ADOLAT 24

КЎЗГУ ҚАРШИСИДАГИ ҲАЁСИЗ «АЁЛ» ВА ҒУРУРСИЗ «ЭРКАК»

Ушбу мақолани ёзиш нияти туғилган пайтда бир ибратли ҳикоят эсимга тушди. Ўзини фаросат ва хушбичимликда тенгсиз деб ҳисоблайдиган бир киши умри ўтиб борган сари юзига тушаётган ажинларни, оқараётган соч-соқолини кўриб ҳар куни қаршисидаги кўзгуни уриб синдирар экан. Кўзгу қолмагач, у ташқи нуқсонини кўришдан бутунлай қутилибди. Лекин атрофидаги синчков одамлар унинг ички нуқсон ва камчиликларини, ахлоқидаги салбий ўзгариш­ларни кўриб, тузатишга ҳаракат қилишаркан. Бироқ бу ҳам унга ёқмабди. У одамларни жеркиб, ўзига яқинлаштирмай қўйибди. Охир-оқибат бадбашара, бефаросат махлуққа айланиб қолган бу одамдан ҳамма ҳазар қиладиган бўлиб қолибди. 

Бугунги ҳаётимизга назар ташлайдиган бўлсак, юқоридаги каби кўзгу синдирадиган ва яхшилик истовчиларни ўзидан четлатадиган ғайритабиий инсонлар пайдо бўла бошлади. Бундайлар орасида аёлларнинг борлиги кишини хавотирга солади. Минг афсуски, мана шундай хулқдаги кишиларни худди реклама қилаётгандай ижтимоий тармоқлар оммага кўз-кўз қилмоқда. Масалан, бир аёл маст ҳолатда ички ишлар ходимини ҳақорат қилаётгани, бошқа бир аёл эрининг олдига бегона эркакни бошлаб келиб, у билан турмуш қурмоқчи бўлгани ва эридан талоқ сўраётгани, яна бошқа бир аёл шаллақилик қилиб, уй-жойга эга бўлаётгани, яна бир аёл эри ва болаларини ташлаб чет элга ишга кетгани, яна бири ўз онасига зуғум ўтказаётгани, бошқаси тирикчиликни сабаб қилиб фоҳишалик билан шуғулланаётгани… ва ҳоказо! 

Шу билан биргаликда ўз жуфти ҳалолини фаҳш ишларга ундаб, ҳаром ризқ топаётган хотин томондан қилинаётган сарполарга қувониб, қайнота миндириб қўйган машинага меҳр қўйиб, садақа қилинган амалга гердайиб юрадиган куёвтўралар ҳаёти тарғиб қилинаётган видеоларнинг сон-саноғи йўқ. Ёки ёшларнинг ўзидан катталарни сенсираши, олиму уламоларни ҳақорат қилиши каби ҳолатлар ҳам тармоқларда ғиж-ғиж ёритиб борилмоқда. Кимдир бу каби салбий иллатларни кўрсатишдан мақсад – одамлар бундан тегишли хулоса чиқариб олишлари учун деса, хато қилади. Одамлар кўзига қанча кўп иллат кўрсатилса, бу иллатлар шу қадар уларнинг турмуш тарзига сингиб бораверади. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод бундай бузуқчиликни тез ўзлаштириб олади. Бунга мисоллар йўқ эмас. Ўзини осмонда кўрадиган ўқувчининг мушугини мактабда ҳеч ким «пишт!» дея олмайди. У ўзи хон, кўланкаси – майдон! Минг афсуски, ўқувчи паст баҳо қўйган, танбеҳ берган устозини жазолашга қодир. Буни ўша ижтимоий тармоқлар кўз-кўз қилиб турибди. Ачинарлиси, уларга жазо ҳам берилмаяпти. Агар ақалли битта беҳаё аёл, даюс эркак, тарбиясиз болага жиддий чора кўрилса, бошқаси қадамини ўйлаб босадиган бўлади. Йўқ, аксинча, жабрдийда камситилган бўйича қолаверади, зўравон айшини суриб юраверади. 

Биз азалдан миллий ақидамизга таяниб, аёл кишини меҳрибон, мунис иболи-ҳаёли нозик хилқат сифатида, эркак кишини эса қатъиятли, вужуди ғурур-шижоатга тўла забардаст ва ориятли сиймо сифатида ҳурмат қилиб келганмиз. Шунинг учун бувилар ва оналарга алоҳида эҳтиром, боболар ва оталарга юксак ҳурмат кўрсатиб келамиз. Уларнинг юриш-туриши, хатти-ҳаракати, тутумлари ҳаётимиз давомида бизларга дастуриламал бўлган. Шунинг учун авваллари турмуш тарзимиз хиёнат, номуссизлик, тажовуз, босқинчилик, андишасизлик, ўғрилик, беҳаёлик, ғурурсизлик, даюслик каби иллатлардан холи бўлган. Эҳтимол, ўша пайтда ҳам қаердадир шундай ҳодисалар рўй бергандир. Лекин бундай жирканч нуқсонлар оммани, айниқса, ёшлар онгини заҳарламаслик учун эл ичида овоза қилинмаган, сир сақланган. 

