ADOLAT 24

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Қашқадарё вилояти)

Мамлакатимиз катта сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказиладиган сайлов арафасида турибди. Сайловлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, қолаверса, келажак учун белгилаб олинадиган ривожланишнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади.

Қарши шаҳридаги Ёшлар маркази тадбиргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик пар­­тиясидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Учрашувда Президентлик­­ка ном­зоднинг респуб­ликадаги ишончли вакили Умиджон Сулаймонов сайловчилар­­ни номзод таржимаи ҳоли билан таништирди. Номзоднинг дас­турида ижтимоий адолатни қарор топтириш, халқ самарали ҳокимияти тамойилини босқичма-босқич амалга ошириш, парламентаризмни ривож­лантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ишини тартибга солувчи қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, давлат бошқарувида фуқаролар иштирокини кенгайтириш, барча жабҳада жамоатчилик назоратини ўрнатиш, илм-фанни тараққий эттириш ҳамда ташқи сиё­сатда икки томонлама манфаатлар устуворлигини таъминлаш каби бир қатор вазифалар илгари сурилганига эътибор қаратди.

Анжуманда номзод дас­туридаги асосий устувор йўналишлар, аввало, янги Ўзбекистон халқи тинч-тотувлиги, фаровон ҳаёт кечириши, қолаверса, сиёсий куч электорати ва ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда белгилангани алоҳида таъкидланди. Шу билан биргаликда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шио­­ри остида юртимизда кечаётган ислоҳотлар яхши самара бераётгани, айниқса, партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган суд-ҳуқуқ тизими, жамиятда “Қонун ва адолат устувор, жиноятга жазо муқаррар” тамойилини қарор топтириш, иқтисодий йўналишда юз бераётган ўзгаришларни янада ғайрат билан давом эттириш муҳим вазифа этиб белгиланганлиги эътироф этилди.

Анжуманда номзод сайловчиларни қизиқтирган турли саволларга жавоб қайтарди.

Шу куни Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов Қарши шаҳридаги Кардиология шифохонасида ҳам бўлди. Номзод тиббиёт муассасасида аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлаш борасида қилинаётган ишлар ва эришилаётган ютуқлар билан танишди.

Дилшод Ҳамзаев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастурида дунё сиёсий амалиётида кенг қўлланиладиган ва тан олинган социал-демократик ғояларнинг ўзбекона қадриятларимиз, миллий ўзига хослигимиз, халқимизнинг менталитетига уйғунлашган ҳолда ифода этилганлиги бизни қувонтирди.

Номзоднинг дастурида жамиятда соғлом фикр ҳамда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш механизмларини яратиш, “Жамиятда юриш-туриш одоб-ахлоқ қоидаларни жорий этиш” каби таклифларнинг илгари сурилганлиги эътиборга молик. Чунки фуқаролик жамиятини шакллантириш маънавий ахлоқий нормаларга таяниб ташкил этилиши, энг аввало, оилаларнинг мустаҳкамлигига ва фарзандлар тарбиясига ўз таъсирини кўрсатади.

Айниқса, таълим соҳасини янада ривожлантириш борасида илгари сурилган истиқболли таклифлар ўқитувчи-педагог сифатида диққатимни тортди. Олий таълим муассасаларига жалб этилган хорижий профессор-ўқитувчилар, талабалар учун виза ва турли давлат божларини бекор қилиш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш, олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш каби илғор ташаббус ва ғоялар халқимизга, албатта, манзур бўлади, деб ўйлайман.

Қўйли Нарзуллаев,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати:

– “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастури мазмун-моҳиятига қарайдиган бўлсак, у мамлакатимизда сиё­сий ва иқтисодий ислоҳотлар ўзаро боғлиқлигининг, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашнинг энг долзарб масалаларини ўзида мужассам этганлиги билан аҳамиятли.

Айниқса, дастурдан ўрин олган марказдан узоқ қиш­лоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш таклифи илгари сурилганлиги барчага бирдай маъқул келди.

Шу билан биргаликда таълим тизимини ислоҳ қилишда жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини яратиш, олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаш, олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чораларини амалга ошириш мақсадлари, давлатимиз ўзининг энг катта бойлиги ва таянчи деб билган биз, ёшларга катта имконият эшикларини очади.

 Бундан ташқари, олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритиш ва йил якунлари бўйича энг юқори рейтингга эга бўлган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибининг ўрнатилиши ёшларнинг илм олишга бўлган иштиёқини янада кучайтиришга, ўз устида доимий ишлаб боришга ундайди.

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Жон Голсуорси: “Ёзувчилар ва ислоҳотчилар мукофот олмасликлари керак”

admin

ИСЛОҲОТЛАР ички ишлар органлари фаолиятини янгилашга замин яратади

admin

ИЛМ-ФАН — ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ

admin