ADOLAT 24

Сайловчилар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди

Алоҳида мамнуният ва қониқиш билан қайд этишим жоиз, “Адолат” социал-демократик партиясининг 2021 йил давомидаги фаолияти 2021 йилга мўлжалланган “Йўл харита”миз ҳамда Ҳаракатлар дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросига йўналтирилди.

Йил давомида аҳолининг кенг қатлами билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилиб, уларни қийнаётган, жамият ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди. Барча даражадаги депутатлик корпусларининг ҳамкорлиги тизимли йўлга қўйилди. Бунда, айниқса, “Фракция – марказ – вилоят – туман” концепцияси ўзининг ижобий самарасини берди. 

Партиянинг барча туман, шаҳар кенгашларида фаоллар ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам равишда жойларда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тарзда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатилди.

Белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташланишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш ва бу борада жамоатчилик фикрини шакллантириш мақсадида “Энг тоза кўча”, “Энг тоза хонадон”, “Энг тоза маҳалла” номинациялари бўйича танловлар ўтказилди.

Коррупцияга қарши нафрат туйғусини шакллантириш мақсадида “Коррупция – ёшлар тасаввурида” иншолар танлови ўтказилди. Унда респуб­лика бўйича 8642 та умумтаълим мактабларидан 445 минг нафардан ортиқ ўқувчилар ўз иншолари билан иштирок этишди. Иншолар танловининг якуни бўйи­­ча ҳудудлардан 84 нафар ўқувчи ғолиб деб топилди. Уларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди. Энг сара иншолар жамланиб ноябрь ойида “Коррупция – ёшлар нигоҳида” номли китоб нашр этилди.

Яна бир эътиборли ҳолат шундан иборатки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларимизнинг 13 нафари (59 фоизи) ҳамда партиямиздан сайланган сенаторларнинг 3 нафари хотин-қизлардир. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларнинг 259 нафари (30 фоизи) ҳамда партия тизимида фаолияти юритаётган ходимларнинг 125 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Бу борада биз юртимизда фаолият олиб бораётган сиёсий кучлар орасида етакчи ўриндамиз.  

Фракциямизда партия Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳалари ва Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари юзасидан партиянинг қуйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш йўлга қўйилди. Партия тизимида “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган тизим жорий этилган. 

“Адолат” СДП фракцияси томонидан Давлат дас­турининг бажарилишига оид видеоконференция шаклидаги йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда фракция аъзолари 2020 йилги Давлат дастурининг бажарилишига масъул вазирлик ва идора вакиллари билан биргаликда Давлат дастури ижросини бандма-банд кўриб чиқди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан эшитувга тайёргарлик кўриш доирасида ўз сайлов округларида олиб борган учрашувлари давомида соҳада қатор фойдаланилмаган имкониятлар ва ишга солинмаган захиралар мавжудлиги маълум бўлди.

Қишлоқ жойлардаги мактабларнинг моддий-техник ҳолати ўрганилганда синф хоналари, ўқувчилар учун яратилган шароитлар талабга жавоб бермаслиги ҳолатлари аниқланди. Ўқув-тарбия жараёнини давлат стандартларига мувофиқ ташкил этиш, болаларнинг ўзлаштириш даражасини оширишга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда, фракция аъзо­лари вазирлик томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил ахборот сўрашди.  

Депутатлар томонидан ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, республикамизнинг деярли барча умумтаълим мактабларида мусиқа фанини ўқитиш учун мусиқий чолғу асбоблари етишмас экан. Мавжуд мусиқий чолғуларнинг ҳам аксарияти эскирган бўлиб, амалиётда фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Бундан ташқари, мусиқа фанини ўқитишда дарслик­лар етишмаслиги ҳам кузатилмоқда. Мавжуд дарслик­лар эса мазмунан саёз бўлиб, бугунги замон талабларига жавоб бермайди. Педагог кадрлар масаласида олиб борилган ўрганиш­лар эса айрим ҳудудларда, хусусан, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида мутахассисларнинг етишмаслигини намоён этди.

Бугунги кунда партиядан сайланган 34 нафар ёш депутатлар маҳаллий Кенгашларда фаолият олиб бормоқда. 

Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида ёшлар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, ахборот маданиятини шакллантириш мақсадида 345 та учрашув ўтказилиб, уларга 19 574 нафар иштирокчилар қамраб олинди.

