ADOLAT 24

Ҳақиқатга тик боқиб бўлмаяпти

(“Ҳуррият” газетасининг 2021 йил 21 апрель сонида чоп этилган журналист Ҳусан Эрматовнинг “Ҳақиқатга тик боқинг, жаноб” сарлавҳали мақоласига жавоб эмас…)

“Ишонч” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматовнинг “Ҳақиқатга тик боқинг, жаноб” сарлавҳали мақоласида матбуотнинг бугунги ҳолати, бунга сабаб бўлаётган омиллар, муассис ва таҳририят ўртасидаги масалалар таҳлил қилинган. Бироқ биз бугун бу мақола ҳақида сўз юритишдан йироқмиз. Бизни бошқа нарса қийнамоқда…

БИРИНЧИДАН, бугун юртимизда, 1 сентябрь ҳолатига кўра, 9 255 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Ҳақиқатга тик қаралса, демак, шунча маҳаллага уларнинг асосий нашри — “Mahalla” газетаси етиб бориши керак. Амалда-чи? Афсуски, 2022 йилги обуна мавсумида газетага юқоридаги сони келтирилган маҳаллаларнинг атиги 1 713 таси йиллик, 1 135 таси олти ойлик, 58 таси уч ойлик обунани расмийлаштирган (маълумот 2021 йил 23 декабрь ҳолати бўйича). Хўш, қолган маҳаллалар-чи? 9 255 та маҳалладан қарийб 6 мингтасига тизим нашри умуман етиб бормаслигини қандай тушуниш мумкин? Раислар шунчалик матбуотдан йироқми? Ё қандайдир “кўринмас қўл” уларни бунга мажбурлаяптими?

Газета ўтган йиллар давомида айнан йиғин ходимларини қийнаётган масалаларни олиб чиқиб, тегишли вазирлик ва идоралар олдига дадил саволларни қўя олди. Бу давр ичида газета орқали қанчадан-қанча маҳаллалардаги муаммолар ҳал этилгани ҳам бор гап. Бироқ шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, бирор хайрихоҳлик бўлмаса, вазият ҳозиргидек оғир ҳолатга келиб қолган бўлса, ҲАҚИҚАТГА ТИК БОҚИБ БЎЛМАЯПТИ!

ИККИНЧИДАН, даврнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, газетамиз юртимиз нашрлари ичида биринчилардан бўлиб 32 саҳифалик форматга ўтди. Бунда нафақат формат ўзгарди, балки мазмунан ҳам буткул бошқа йўналиш танланди. Яъни тадбирбозлик, қуруқ ҳисоботлар, “олди-қочди” мақолалардан буткул чекинган ҳолда, фақат одамлар дарди билан қалам тебратиш, уларни қизиқтираётган, қийнаётган масалаларни олиб чиқиш, керак бўлса, муаммоларнинг охирига қадар курашиш ҳар бир газета журналистининг бурчига айланди. 

Бироқ, тан олиб айтиш керакки, газетада чиққан танқидий мақолага на бирор бир вазирлик, идора ёки ташкилот эътибор берди, танқид қилинган мутасаддилар эса оғзига талқон солгандек миқ этмай тураверишди. 

Ҳатто вазият шу даражага етдики, газета ўзи танқид қилиб, жавобини ҳам сўраб олмагунча, масъуллар беписанд қараб тураверди. 

Сен одамларни қийнаётган муаммоларни олиб чиқсангу, сен билан ҳеч кимнинг иши бўлмаса, нима деяпсан ҳам демаса, ҲАҚИҚАТГА ТИК БОҚИБ БЎЛМАЯПТИ!

УЧИНЧИДАН, матбуотга ҳаётнинг ўзи катта талабларни қўймоқда. Бир томондан муассис ўз ҳолингга ташлаб қўйса, бошқа томондан бугунги ўқувчи ўқишни истамаса, додингни кимга айтишни-да билмайсан. Шундай вазиятда фақат ўз кунингга ўзинг ярашинг, муассис масъулиятсизлигидан “дод” солгандан кўра, ҳаракат қилганинг маъқулроқ. Шу маънода нашримиз республикада биринчи бўлиб муштарийларни обуна бўлиш орқали машина ютиб олиш имконини берадиган “Ютуқли газета” акциясини ташкил этди. Акция доирасида маҳалла раислари ўртасида ўрганишлар олиб борилганда, уларнинг аксарияти “Бизга машина керак эмас, “тепа”дан битта буйруқ бўлса, бас, обуна бўлаверамиз” деган фикрни билдиришди. Бундан кўринадики, ҳудуд раҳбарларининг “Қатъий тавсиялари” асосида обунаси ташкил этилаётган нашрлар ҳам маҳалла идораларининг бир бурчагида чанг бўлиб ётади. 

Шу билан тўхтаб қолинмай, мамлакатимизда илк бор “Xolis nazar” кундалик электрон газетаси фаолияти йўлга қўйилди. Кундалик газета доирасида “Олтин рақам” акцияси эълон қилиниб, қимматбаҳо ютуқлар билан бирга, кундалик газетани ҳар куни бепул ўқиш имконияти яратилди. Бироқ шунча саъй-ҳаракатлар қилсанг-да, одамларни машина миндириб ҳам газета ўқита олмасак, ҲАҚИҚАТГА ТИК БОҚИБ БЎЛМАЯПТИ! 

Бундай вазият шундай давом этар экан, жамиятда маънавий дангасалик авж олиши турган гап. Бу жараёнда кимдир назорат қилмаса, бора-бора одамлар қўлига на китоб, на газета-журнал олади. Давраларда маънавият гурунглари йўқолади. Мутолаа ўрнини ғийбат, миш-миш ва бўҳтонлар эгаллайди. Йиғинларда ҳаётимиздаги ўзгаришлар, мамлакатнинг стратегик йўналишлари муҳокамасини эмас, қайсидир отарчи ҳақидаги қизғин мунозараларни кузатаверамиз.

Бундай вазиятда давлатнинг, ҳукуматнинг ўзи мутолаага рағбат кўрсатмаса, қўллаб-қувватламаса, бу борада аниқ чоралар белгиламаса, афсуски, ҲАҚИҚАТГА ТИК БОҚИБ БЎЛМАЯПТИ…

ТАҲРИРИЯТ.

Манба: xolisnazar.uz

Tegishli xabarlar

“ЖАДИДЛАР: МИЛЛИЙ ЎЗЛИК, ИСТИҚЛОЛ ВА ДАВЛАТЧИЛИК ҒОЯЛАРИ” МАВЗУСИДАГИ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ)

admin

ПОПда янгиланишлар Самара бермоқда

admin