ADOLAT 24

Адолат устувор юрт фаровон бўлади

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига ўттиз йилдан ошди. Бу давр мобайнида олиб борилган тизимли ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар йил сайин такомиллашиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, инсон қадрини улуғлашга, ҳар бир инсон учун муносиб ҳаёт тарзини шакллантиришга, халқ фаровонлигига эришишга хизмат қилмоқда. 

Мамлакатимиз йил сайин тараққий этиб, ривож­ланиб, дунёдаги энг илғор мамлакатлар қаторига чиқиб бормоқда. Албатта, мамлакат ривожланган сайин Конституция ва қонун ҳужжатлари такомиллашиб, унинг янада ривожланиши учун ҳуқуқий механизмлар яратилиши лозим. 

Шу нуқтаи назардан, кўп миллатли халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан янгиланаётган Конс­титуция Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, мамлакат, миллат ва халқ манфаати, ҳар биримизнинг фаровон ҳаётимиз ва бахтли келажагимиз йўлида қўйилган улкан қадамдир.

Муҳими, Конституцияни янгилаш ташаббускори халқимиздир. Халқ вакиллари – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат ташкил топган Конституциявий комиссия томонидан: 

биринчи босқичда “Менинг Конституциям” шиори остида аҳолининг фикр ва мулоҳазалари, таклифлари тўпланди ва мутахассислар томонидан сараланди; 

иккинчи босқичда расмий равишда умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, минглаб ватандошларимизнинг таклиф ва тавсиялари асосида такомиллаштирилди; 

учинчи босқичда Қонунчилик палатаси, Конс­титуциявий суд ва Сенат муҳокамаларига киритилди ҳамда мукаммал тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ овози – Референдумга қўйиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимизнинг янги лойиҳаси том маънода халқ Конституцияси сифатида яратилди. Ундаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, лойиҳада Асосий қонунимиз матнининг қарийб 65 фоизи халқимиз, айниқса, аёллар ва ёшлар томонидан билдирилган таклифлар асосида такомилига етказилди.

Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилмоқда. Бу нормалар социал-демократик нормалар бўлиб, инсон ҳуқуқларига олий мақом берадиган, барча инсонларни ижтимоий ҳимоя қиладиган ва қонун олдида ҳамманинг тенглигини таъминлайдиган олий даражадаги ҳуқуқий механизм бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Адолат” социал-демократик партиясининг асосий мафкурасига ҳамоҳанг бўлган “Ҳуқуқий давлат” тушунчасининг Конституциядан ўрин олиши советлар даврида топталган ва мустақиллик йилларида тикланган инсон қадрини янада улуғлаш, ҳимоя қилиш ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини мукаммал таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. 

Ҳуқуқий давлат – бу Конституция ва қонунлар устувор бўлган, миллатидан, ирқидан, танасининг рангидан, жинсидан, келиб чиқишидан, диний ва дунёвий қарашларидан, мансаб даражаси ва моддий имкониятларидан қатъий назар ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият, деб тан олинадиган, эътироф этиладиган, ҳурмат қилинадиган мамлакатдир.

Шу сабабли, янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари давлат ва жамият манфаатларидан устун қўйилмоқда. Давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос солинмоқда. Қонун ҳужжатларидаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур, деб белгиланмоқда.

Айниқса, ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлиги, ҳуқуқий дахлсизлиги, мулкий дахлсизлиги кафолатланмоқда. Жумладан, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги конституциявий даражада белгиланмоқда. Бу норманинг халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институти сифатида Конс­титуциямиздан ўрин олиши шахс дахлсизлигининг кафолати бўлиб, ҳеч ким қонун ҳужжатларига асос­ланмаган ҳолда тергов ва суриштирув органлари томонидан ҳибсга олиниши, қамоқда сақланиши мумкин эмаслигини ифодалайди.

Шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормаларидан яна бири “Миранда қоидаси” ҳам Конституциямиздан ўрин олмоқда. Унга кўра, шахс гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи тариқасида илк бор ушланиш чоғида унинг ҳуқуқлари қуйидаги мазмунда тушунтирилиши лозим бўлади: “Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз берган кўрсатмаларнинг барчасидан судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, сиз давлат томонидан адвокат билан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?”. Хуллас, шахсни ушлаш чоғида унга расмий тилда эмас, тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт эканлиги назарда тутилмоқда. 

Шахс ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас, исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Шу сабабли унга сукут сақлаш ҳуқуқи берилмоқда. Айбдорликка оид барча шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланмоқда. Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас. Шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас. 

Шунингдек, ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат суднинг қарори асосида йўл қўйилади.

Янгиланаётган Бош қомусимизда ўлим жазоси конституциявий даражада тақиқланмоқда. Маълумки, инсон дунёга яшаш учун келади. Шу боис, ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи Конституция даражасида ҳимоя қилинмоқда. Тўғри, мамлакатимизда 2008 йил 1 январдан бошлаб жиноят қонунчилигидан ўлим жазоси бутунлай олиб ташланиб, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилган эди. Эндиликда ўлим жазосини тақиқлаш конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигининг мукаммал кафолатидир.

Конституциямизда “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади” деган норманинг қатъий белгилаб қўйилиши инсон ҳуқуқларига содиқлигимизни, инсон қадрини улуғлашга қўйган катта ва залворли қадамимизни яққол намоён этмоқда. Бу норманинг киритилиши, табиатнинг гултожи бўлган инсон умри инсонпарвар Янги Ўзбекистонда олий мақом олиб, мутлақо дахлсиз бўлаётганлигидан далолат беради.

Хулоса ўрнида эътироф этиш жоизки, Конс­титуциявий ислоҳотларнинг энг асосий устувор вазифалари – инсон манфаатини тўғридан-тўғри ва самарали ҳимоя қилишга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг, шаъни ва қадр-қимматининг, шахсий, мулкий ва маънавий дахлсизликларининг сўзсиз таъминланишига қаратилганлиги билан эътиборга молик. Зеро, Конституция ҳамда қонунлари адолатли ва устувор юртнинг халқи фаровондир!

Tegishli xabarlar

МАКТАБЛАРНИ БИТИРУВЧИ ЎҒИЛ-ҚИЗЛАРИМИЗГА

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЎТТИЗ ИККИ ЙИЛЛИК БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

admin

Тарихий воқелик арафасидаги мулоқотлар

admin