ADOLAT 24

ПОПда янгиланишлар Самара бермоқда

Зафаржон Ҳасановни анчадан бери танийман. Сабаби – у ҳам ижодкор, кўп йиллардан бери матбуотда қатнашиб туради. Қалами ҳам анчагина чархланган. Ўзи Попнинг энг катта қишлоқларидан саналмиш Сангда, Сирдарё бўйларида туғилиб ўсган. Мактабдан кейин институтни битириб, иқтисодчи мутахассислигини олди. Банк муассасаларида ўн беш йилдан ортиқ меҳнат қилди. Бу жараёнда жамоатчилик топшириқларини бажаришни, одамлар билан ишлашни ўрганди.

Шу аснода орттирилган кўникма ва тажриба партия туман кенгаши раиси сифатидаги фаолиятида қўл келди, дейиш мумкин. У “Адолат” СДП туман кенгаши етакчиси этиб сайланганига икки йил бўлди. Лекин мана шу қисқа давр мобайнида поплик сафдошларимизнинг ибратли иш­лари кўпчиликнинг эътиборига тушди. Аъзолар сони ортиб, БПТ сони ҳам кўпайди. Ўтган йил якунларига кўра улар вилоятда тўрақўрғонликлардан кейин иккинчи бўлганди. Бу йил эса барча йўналишлар бўйича юқори натижаларга эришиб, биринчи ўринга чиқиб олди. Айниқса, депутатлик гуруҳи олиб бораётган фаолият диққатга сазовор.

– Иш бошлаганимда маҳаллий Кенгашларга сайловларга икки ой қолганди, – деб эслайди З.Ҳасанов. – Номзодлар танлаб бўлинган экан. Улар ичидан сайланишга имконияти борларни саралаб, иш бошладик. Бироқ жуда юқори кўрсаткичга эриша олмадик. Иккита депутатлик ўрнига эга бўлдик, холос. Бу, албатта, туман кенгашида гуруҳ тузишга имкон бермасди. Шунинг учун оралиқ сайловларда халқ ишончига сазовор бўладиган номзодларга таянишни ўзимизга мақсад қилиб олдик.

Партия туман кенгашининг бу режаси барча фаолларга маъқул тушди. Жамоатчилик орасида танилган, ҳурмат-эътибор қозонган кишилар танланиб, номзодлар захирасига киритилди. Улар билан ишлаш бошланди. Аммо орада пандемия туфайли жорий этилган карантин халал берди. Ниҳоят, сентябрдан кейин вазият ўзгариб, барча соҳаларда ишлар жонланиб кетди. Халқ депутатлари туман Кенгашига 9-Хўжа­обод округида октябрда ўтказилган сайловда “Адолат” СДП вакили муваффақиятга эришди. “Агробанк” туман бўлими бошқарувчиси ўринбосари Аброржон Рапиғалиев депутат этиб сайланди.

Энди партия гуруҳи тузиш учун имконият юзага келди. Бироқ сафдошларимиз бу билан кифояланмадилар. Декабрь ойи­­­­да 25-Маданият округида ўтказилган сайловда яна бир номзодимиз ғалаба қозонди. 31-умумтаълим мактаби директори Мафтуна Маматова ҳам туман Кенгаши депутати ваколатини қўлга киритди.

Тез орада М.Маматова депутатларимизга етакчи этиб сай­­­­ланди. Унинг раҳбарлигида амалга оширилган ишлар партия дастуридаги вазифаларнинг бажарилишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

– Шу йил бошидан бери халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига иккита масала киритдик, – дейди М. Маматова. – Уларни тайёрлашда фаолларимиз кўмакдош бўлдилар. Масалан, “Умумтаълим мактабларида малакали тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини ўрганиш, болалар ўртасида ясситовонлик, сколиоз, стоматологик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ҳамда профилактик тадбирларни кўзда тутувчи давлат дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, болаларга кўрсатилаётган стоматологик ёрдам сифатини яхшилаш бўйича барча даражадаги давлат ҳокимияти ижроия органлари масъулиятини кучайтириш тўғрисида”ги масалани ўрганишда шифокор партиядошларимиз иштирок этишди. Дастлаб умумлаштирилган маълумотлар депутатлик гуруҳида дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирокида муҳокама этилди. Сўнгра масала тегишли доимий комиссияда кўриб чиқилди.

