ADOLAT 24

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ)

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ Шеробод тумани Маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сурхондарёлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, хайрихоҳлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, фаол хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этдилар.

Мазкур учрашувни Президентликка номзоднинг Сурхондарё вилоятидаги ишончли вакили Абдурашид Артиқов кириш сўзи билан очди. Ишончли вакил иштирокчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида атроф­лича маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов сўзга чиқиб, ўз Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор ғоялар, мақсадлар, асосий масалаларни сайловчилар эътиборига ҳавола этди.

Хусусан, халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида ўқитувчилик касби нуфузини ошириш, умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойиллари қарор топишига эришиш, таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтириш каби мақсадлар айни бугунги замон талаби ва эҳтиёжларидан келиб чиққанлигини таъкидлади.

Шунингдек, номзод ўз Сайловолди дастурида мамлакат учун замонавий, юқори интеллектуал кадр­ларни тайёрлашда таълим тизимининг барча босқичидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва жадаллаштириш ғоялари ўрин олганлигини қайд этиб ўтди.

Тадбирда аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш, фуқаролар орасида тиббий маданиятни шакллантириш каби ижтимоий масалаларнинг дастурдан жой олганлиги алоҳида таъкидланди. Номзод дастуридан ўрин олган кучли ижтимоий ҳимоя йўналишида белгиланган мақсад ва вазифалар, айниқса, аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш масаласи, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва пат­ронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш каби устувор вазифалар белгиланганлиги аҳоли учун янада қулайликлар яратишга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, номзоднинг дастурида хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларни босқичма-босқич давом эттириш, уларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган аёлларни давлат бош­қаруви органларининг барча соҳалари ва бўғинларига жалб қилиш масалаларига устувор вазифа сифатида қаралиши олдимизда турган муҳим вазифалардан бири эканлиги айтилди.

   Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини кучайтириш,  ижро ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлаш, жиноятчиликка, порахўрликка, тамагирликка, зўравонликка қарши муросасиз курашиш, адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш ишларини давом эттириш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш каби асосий масалалар диққат марказидан жой олганлиги таъкидланди.

Учрашувда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ривож­лантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тўғрисида фикр юритилди.

Номзоднинг Сайловолди дастури юзасидан фикр-мулоҳаза билдирган сайловчилар номзодни  қўллаб-қувватладилар. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Баҳром Абду­ҳалимовга овоз беришга чақирдилар. Учрашув якунида номзод Баҳром Абдуҳалимов сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

Қизларшой Раҳматова,

халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати:

– “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Б.Абдуҳалимов Сайловолди дастурининг моҳият-эътиборига қарайдиган бўлсак, у мамлакатимизда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўзаро боғлиқлигининг, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашнинг, сўз ва ахборот олиш эркинлигининг, фуқаролик жамияти қуришнинг узоқ муддатга мўлжалланган дастуриламалидир.

Сайловолди дастури билан танишар экансиз, у мақсадларнинг аниқ кўрсатилганлиги, мақсадларга эришишнинг муайян механизмлари акс этганлиги билан ажралиб туради.

 Номзод ўзининг дастури орқали республикамиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни асосий мақсади, деб билади.

Айниқса, таълимга инвестиция киритиш – Ўзбекистон келажагига сармоя киритиш, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим омили деган қоидани шиор қилиб олган ҳолда дастурда ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни давом эттириш, шу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиш, умумтаълим мактаблари дарсликларининг янги, замонавий авлодини яратиш учун “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти”ни ташкил қилиш борасида белгиланган масалалар диққатимизни тортди.

Зикрилло Боқижонов,

партия фаоли:

– Ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий кўринишларидан бири бу фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканликларидадир. Истиқлолнинг ўтган даври мобайнида бу борада мамлакатимизда муайян тажриба тўп­ланди, халқаро амалиёт ўзлаштирилди. Бунинг натижасида бир неча марта ошкоралик тамойиллари асосида ўтказилган сайловлар мамлакатимиз аҳолиси ва хорижлик экспертлар эътирофига сазовор бўлди. Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизда олиб борилган изчил ислоҳотлар, кўппартия­вийликни шакллантириш йўлидаги изланиш­лар самарасидир.

“Адолат” социал-демократик партияси рес­публикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимизга янада тўкис, фаровон турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни ўзининг асосий мақсади, деб билади. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда ҳам бошқа сиёсий партиялар билан бир қаторда муносиб иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастури билан танишдик.

Дастурда илгари сурилган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги устувор мақсад ва вазифаларнинг партиямиз мафкураси, дастурий мақсадларига ҳамоҳанг эканлиги ҳамда мамлакатимизнинг келгуси тараққиёти йўлида белгиланган илғор режаларни амалиётга татбиқ этиш партия­мизнинг барча бўғинларига улкан масъ­улият юклайди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда биз халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик корпусларимиз ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлар билан бевосита кенг қамровли ҳамкорлик ишларини йўлга қўямиз. 

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, сизларни олдимиздаги муҳим сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаолликка чақирган ҳолда, партиямиз томонидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовни қўллаб-қувватлашга чақираман.

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

“Adolat” етказиб берилди

admin

ВАТАН БАҒРИГА ҚАЙТГАН СУЛТОН

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ КЎРФАЗ АРАБ ДАВЛАТЛАРИ – МАРКАЗИЙ ОСИЁ ОЛИЙ ДАРАЖАДАГИ БИРИНЧИ САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin