ADOLAT 24

Иқтидорли ёшлар — юрт келажаги

Жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳар биримиздан янгича фикрлашни талаб қилади ва бу фалсафий тафаккурнинг узлуксиз янгиланиб бориши негизида амалга ошадиган жараён ҳисобланади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, янгича фикрлаш дунё манзарасини онгу тафаккуримизда қайтадан кашф қилиш эмас, аксинча, билим ва идрокимиз кучи билан ўз дунёқарашимизда уни илмий-ижодий акс эттириш, демакдир. Тафаккур – инсон ақл-заковати, унинг воқеа-ҳодисалар ичида адашиб кетмаслиги учун йўл кўрсатувчи машъала. Шунинг учун ҳам юртимиздаги ҳар бир инсоннинг, айниқса, ёшлар онгу тафаккурини шакллантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Тафаккурни шакл­лантириш орқали эса инсон ўзини англайди.

Бугунги кунда теран ақл ва тафаккур кучи билан воқеа-ҳодисаларни баҳолай оладиган, масъулиятни чуқур ҳис этиб, лоқайдлик ва бефарқлик каби иллатларга қарши турадиган ёш авлод тарбия­­си ҳар қачонгидан муҳим бўлиб, ушбу йўналишда олиб борилаётган маънавий-мафкуравий, ахлоқий-тарбия­вий ишларимиз ўз самарасини бермоқда. 

Ёшларимизнинг маънавий­-ахло­қий турмуш тарзининг камолот даражаси бевосита аждодлар маданий меросини чуқур ўрганиш, фалсафий мушоҳада қилиш ва ундан ижодий фойдалана олиш қобилияти билан аниқланади. 

Янги Ўзбекистонни барпо этиш – яқин ва олис тарихимиз, бетакрор ва ноёб маданий бойликларимизни янада чуқур ўрганиб, уларга таяниб, миллий тараққиёт йўлимизни янги босқичда давом эттиришни талаб қилади.

Дарҳақиқат, юртимизда дунёни янгича идрок этадиган, миллат ғурури ва ҳақ-ҳуқуқи учун курашадиган, ўз тақдирини халқи, Ватани тақдири билан бир деб биладиган янги авлод шаклланмоқда. Улар ҳам аждодлар маънавий меросини, ҳам умумбашарий қадриятларни баробар ўзлаштирмоқда. Маънавият инсоннинг маълум даражадаги жисмоний, ақлий, ахлоқий ва руҳий балоғати ва дунёқарашини ифодаловчи тушунчадир. Шу нуқтаи назардан, ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, юртимизда миллий маданиятни янада ривожлантириш йўлида барча бирдек масъул бўлиши лозим.

Салоҳиятли мутахассис кадрлар Ўзбекистоннинг эртанги кунини, миллат келажагини белгилайди. Шу боис, замон талабларига жавоб берадиган юксак маданиятли, билимдон ёшларни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиши, ўз навбатида, учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш йўлида бел боғлаган Янги Ўзбекистон учун жуда муҳимдир.

Бу жараён узлуксиз миллий таълим-тарбия тизимининг барча босқичларини уйғун ва мутаносиб ривожлантиришга алоҳида эъти­бор беришни тақозо этмоқда. Бу йўлда катта ҳаётга улкан орзулар билан кириб келаётган ёшларга тобора кўпроқ имкониятлар яратиш, уларнинг олий таълимга қамровини кенгайтириш, ўқиши, маънавиятининг тўғри шаклланиши, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш учун зарур бўлган ишлар амалга оширилаяпти.

Юртимизда ёшларга берилаётган имкониятлар Самарқанд давлат чет тиллар институти миқёсида амалга оширилаётган ишларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Ҳозирда Самарқанд вилояти халқ таълими тизимидаги 49 та таянч ва 9 та таж­риба-синов мактабларида табиий фанларни чет тилида ўқитиш, узлуксиз таълим тизимининг кейинги узвий босқичи бўлган касб-ҳунар коллежларида чет тили таълимини янги сифат босқичига кўтариш борасида институтимиз томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Оқдарё педагогика коллежида ва Нарпай туманидаги 32-ўрта мактабда ҳамда қатор бошқа таълим марказларида институтимиз ташаббуси билан ташкил этилган семинар ва конференцияларда ўрта мактаб ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчиларига чет тилларини ўқитишда амалий-услубий кўмак бериш, ўқитиш услублари ва мазмунига замонавий педагогик технологияларни жадал ва самарали татбиқ этиш, янги, халқаро стандартларга мос ўқув адабиётларини яратиш ва амалиётда қўллаш, ўрта махсус таълим тизими субъектлари учун нофилологик фанларни чет тилларда олиб борадиган етук мутахассисларни тайёрлаш каби долзарб масалалар муҳокама этилиб, тавсия­лар ишлаб чиқилди.

Бу борада инс­титутда ташкил этилган Тил ўргатиш маркази, ёш мутахассисларга методик ёрдам кўрсатувчи Касбий маҳорат мактаби, Компетенция мактаби, ота-оналар учун чет тили курслари каби илмий-ўқув марказларнинг фаолияти, айниқса, коллеж ва ўрта мактаб ўқитувчилари учун том маънода тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. 

Албатта, таълим муассасалари­да дарсларни самарали ташкил этишда етук кадрлар билан бир қаторда таълимга доир меъёрий ҳужжатлар, ўқув-методик таъминотнинг ўрни ҳам бениҳоят аҳамиятлидир. Ўқитишнинг замонавий методологиясини яратиш ва амалиётга жорий этиш, ўқувчиларнинг онгли равишда касб-ҳунар танлаш иштиёқини кучайтириш, дарсликларни яратишга бутунлай янгича ёндашиш каби долзарб вазифалар айнан шу мақсаддан келиб чиқилган ҳолда амалга оширилмоқда. 

Ҳақиқатан ҳам, глобаллашув жараёнининг жадаллашуви ўқув дас­турларимизни тубдан қайта кўриб чиқишни, кенг билимга эга бўлган, мантиқий фикрлай оладиган ёшларни вояга етказишга хизмат қиладиган, такомиллашган меъёрий ҳужжатлар, янги педагогик технологияларни яратишни тақозо этмоқда.

Илҳом ТЎХТАСИНОВ,

халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, профессор

Tegishli xabarlar

ТИЛ “ҚАБРИСТОН”И КЕНГАЙМОҚДА…(ми?) ёхуд тил байрами арафасидаги ўйлар

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

admin

БАРЧА ЗАМОНЛАРНИНГ БУЮК ДАҲОСИ

admin