ADOLAT 24

ДАВРИЙ БОСМА НАШРЛАР ахборот хавфсизлиги соҳасида муҳим аҳамиятга эга

(Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг расмий веб сайтида “Адолат” газетасида чоп этилган мақола эълон қилинди)

Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолининг медиа саводхонлигини ошириш, давлатнинг турли ахборий хуружлар ва кибержиноятчиликка қарши курашиш салоҳиятини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Аслида, юқори медиасаводхонлик турли нохолис, манипуляцион ахборотларга қарши чидамли бўлишнинг энг ишончли, мақбул ечимидир. Нохолис ахборотга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш эса ҳақиқий ахборот таъминоти билангина амалга оширилади. Ахборот маконидаги истеъмол маданиятини юксалтириш учун медиа маҳсулотлар сифатини яхшилаш зарур.

Демак, давлат медиа макондаги барқарорликни таъминлаш учун, аввало, медиаматериаллар сифатини юксалтиришга эътибор бериши керак. Бу эса, ўз навбатида, қатор вазифалар амалга оширилишини назарда тутади.

Аввало, “яхши ишлаб чиқарувчидан яхши маҳсулот” мантиғига кўра, ОАВ таҳририятлари салоҳияти юксалтирилиши, хусусан, малакали кадрлар, замонавий техника, молиявий барқарорлик таъминланиши даркор.

Жамоатчиликни ишончли ахборот билан таъминлашда даврий босма нашрлар энг мақбул танлов бўлиши мумкин. Тўғри, бу гапга жавобан, “нашрларнинг адади кам”, “ким ўқийди ҳозир газеталарни” каби муносабатлар айтилиши табиий. Лекин уларнинг барча медиаманзиллардаги имкониятини яхшиласакчи, деган фикрни ҳам ўйлаб кўриш зарар қилмайди.

Бундан ташқари, бугун инсонларнинг мобил қурилмаларга боғланиб қолиши натижасида келиб чиқадиган зарар ва турли хатарлар жиддий ташвиш туғдираётгани сир эмас. Жумладан, ижтимоий тармоқда эълон қилинаётган огоҳликка даъват этувчи материалларда ҳам гаджетларга қарамликнинг зиёни, бундай кишиларнинг миясидаги биокимёвий ўзгаришлар гиёҳвандлик давридаги ўзгаришлар билан бир хил бўлиши ҳақида маълумот берилмоқда.

Даврий босма нашрлар мутолааси эса мутлақо зиён ва хатарлардан ҳолидир. Бундан ташқари, мутолаанинг инсон хотирасини мустаҳкамлаб, тафаккурни ривожлантириши, сўз бойлигини ошириши, одамлар билан мулоқотни яхшилаши, ўзига бўлган ишончни кучайтириши, уйқуни яхшилаши ва асаб тизимини мустаҳкамлаши каби қатор фойдалари исботланган. Ҳаттоки илмий тадқиқотлар мутолааси альцгеймер касаллигидан сақланишда ҳам фойда беришини кўрсатган.

Масаланинг сиёсий аҳамиятига қайтайлик. Давлат ўз миллий матбуотини ривожлантириш орқали миллий медиа макондаги сифатни яхшилаши, аҳолининг медиа саводхонлигини ошириши, шунингдек, ташқи кучларнинг ахборот хуружларига қарши кураша оладиган қудратли медиа армияни шакллантириши мумкин.

Бунинг учун муассисларнинг нашрлар олдидаги мажбуриятларини бажариши борасидаги масъулиятини кучайтириш зарур бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунида оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши муассиснинг мажбуриятларидан бири сифатида қайд этилган. Шунингдек, Президентнинг 2022 йил 27 июндаги ПҚ-294-сонли қарорида муассислар ўзларига қарашли таҳририятларни молиявий қўллаб-қувватлаши, малакали кадрлар билан таъминлаш ҳамда даврий босма нашрларнинг замонавий электрон нусхасини яратиши, интернет билан интеграциялашуви учун зарур ёрдам кўрсатиши зарурлиги белгиланган.

