароларнинг иш билан бандлиги таъминланмоқда. Жумладан, 40 минг 360 нафари тадбиркорликни ривожлантириш, тармоқ ва ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 37 минг нафар доимий иш ўринлари яратилмоқда. Барча йўналишларда давлатимиз томонидан 4488 нафар фуқарога 92 миллиард сўмлик субсидиялар ажратилди. 

Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 8,1 минг нафар ишсиз фуқароларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун 13,2 миллиард сўм маб­лағ ажратилди. Вилоят ҳокими ўз мурожаатида 2022 йилда 230 минг нафар ишсиз фуқаронинг банд­лигини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган дастур юзасидан белгиланган вазифалар бўйича алоҳида тўхталди. Келгуси йилда пахта ва ғалладан қисқарадиган 6 минг 303 гектар ер майдонлари ишсиз фуқароларга 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга электрон танлов асосида ажратилади ва бунинг эвазига 20,4 минг нафар аҳолининг иш билан бандлиги таъминланади. 

Самарқанд – шарқнинг қадимий шаҳарларидан бири. Унинг келажагини, албатта, туризмсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугунги кунда ички ва зиёрат туризми босқичма-босқич қайта тикланмоқда. Ички сайёҳлар учун транспорт ва меҳмонхона харажатларини субсидиялаш тизими жорий этилди. Туризм инфратузилмасини ривожлантириш доирасида келгуси йилда 212 гектар ер майдонида “Самарқанд бизнес ва туризм маркази” барпо этилади. 

Унда халқаро конгресс маркази, “Абадий шаҳар” карвонсарой мажмуаси, 8 та меҳмонхона, дам олиш ва кўнгилочар объектлар, ҳунармандчилик маркази, сунъий сув ҳавзалари қурилади. 

Туристларга сифатли хизмат кўрсатишни кенгайтириш мақсадида, 150 дан ортиқ янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, ётоқ ўринлар сони 17 мингтага етказилади. 

Келгуси йилдан бошлаб Самарқанд Халқаро гас­трономик фестивали ўтказилади. 

Халқаро кулинария ва сервис мактаби ташкил этилиб, ўқитишга Франция, Италия, Япония, Туркияда етакчи рестораторлар жалб этилади.

Ургут, Нуробод ва Жомбой туманларида туризм клас­терлари ташкил этилади. Вилоятни “Туризм дарвозаси”га айлантириш орқали келгуси беш йилда туризм хизматлари ҳажми камида 10 баробарга оширилади. 

Вилоят ҳокими Самарқанд шаҳрини яшаш учун қулай ва жозибадор “миллионли яшил шаҳар” га айлантириш борасида бошланган ишлар хусусида ҳам батафсил тўхталди. 

Келгусида Самарқанд, Пастдарғом, Оқдарё ва Тойлоқ туманлари ҳудудидан 18 минг гектар майдон шаҳар таркибига қўшилади. Шаҳар таркибида бешта, яъни Сиёб, Мароқанд, Суғдиёна, Боғишамол ва Қорасув туманларини ташкил этиш бўйича таклифлар илгари сурилди. 

Бу таклифлар кўпчилик самарқандликларни, албатта, қувонтиради. 

Шу ўринда айтиш жоизки, самарқандликлар ҳамиша, ҳар бир ишда аҳил ва биринчиларда бўлишган. Ўз нав­батида эса, бу борада барча даражадаги раҳбарлардан амалий ишлар кутишади. 

Одамларни рози қилиш, уларга елкадош бўлиш раҳбар қадри ва обрўсини оширишга, халқнинг оғирини енгил қилишга, уларнинг Ватан ободлиги йўлида фидойилик кўрсатишига имкон яратади.

Ориф Холиқулов,

“Adolat” мухбири 

**

Наманган Сайёҳлик марказларидан бири бўлади

Ҳалқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашининг 27-сессиясида одатдагидан бошқачароқ масалаларга эътибор қаратилди. Унинг иштирокчилари вилоят ҳокими, Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқовнинг 2021 йил якунлари ва 2022 йилга мўлжалланган истиқболли режаларга оид мурожаатини тингладилар.

Вилоятда 2021 йил якунида ялпи ҳудудий маҳсулот 30,6 триллион сўмни ташкил этиб, унинг ўсиши 8,5 фоизга етиши кутилмоқда. Ўтган йилга нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 116,5 фоизни (13 трлн. сўм), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 104,5 фоизни (20,2 трлн.сўм), пудрат ишлари 112 фоизни (5,1 трлн.сўм), чакана савдо айланмаси 110,4 фоизни (14,2 трлн.сўм) ва жами хизматлар ҳажми 124,5 фоизни (12,2 трлн.сўм) ташкил этмоқда. Маҳаллий бюджет даромадлари режаси 1,7 трлн. сўм бўлиб, амалда 1,9 трлн. сўм ёки 220 млрд. сўмга (110,7 фоиз) ортиғи билан бажарилди.