Ҳозирги кунда партия қошида ташкил қилинган “Истеъдод клуби”да 2100 нафар истеъдодли ёшлар аъзо бўлиб, улар билан ҳар ойда учрашувлар, ижодий баҳс-мунозаралар ташкил этилади. Ўтган йил давомида ёшлар билан жами 210 маротаба учрашувлар, давра суҳбатлари, ижодий маҳорат дарслари ташкил этилди.

“Бир ойда – бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида жами 1153 нафар ёшлар иш билан таъминланди. Республиканинг барча ҳудудий Кенгашлари фаоллари ва депутатлари кўмагида 860 нафар ишсиз хотин-қизларни ишга жойлаштиришга кўмак­лашилди.

Партия ва ҳамкор ташкилотлардан тузилган ишчи гуруҳлар иштирокида барча ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги жами 6205 та умумтаълим мактаблардаги тиббий хизматнинг бугунги ҳолати юзасидан ўрганиш­лар олиб борилди. Ўрганилган 6205 та мактабдан 6119 тасида тиббиёт хонаси мавжудлиги ва 6950 нафар тиббиёт ходими билан таъминланганлиги аниқланди. Аммо ўрганилган 6205 та мактабдан 96 тасида стоматология хонаси ташкил этилган бўлса, ундан 55 тасида соҳа мутахассислари фаолият олиб бораётганлиги, ўрганилган умумтаълим мактабларидан 6109 тасида стоматология хоналари умуман ташкил этилмаганлиги аниқланди. Ўрганишлар жараёнида соҳа мутахассислари томонидан ташкил этилган тиббий кўрик­лар мактаб ўқувчилари орасида 186 295 нафари кариес касаллигига чалинганлиги аниқланди. Ўрганиш якунлари юзасидан ҳудудлардаги тиббиёт бирлашмалари масъуллари, депутатлар, вилоят халқ таълими бошқармаси масъ­­ул ходимлари, мактаб директорлари, ота-она­лар ва ОАВлар иштирокида аниқланган муаммолар юзасидан “Ўзбекистонда болалар стоматологияси: муаммо ва ечимлар” мавзусида 18 та кенгайтирилган тадбирлар танқидий рухда ташкил этилди.

Ўрганиш натижалари юзасидан партия фракцияси томонидан Парламент эшитувини ташкил этиш ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун партия фракциясига хат юборилди. Фракцияга юборилган маълумотга асосан Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови тайёрланди. 

1 июнь куни Республика ихтисослаштирилган гематология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди. Акцияда республика бўйлаб барча ҳудудлардан Кенгаш ходимлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгаш депутатлари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” Кенгаши аъзолари, партия фаоллари ва кўплаб юртдошларимиз савобли ишга ҳисса қўшиш мақсадида хайрия акциясида иштирок этишди. Донорлар орасида давлат, жамоат арбоблари, турли вазирлик, муассаса, ҳамда ташкилотлар масъул ходимлари, халқ ардоғидаги ёзувчи, шоир, санъаткорлар ҳам бор. Ўтказилган акцияларда жами 4456 нафар донор иштирок этиб, 1569 литр қон йиғилди ва йиғилган қонлар 8912 нафар қонга муҳтож болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди. Мазкур тадбир анъанавий тус олди. Шунингдек, кўчма донорлик бригадалари ташкилотларга ташриф буюриб, кўнгилли донорларни ўзига чорлади. Партия онкогематологик касалликка чалинган болажонлар кўнглини нафақат донорлик, балки байрам совғалари билан ҳам олишга интилди. 2021 йил декабрь ойида Тошкент шаҳридаги онкологик касалхоналарда даволанаётган болалар учун “Янги йил кўчма арчаси” тадбири ўтказилди. 

Партия ва депутатлик корпуси томонидан ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва ахборот сайтларида 2900 дан ортиқ мақолалар эълон қилинди. Уларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, вакцина тарғиботига алоҳида аҳамият қаратилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзуларга партиянинг муносабати ва нуқтаи назари билдирилди. “O‘zbekiston 24” каналида 658 марта, ҳудудий телеканалларда 138 марта партия фаолларининг интерьвюлари берилди.

Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари ва Сенат аъзоларининг республика марказий нашрлари (“Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Жамият”, “Hurriyat”, “Nuroniy”)да жами 94 та, интернет сайтлари (www.parliament.gov.uz, www.senat.uz, www.uza.uz, www.xs.uz, www.kun.uz, www.turkistonpress.uz, www.xabar.uz ва ҳ.к)да 600 дан ортиқ муносабатлари эълон қилинди.

Республика марказий нашрларида 841 та, маҳаллий газета ва журналларда 1159 та, партия нашри – “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетасида партия фаолиятига доир 631 та мақолалар чоп этилди. 

Партия веб-сайтида йил давомида жами 3905 та турли хабарлар ёритилди. Ҳар бир ҳудудий Кенгаш ижтимоий тармоқлардаги ўзининг расмий саҳифаларида кундалик янгилаб борди.

Ахборот агентликлари, информацион порталлар ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотларнинг веб-сайтларида партия фаолиятига доир жами 2400 тадан ортиқ мақолалар эълон қилинди.

2021 йил саҳнасидаги яна бир муҳим воқеа – Президентлик сайлови бўлди. Президентлик сайлови янги Ўзбекистонга хос мутлақо янги сиёсий-ҳуқуқий муҳит, янги ижтимоий-иқтисодий шароитда, юксак ташкилий савияда, миллий ҳамда халқаро қонунчилик норма ва талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилди. 

Сайловчилар томонидан давлат ва жамиятимизнинг барқарор ривожи, турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича долзарб саволлар ўртага қўйилди. Фуқароларнинг таклиф ва тавсиялари уларнинг юрт тақдирига бефарқ эмаслигидан дарак берди. Учрашувларда очиқ-ошкора масалалар айтилди, муҳокама қилинди. 

Ушбу Президентлик сайлови илк бор Сайлов кодекси асосида ташкил этилгани билан ҳам аҳамиятлидир. У тенглик, очиқлик ва ошкоралик, кўппартиявийлик, муқобиллик, кучли рақобат руҳида кечди. Сайлов партия учун мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаш, электорати манфаатларини ифодалаш имконини берди. Сайлов куни “Адолат” СДПнинг барча даражадаги сайлов штаблари тўлиқ таркибда фаолият олиб борди. Ҳудудий ва маҳаллий сайлов штабларидан келган ахборот ва маълумотлар партиянинг марказий штабида умумлаштирилиб, таҳлил этиб борилди. 

Номзод ва унинг сайловолди дастурини кенг ёритиш мақсадида ижтимоий тармоқлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, сайловчининг онгу фикрига таъсир этиш мақсадида медиа-марказ ташкил этилди. Марказга махсус мутахассислар жалб қилиниб сайлов технологияларидан кенг фойдаланилди. Шу билан бирга, юртимизда фаолият олиб бораётган бир қанча сайтлар билан ҳамкорликда иш олиб борилди.

Айниқса, номзодни тарғиб қилувчи ва овоз беришга чақирувчи 30 дан ортиқ видеороликлар сценарийлари тайёрланди ва ушбу сценарийлар асосида 4 та овоз беришга чорловчи, 5 та махсус номзодни тарғиб қилувчи кўрсатув ва 10 дан ортиқ журналист ва блогерлар билан суҳбатлар ташкил этилишига эришилди.

Сайлов кампанияси даврида партия томонидан оммавий ахборот воситаларида жами чиқиш­лар сони 35 366 тани ташкил этди. Жумладан, веб-сайт­ларда чиқишлар сони 6 158 тани, телевидениеда чиқишлар 1 738 та, босма нашр журналларда 2 612 та, ижтимоий тармоқларда чиқиш­лар 24 858 тани ташкил этди.

Йил давомида “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифаларнинг аҳоли орасида кенг тарғиботини олиб боришда партиямиз фаоллари, депутатлар ва ОАВ ходимлари жонбозлик кўрсатишди. Келаси йилга мўлжаллаган ишларимизни ёруғ юз билан бажаришда ҳам уларнинг меҳнатларига суянамиз. 

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

ЭРКАКЛАРНИ АСРАНГ АЁЛЛАР! Зеро, улар ҳам баъзан ҳимояга муҳтож бўлишади

admin

ДАВРИЙ БОСМА НАШРЛАР ахборот хавфсизлиги соҳасида муҳим аҳамиятга эга

admin

Адолат устувор юрт фаровон бўлади

admin