Мазкур қонун ва қарор ижроси қанчалик таъминланмоқда? Даврий босма нашрлар ўз муассисларидан етарли эътибор кўряптими? Бу саволларга даврий нашрларнинг бугунги адади орқали жавоб олиш мумкин.

Аслида, даврий нашрлар улкан имконият манбаи бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаш давлатнинг, энг аввало, муассис идоранинг медиақувватини ошириш демакдир. Ахборотларни жамоатчиликка етказиш, соҳани ёритишга хизмат қилувчи ихтисослашган профессионал журналистларни тайёрлаш каби мақсадларга айнан шу эътибор орқали эришиш мумкин.

Сўнгги йилларда “мажбурий обуна”га қарши ҳаракатлар атрофидаги муҳокамалар ҳам жамоатчилик эътиборини тортган мавзулардан бўлди. Лекин, ростини айтганда, буни газета-журналларга қарши ташкиллаштирилган ҳаракат сифатида баҳолай олмайман. Боиси, бир пайтлар корхона ва ташкилотлар, таълим муассасаларида моддий манфаат эвазига ишчи-ходимлар, ўқитувчи ва ўқувчиларни, талабаларни оммавий равишда обунага мажбурлаш авж олгани бор гап. Бироқ, ўша мажбурий тиқиштирилган нашрларнинг аксарияти кўнгилочар газеталар эди. Обунадан улуш олиш келишуви асосида ташкил этилган мазкур кампаниялар жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Таълим тизимига ва бошқа соҳаларга тааллуқли тармоқ нашрлари эса вазият қурбонига айланди. Тўғриси, обуна билан боғлиқ бу ҳолат барча даврий нашрларга салбий таъсир кўрсатди.

Қувонарлиси, қанчалик қийин бўлмасин аста-секин босма нашрлар ўз саҳифаларида долзарб мавзуларга оид яхши мақолалари билан яна ўқувчилар эътиборини, эътирофини қозонишни уддаламоқда. Лекин уларнинг мавқеини тиклаш, кучли медиа ресурсларга айланиши учун фақатгина таҳририятлар ҳаракати камлик қилиши аниқ. Шу мақсадда бугун медиа қўшинимизнинг куч-қудрати ва салоҳиятини ошириш учун муассисларнинг эътибор ва қўллаб-қувватлаши сув ва ҳаводек зарур.

Таҳририятнинг ривожланиши муассис мавқеини мустаҳкамлаш ва ахборот-тарғибот кампанияси самарадорлигини оширишга хизмат қилишини инобатга олсак, аслида муассис ўзи учун инвестиция киритган ҳисобланади.

Бугунги эҳтиёж ва заруратлар газеталарга ижтимоий лойиҳа сифатида қарашни талаб қилмоқда, десак хато бўлмайди. Газета ва унинг барча ахборот ресурслари муассис, идора, тизим ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг ёритишга хизмат қилар экан, бундан, энг аввало, муассис манфаатдор. Унинг имижи, манфаати устуворлик касб этмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир ахборот пухта тайёрланган ва ишончли бўлади.

Бу мақсадлар ҳар бир муассис зиммасига ўз нашри таҳририятини билимли кадрлар билан бойитиш, мавжуд жамоанинг билим ва касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш, муносиб иш ҳақини таъминлаш каби муҳим вазифаларни юклайди. Таҳририят обуна ва иш ҳақи каби ташвишлардан буткул халос бўлиши зарур. Натижада жамоа бор куч-ғайрати ва билимини ижодий ишларга сарфлайди. Ҳар бир материали қизиқарли бўлиши учун интилади.

Эътибор ва мададни ҳис этган газета эса мутолаа маданиятини юксалтириш, “кирланмаган” ахборот билан таъминлаш ва бу орқали билимли, кенг дунёқарашга эга, турли манипуляцияларга чидамли жамиятни шакллантиришга хизмат қилади.