Вилоят иқтисодиётидаги кичик ва ўрта бизнеснинг ўрни якунланаётган йил натижалари билан янада мус­­­таҳкамланди. Ўтган давр мобайнида 6135 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Қулай бизнес юритиш муҳити яратилди, энг муҳими, аҳоли ва тадбиркорларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувваташга алоҳида эътибор қаратилди. Йил давомида тижорат банклари ва жамғармалар томонидан ажратилган 5,1 триллион сўмлик кредитлар ёрдамида қатор истиқболли лойиҳалар ижроси таъминланди. Хусусан, оилавий тадбиркорлик соҳаси учун йўналтирилган 787,4 миллиард сўм 35559 кишига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имконини берди.

Мурожаатда қурилиш соҳасида амалга оширилган ишларга ҳам кенг ўрин берилгани диққатга сазовордир. Хусусан, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 2 820 хонадондан иборат 109 та кўп қаватли уй-жой қурилганлиги қайд этилди. Масалан,  Чуст туманидаги “Гулзор”,  Чортоқ туманидаги “Дўстлик”, Поп туманидаги “Миришкор” маҳаллалари ҳудудида “Янги Ўзбекис­тон массивлари”да жами 640 та хонадонга эга 32 та кўп қаватли уй барпо этилди.  

Келгусида Наманган – аҳолисининг сони миллион кишидан иборат шаҳарга айланиши кутилмоқда. Бунинг учун Давлатобод тумани “Юксалиш” массивида 30 минг оила учун 330 та кўп қаватли уй, мактаб, боғча, шифохона, кичик саноат зоналари, хизмат кўрсатиш объектларини қамраб олган “Янги Наманган” шаҳарчаси бунёд этилади. 

Кичик саноат зоналари бизнесни йўлга қўйиш­нинг ишончли майдонига айланмоқда. Уларда зарур инфратузилма етарли – ғоя ёки лойиҳани амалга ошириш керак, холос. Ҳозир 73 та шундай КСЗда 6,7 триллион сўмлик қийматга эга 1154 та лойиҳа амалга оширилмоқда.Ҳозирга қадар уларнинг 1,4 триллион сўми ўзлаштирилиб, 257 нафар ташаббускор иш бошлаб юборди.

Албатта, мурожаат фақат қўлга киритилган ютуқлар ҳамда эришилган натижаларни баён этишдан иборат бўлиб қолгани йўқ. Аксинча, ҳар бир соҳадаги ҳақиқий аҳвол атрофлича таҳлил этилди, мавжуд камчилик ва муаммолар рўй-рост айтилди. Бунга вилоят ҳокимининг қуйидаги сўзлари мисол бўла олади: «Наманган туризм борасида жуда катта салоҳиятга эга. Афсуски, бу борадаги имкониятларимизни ҳали тўлиқ сафарбар этганимиз йўқ. Мазкур бўшлиққа барҳам бериш мақсадида Чортоқ тумани экотуризм зонасига, Чодак, Нанай ва Олмазор эса туризм қишлоқларига айлантирилади. Туризм қишлоқларидаги оилавий меҳмон уйлари сони 300 тага, туроператор ҳамда турагентлар сони эса 30 тага етказилади. Поп, Чортоқ, Чуст, Косонсой ва Янгиқўрғон туманлари туризм йўналишига ихтисослаштирилиб, 25,5 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа амалга оширилади».

Қўйилган вазифалар кўлами ҳам шунга яраша салмоқли бўлди. Вилоятда туризм хизматлари экспорти ҳаж­мини 10 миллион долларга, бу ерга келувчи турист­лар оқимини эса 3 миллион кишига етказиш зарур. Бунинг учун 5 та маданий мерос объекти реставрация қилинади, уларга олиб борувчи инфратузилма тизими тикланади. 

Мурожаатда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2022 йилга мўлжалланган режа ва кўрсаткичлари депутатлар эътиборига ҳавола қилинди. Олий таълим соҳасида 10 та муассаса ташкил этилади. Халқаро рақамли университет, Покис­тон Ислом Респуб­ликаси Лаҳор университети билан ҳамкорликдаги, шунингдек, “Янги аср университети”, ихтисос­лаштирилган Ибрат мактаби қошидаги хорижий тиллар университети шулар жумласидандир. 

Сессия якунлангандан сўнг журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди. 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши 

матбуот котиби

**

Саноати юксалаётган воҳа

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда вилоятимиз раҳбари Муротжон Азимовнинг воҳамиз аҳлига йўллаган мурожаатини ўқиб чиқдим. Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир йилдан йилнинг фарқи бор. Қашқадарё вилояти улкан имкониятларга эга воҳа ҳисобланади. Унинг ер ости ва ер усти бойликлари ҳақида, бутун мамлакатимизни бу табиий заҳиралардан олинадиган маҳсулотлар билан таъминлашдаги ўрни ҳақида, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, пахта, ғалла етиштириш бўйича етакчи ўринда туриши, вилоятимизнинг бетакрор табиати тўғрисида кўп сўз юритишимиз мумкин. 

Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, бугунги кунда респуб­ликамиз бўйича қазиб олинаётган табиий газнинг 88 фоизи, нефтнинг 92 фоизи Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келади. Талимаржон ГРЭСи, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Кўкдумалоқ нефть кони, Шўртангаз кимё мажмуаси ва бошқа иншоотлар мамлакатимизнинг асосий ёнилғи энергетика базасини ташкил этади. Йилига 500 минг тонна калийли ўғит ва 500 минг тонна ош тузи ишлаб чиқариш қувватига эга Деҳқон­обод калий ўғитлар заводи ҳам вилоят иқтисодиётини ривож­лантиришда салмоқли омил ҳисоб­ланади.

Ўтаётган йил ҳақида гапирадиган бўлсак, Қарши шаҳрида Президент мактаби барпо этилиб, иш бош­лади. Давлат хизматлари маркази ITтехнопарки ўз фаолиятини бошлади. Бундан ташқари, Шаҳрисабз туманида йилига 1000 тонна хом ашёни қайта ишлаб, 350 тонна сифатли ипак тола ишлаб чиқарадиган корхона ишга туширилди. Косон туманида нефть-газ соҳаси учун ускуналар ишлаб чиқариш бошланди. Қарши шаҳрининг “Шайхали” маҳалласи ҳудудида йилига 150 тонна буғдойни қайта ишлайдиган замонавий завод ишга туширилди. Ғузор туманида Ўзбекис­тон – Канада қўшма корхонаси томонидан сояни қайта ишлаш йўлга қўйилди. Биргина шу корхонада 3000 нафар киши муқим иш жойларига эга бўлди. 

Ҳақиқатан, вилоятимиз – улкан имкониятларга эга воҳа. Муборак газни қайта ишлаш заводида суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни янада кўпайтириб, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш мақсадида йирик инвес­тицион лойиҳа амалга оширилди. Бу билан Муборак газни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш қуввати йилига 62 минг тонна суюлтирилган газ ва 22 минг тонна газ конденсатига ошди. Корхонада 100 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, Яккабоғ туманида “Дармон-фарм” хусусий корхонаси томонидан болалар бўтқаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Умумий қиймати 1 миллион 250 минг еврони ташкил этган замонавий корхона Италия ва Украина технологиялари асосида жиҳозланди. Корхонада соатига 5 тонна мева ва сабзавотни қайта ишлаб, болалар учун табиий бўтқа тайёрлаш имконияти яратилди. Қамаши туманида Хитой технологияси асосида “Навбаҳор” пайпоқ ишлаб чиқиш корхонаси ишга туширилган бўлса, Косон туманида дуккакли маҳсулотларни қадоқлайдиган ва йилига 17 минг тонна дуккакли маҳсулотларни саралаш, кунгабоқар донаси ва ерёнғоқни қайта ишлаш ҳамда экспортбоп шаклда қадоқлаш имкони яратилди. Вилоятда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар хусусида сўз юритар эканман, Шўртангазкимё мажмуасининг тозаланган метан гази негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Uzbekistan JTL” заводи ҳақида ҳам айтиш керак. 

Дунёда ҳамон пандемия давом этаётган, молиявий инқироз кўпчилик мамлакатларда ўсиш ўрнига пасайиш ҳолатларини келтириб чиқараётган бир пайтда мамлакатимиз, унинг ажралмас қисми бўлган вилоятимизда иқтисодий барқарорлик тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун йўналтирилган давлат харажатлари бир неча баробар кўпайгани халқимизнинг турмуш даражаси сезиларли равишда яхшиланаётганлигидан далолатдир. Бунинг натижасида биргина бизнинг вилоятимизда одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 ёшга етганини мамнуният билан таъкидлаб ўтсак, хато бўлмайди. 

2021 йилнинг ўтган ойлари давомида вилоятимизда саноат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари, чакана товар айланмаси, бозор хизматлари ҳажми ўсди. Шаҳар ва қиш­лоқларимизда замонавий иншоотлар, кўркам турар жойлар, равон йўллар, юртимиз кўркига улуғворлик бағишлаётган осмонўпар иморатлар вилоятимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг қалбини фахр-ифтихор туйғуларига тўлдирмоқда. 

Фурсатдан фойдаланиб, кириб келаётган 2022 йилда қалбим тўрида бўлган энг эзгу ният ва тилакларимни бутун республикамиз аҳлига изҳор қилиб қоламан. Янги йил ҳар бир инсон, ҳар бир оилага сиҳат-саломатлик, бахту саодат, фаровонлик, тинч­лик, омад олиб келсин. Юртимиз осмони узра тинчлик қуёши порлайверсин, халқимиз омон, истиқлолимиз эса абадий бўлсин!

Руйиддин Раупов,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, 

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Депутатлик гуруҳларида: Андижонда ёш тадбиркорлар мактаби яратилмоқда

admin

ФИРИБГАР АЁЛ суд залидан қамоққа олинди

admin

admin