Гўёки бу замон ор-номуси йўқ андишасизларнинг замонига айланиб қолаётгандек. Қалбида заррача иймони йўқ одам кўнглига келган гапни гапиради, виж­дони йўқ одам ҳар қандай ишдан қайтмайди. Икки хислатдан маҳрум одам разолатни тарғиб қилиб, ҳузурланади.

«Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «ҳаё» сўзига «ножўя ва шармсиз ҳаракатдан ўзини тортиш, шарм, уялиш», деб таъриф берилган бўлса, «ғурур» сўзига «инсоннинг ўз қадр-қимматини билиш, уни ҳурмат қилиш ҳисси, иззат-нафс», деб тавсиф этилган. Дарҳақиқат, бу икки жиҳат аёлга ҳам, эркакка ҳам тенг дахл қиладиган олий фазилатлардандир. Ҳаё ва ғурур аёл ва эркакнинг олий мақоми бўлган. Чунки «ҳаё» деганда кўпроқ иболи аёл кўз ўнгимизда намоён бўлса, «ғурур» деганда ориятли эркак тасаввуримизда гавдаланади. Бироқ, ҳаёсиз заифани «аёл» деб аташга тилинг бормаганидек, ғурурсиз «эркак»ни ҳам ўз номига лойиқ кўриб бўлмайди. 

Олам аҳли бугунги кунда бизнинг тарихимиз, асори-атиқаларимиз, бой маънавий ва моддий бойликларимиз, фан-техника, маданият, спортда эришаётган ютуқларимиздан хабар топиб, ҳайрат билан бизга боқиб турган бир пайтда, ижтимоий тармоқ, айниқса, мобил алоқа воситалари ва телеэкранларда баъзи ҳаё­сиз «аёл»ларни, ғурурсиз «эркак»ларни кўрсатиб, ўзимизни ўзимиз шарманда қилаётганимиздан афсусдаман. Тирноқ остидан кир қидирадиган баъзи чет эллик кимсалар учун бундай ҳолатлар дастак бўлиб хизмат қилиши турган гап. 

Бу ивирсиқларни намойиш қилишдан мақсад – моддий манфаатдорлик экани сир эмас. Арзимаган сариқ чақага миллат шаънини ерга уриш билан нон топиб ейиш бизнинг ишимиз эмас! Эсимизнинг борида этагимизни йиғиштириб олайлик! Бу қилаётган номаъқул ишларимизнинг қусури ўзимизга қайтади. Оиламизда тарбия топаётган фарзандларимиз хатоларимизни бир кун юзимизга солади. 

Албатта, бу ҳаётда камчилик ва нуқсонлар учраб туради. Уларнинг олдини олиш учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган тарқатмалардан фойдаланиш, кўрсатувлар тайёрлаш, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш керак. Фан-техника, адабиёт ва санъат, тадбиркорлик, ихтирочилик, бизнес соҳаларида эришаётган ютуқларимиз тўлиб-тошиб ётибди. Бизнинг халқимизни, ўсиб келаётган ёшларимизнинг аксариятини ана шу жиҳатлар қизиқтиради. Иқтисодий жиҳатдан ўсиб бораётган мамлакат учун, юксак марраларга эришиш мақсадида қадам қўяётган ёшлар учун оилавий машмашаларнинг мутлақо кераги йўқ! Ҳаёт қандайдир трагедиялардан иборат эмас. Ҳаёт жўшқин қадам ва гўзал ҳаракатлар тимсоли бўлиб қолиши керак. Зеро, Ўзбекистон Марказий Осиёда ўз обрў-эъти­борига эга бўлган катта салоҳиятгли давлат ҳисобланади. Атрофдагилар бизнинг нуқсонларимизга эмас, ютуқларимизга қараб баҳо беради. 

Бугун мамлакатимизда маънавий юксалишга кўпроқ эътибор берилаётганининг таг замирида катта маъно-мазмун ётибди. Ўтмишда яшаб ўтган улуғ боболаримиз айнан маънавий бой бўлганликлари учун ҳам илм бобида мисли кўрилмаган, жаҳон аҳлини лол қолдирадиган ютуқларни қўлга киритганлар. Бундан ғурурланиб яшаш баробарида биз ҳам келажак авлодларга ўзимиздан яхши хотира қолдирмоғимиз даркор. Янги Ўзбекистон бугунги глобал замонда ҳам ўз миллий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда ҳамжамиятга кириб бориши билан қадрланади. Ўзини эъэозлаган халқ шаъни ва қадр-қимматини йўқотмайди. Бизга ўзга халқлар ҳурмат билан қарашаяптими, демак, биз ҳам, шак-шубҳасиз, шунга муносиб бўлишимиз керак. 

 Муҳиддин ОМАД,

журналист

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Уйғоқ хотиралар

admin

АДОЛАТСИЗ “ТОНИРОВКА” ёҳуд иқтисодий манфаат инсон ҳаётидан устунми?

admin

“Компьютер саботажи”: у қандай жиноят?

admin