Бугун газета ўқиб, ундан ҳузур топа биладиган кишилар кўп дея мақтанолмаймиз, афсуски. Мутолаа завқидан йироқ жамият эса турли шов-шувларга, енгил-елпи кўнгилочар хабарларга ўч бўлиб бораверади.

Мутолаа маданиятини юксалтиришда бадиий адабиёт қай даражада катта аҳамият касб этса, матбуот нашрлари ҳам асло ундан кам эмас. Боиси, газета ва журналларда чоп этилаётган яхши материалларни ўқиганингизда муаллифнинг кўплаб китоб ва бошқа манбалардан йиққан ахборотларни жамлагани кўринади. Бу матбуотнинг энг устун жиҳатларидан биридир.

Шу маънода, метро бекатлари, савдо мажмуалари, олий таълим муассасаларида газета расталари ўрнатиш ва ўқувчиларга текин тарқатиш орқали мутолаа маданиятини юксалтириш мумкин.

Албатта, бу ишлар катта маблағ талаб қилади. Лекин сарф этиладиган маблағлар жамият маънавий даражасини юксалтириш, аҳолининг, айниқса, ёш авлод тафаккурини бойитиш, жамоатчилик назоратини ривожлантириш, шу билан бирга, ахборот хуружларидан ҳимояланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Оммавий ахборот воситаларини сиёсий шарҳловчи ва журналистлар билан таъминловчи амалий мактабга айланиши мумкин. Бундан ташқари, муассис ташкилот тадбирларини ёритиш учун бошқа ОАВлар ёрдамига муҳтожлик қолмайди.

Газеталарнинг ижтимоий тармоқ­лардаги саҳифаларини ривожлантириш орқали ҳам ушбу медиамакондаги савиясизликка қарши самарали курашиш мумкин. Бу борада Касаба уюшмалари федерацияси муассислигидаги “Ishonch” ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг “Zarafshon” газеталарини алоҳида ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. Қувонарлиси, бундай нашрлар сафи кенгаймоқда.

Таҳририятда маркетинг хизматини йўлга қўйиш, унинг даромад топиш қобилиятини ошириш ҳам устувор вазифалардан биридир. Реклама ва эълонлардан ташқари медиаматериаллар савдоси орқали ёки жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган воқеа-ҳодисалар бўйича экспертлар муносабати билдирилган интервьюлар, долзарб мавзуларга оид шоу дастурлар тайёрлаб телеканалларга пуллаш ёки интернет ресурсларидаги саҳифаларда эълон қилиш орқали даромад топиш мумкин.

Бундан ташқари, газеталар “етказиб бериш хизмати”ни амалга ошириш бобида ҳам яхшигина дастёр бўла олади. Муассис ёки бошқа ташкилотларнинг байрам табриклари, реклама мазмунидаги махсус буклет ва тарқатма материалларини газета ичига жойлаган ҳолда кенг тарқатиш мумкин. Ҳар бир хонадонга кириб борган қутловлар, кўркам дизайнга эга реклама хабарномалари халқ билан янада яқин бўлишга, жамоатчиликнинг илиқ муносабатини қозонишга хизмат қилади.

Даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш борасида АҚШда нашрларни етказиб бериш бўйича почта хизмати нархининг чегирма тизими, Германияда солиқ имтиёзи бериш, Исроилда соҳа ходимлари малакасини ошириш ва олий таълим олишларини давлат ҳисобидан молиялаштириш, Россия, Туркия ва Қозоғистонда субсидия ажратиш амалиёти мавжуд.

Хулоса қилиб айтганда, газетага кўрсатиладиган эътиборнинг даражаси ундан келадиган самаранинг салмоғини белгилайди.

Абдумуталлиб Ўктамов,

журналист

“Адолат” газетасининг 2024 йил 19 январдаги 3-сонидан олинди

Tegishli xabarlar

“Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз?!”

admin

Аёл судьялар — адолат ва матонат тимсоли

admin

“ДАЧА КЕРАКМИ?..”

admin