ADOLAT 24

Ишончни оқлаётган ноиблар

Бугун одамларга олди-қочди, қуруқ гап, ёлғон ваъдалар эмас, балки амалий иш керак. Халқнинг ишончини оқлашнинг ягона йўли шу. 

Бунга ўз фаолиятида қатъий амал қилиб келаётган халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда ўртага ташланаётган ҳар бир муаммога жиддий эътибор қаратиб, фуқароларни жамият ва давлатдан рози қилишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Бу борада депутатлик гуруҳимиз аъзо­­си Ҳаққул Ишимов фаолияти диққатга сазовор. У аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, камчиликларни жойида бартараф этиб, сайловчилар ишончини оқлаётир. Ҳ.Ишимов ҳозиргача фуқаролар мурожаати асосида тегишли ташкилотларга 30 га яқин депутатлик сўровлари юборди. Энг қувончли томони шундаки, у эътибор қаратган барча муаммолар ўз ечимини топди. 

Ҳаққул Ишимов шу йил июнь-июль ойларида Қарши шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда партия­нинг “Фарзандлари соғлом юрт қуд­ратли бўлур” лойиҳаси доирасида умумтаълим мактабларида ўрганиш­лар олиб борди. Ўрганиш­­лар натижасига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан тегиш­ли маълумотлар тайёрланиб, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг сессиясига масала киритилди ва келажагимиз ворис­лари таълим-тарбия олаётган ўқув муассасаларидаги камчиликлар бартараф этилди.

Депутатлик гуруҳимиз аъзолари жорий йилнинг февраль ойидан бош­лаб МФЙлардаги уюшмаган ёш­лар ўртасида спортнинг дзюдо тури бўйи­­ча “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида “Депутат кубоги” мусобақасини мунтазам ўтказиб келмоқда. Биргина ўтган ойда уюштирилган спорт мусобақаларида 8 та вазн тоифасидаги 120 нафар ёшлар қизғин беллашдилар. Мусобақалар якунига кўра кучлилар сараланиб, ғолиблар рағбатлантирилди. 

Депутат Ҳ.Ишимовга “Пахтазор” МФЙдаги 4/65-уйда яшовчи фуқаро Гулруҳ Аҳмедова уй-жой масаласида субсидия олишида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ушбу ариза ўрганиб чиқилиб, тегишлилиги бўйи­­ча Қарши шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи номига депутатлик сўрови юборилди. Масъ­уллар томонидан муаммо тезда ҳал этилди. 

Депутатлик гуруҳимизнинг яна бир аъзоси Қаҳрамон Рўзибоев ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, иш билан таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш мақсадида маҳалла ёшлари ўртасида мунтазам равишда “Биз пандемияни спорт билан енгамиз” шиори остида спортнинг волейбол, футбол, шахмат-шашка, теннис, турникка тортилиш турлари бўйича депутат кубоги учун мусобақаларини ташкил этиб келади. Унда шаҳардаги барча маҳаллалар ёшлари қатнашиб келмоқда. 

Шаҳримиздаги “Беклар” МФЙда яшо­в­чи фуқаро Холмирза Райимқулов депутатлик гуруҳимиз аъзоси Алишер Ишназаровга ишга жойлашиш масаласида мурожаат қилди. Депутат мурожаатга асосан Х.Райим­қуловнинг Қарши шаҳ­ридаги 5-мактабга ишга жойлашишида ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, Алишер Ишназаров “Навоий” МФЙда яшовчи 30 та эҳтиёжманд оилага кийим-кечак, озиқ-овқат ва болалар учун спорт анжомлари тарқатди. 3 нафар ногирон болага эса эшитиш мосламаси олиб берди. 

Жорий йилнинг 10 август куни “Каманди” МФЙда жойлашган 25-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ва ота-оналар А.Ишназаровга мактаб таъмирталаб бўлиб қолгани, пол ва том қисмлари яроқсиз ҳолга келгани, информатика хонаси учун 15 та компьютер 2 та принтер, 2 та электрон доска кераклиги юзасидан ёзма равишда мурожаат қилишди. Алишер Ишназаров мактабдаги аҳволни ўрганиб чиқди ва аҳоли мурожаати тўғри эканлигини аниқлаб, Қарши шаҳар ҳокими ўринбосарига депутатлик сўрови юборди. Депутатлик сўровидан сўнг ҳокимлик мутасаддилари кўмагида мактабдаги муаммолар бартараф этилди. 

Депутат Чамангул Муҳаммадиева шу йил июль ойида “Пахтазор” МФЙ аҳолиси билан учрашганида одамлар кўчаларнинг носозлигидан шикоят қилишган эди. Депутатнинг ўз вақтидаги саъй-ҳаракати туфайли ҳозир маҳалланинг “Тинч­лик” кўчасидан 2 километр масофага, “Баркамол” кўчасидан эса 600 метр масофага Қашқадарё вилояти автомобиль йўллар ҳудудий бош бош­қармаси йўлсозлари томонидан асфальт ётқизилмоқда. Шунинг­дек, “Комилон” МФЙда умргузаронлик қилаётган Гўзал Муртозаева депутатга тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 20 миллион сўм субсидия олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Чамангул Муҳаммадиева фуқаро мурожаатини маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Қарши шаҳар бўлими ҳамкорлигида ҳал қилишга эришди. Фуқарога субсидия берилиб, тикув машинаси билан таъминланди. 

Фуқаролар мурожаатлари билан иш­лашда депутат Акмал Бегматов ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Унинг бевосита кўмаги билан шаҳардаги “Темир йўлчилар” ва “Буюк Турон” МФЙда янги қурилган уйлардаги электр энергияси таъминоти билан боғлиқ фуқаролар мурожаати ўз ечимини топди. Депутатнинг кўмаги билан “Чармгар” МФЙда яшовчи фуқаро Н.Каримовга даволаниш учун ордер олиб берилди. Депутат “Буюк Турон” ва “Темир йўлчилар” МФЙ аҳолиси билан юзма-юз мулоқот ўтказганида кам таъминланган оилалар фарзандлари ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлари учун иш йўқлигидан шикоят қилишганди. Депутат мурожаатларни пухта ўрганиб, 22 нафар фуқарони шаҳар ободонлаштириш бўлими орқали мавсумий ишларга жойлаштирди. Бу каби хайр­­ли ишлардан ташқари депутат Акмал Бегматов аҳоли мурожаати асосида тегишли ташкилотларни жалб қилган ҳолда “Темир йўлчи” МФЙга қарашли барча ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизишга муваффақ бўлди.

Умуман, депутатлик гуруҳимиз аъзолари сайловчилар мурожаатини ўз вақтида эшитиб, ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор бермоқдалар. Биз “Адолат” СДПнинг дас­турий мақсад ва ғояларини халқ ўртасида кенг тарғиб этишда бундан буён ҳам фаолликни қўлдан бермаймиз.

Ҳусниддин Бердимуродов, 

халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари

Tegishli xabarlar

ИЛМ-ФАН — ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ

admin

Ваъдабоз ҳокимлардан куйдик…

admin

Сайлов — биз учун катта имконият

admin