Сессияда “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари М.Маматова маъруза қилди. Масаланинг атрофлича ўрганилгани, ҳар бир факт ва рақам аниқ маълумотлар билан мустаҳкамлангани барча депутатларда яхши таассурот қолдирди. Партиядош­ларимиз ниҳоятда муҳим мавзуга мурожаат қилганликлари ўз самарасини берди. Соғлом авлодни тарбиялашда соғлиқни сақлаш тизимининг ўрни ва масъулиятини ошириш, таълим-тарбия ва спортнинг ўрнини янада кучайтириш, соғлом бола тарбиясида маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг таъсирини янада оширишнинг долзарб вазифалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Депутатлик гуруҳининг раҳбари ўз сўзида бугунги кунда мактаб­ларда болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, жумладан, стоматология хизмати соҳасидаги ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар тўпланиб қолганлигини қайд этди. Ўқувчиларда оғиз бўшлиғидаги касаллик­ларнинг ортгани ва ўз вақтида даволанмаслик оғир хасталиклар келиб чиқишига, ҳаттоки ногиронликка сабаб бўлаётганлигини кузатиш мумкин. Болалар ўртасида стоматологик касалликларнинг олдини олиш ҳамда профилактик тадбирлар жамоатчиллик назорати тартибида ўрганилди. Туманда 18 ёшгача болалар орасида стоматологик хизматга муҳтожлар ўртача 68,1 фоизни ташкил этиши маълум бўлди.

Бир қатор мактаб­ларда тиббиёт хонаси ва ходими ишлаб турибди. Аммо 57-мактабда тиббиёт ходими штати мавжуд бўлса-да, хона йўқ. Демак, ўқувчиларга ҳеч қандай хизмат кўрсатилмайди. Кўплаб мактабларда тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар етарли эмас.

Шунингдек, ўқувчиларнинг тиб­­бий билимлари ва санитария-гигиена даражаси талаб­ларидан қай даражада хабардорликларини ўрганиш юза­­сидан 120 дан ортиқ бола билан суҳбат ўтказилди. Натижа эса ташвишли – тушунтириш ва тарғибот ишлари етарли даражада эмас. Ота-оналар ва педагоглар эса бепарво. Сессияда қабул қилинган қарорда барча камчилик­лар аниқ кўрсатилиб, уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.

Бугунги кунда туманда нафақат марказий йўллар, балки ички кўчалар ҳам равон бўлиб бораётганини кўриш мумкин. Бунда ҳам халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоларининг ўзига яраша ҳиссаси бор. Чунки уларнинг ташаббуси билан сессияларда бу масала ҳам муҳокама этилганди. Бунга партиядошларимиз ўрганган масала сабаб бўлганди. Энди вазият бутунлай ўзгарди.

Бу фикрнинг исботи тариқасида биргина мисол келтирамиз. Маданият нафақат Попнинг, балки Наманган вилоятининг энг олис қишлоқларидан бири. Айни кунларда бу ерда ички йўллар таъмирланмоқда. Юқорида тилга олинган сессияда ўша қиш­лоқдаги ҳолат тўғрисида ҳам сўз юритилганди. Бугун туман йўллардан фойдаланиш давлат унитар корхонаси ходимлари ички кўчаларга асфальт ётқизиш ишларини жадаллик билан олиб боришмоқда.

– Жорий йилда 14,8 миллиард сўмлик йўл қурилиши ишларини бажаришимиз лозим, – дей­ди корхона директори Жаҳонгир Ғафуров. – 137 километр йўлни шағаллаш ва 69 километрни эса асфальтлаш белгиланган. Бу ишлар 80 фоизга бажарилди. Ҳозирда 60 дан ортиқ йўл қурилиш машина-механизм, 150 нафар ишчиларимиз меҳнат қилмоқда.

Булар Поп туманидаги “Адолат” СДП депутатларининг эзгу ишларидан бир қисми, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, улар фаолияти келгусида янада кенг қамров касб этиб, салмоғи янада ортади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Наманган вилоят кенгаши

матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Диёримиз довруғини дунёга таратган чемпионлар!

admin

ИСЛОҲОТЛАР ички ишлар органлари фаолиятини янгилашга замин яратади

admin

ДОНИШМАНДНИНГ ТЎҚСОНИНЧИ  ДОВОНИ

admin