ADOLAT 24

НИҲОЛНИ ЎЗ ҲОЛИГА ТАШЛАБ ҚЎЙМАНГ!

Азалдан дунё халқлари орасида ўзбеклар энг болажон халқ бўлиб келган. Оғир шароитда кун кечирган пайтларда ҳам ўз болалари билан бир қаторда ўзга халқларнинг етим қолган фарзандларини бағрига олган, бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган. Каталакдек уйига қозоқ, қирғиз, рус, корейс, татар, украин, белорус, пол­як, немис, яҳудий каби юзлаб миллатларни сиғдирган, уларнинг фарзандларини ҳам оқ ювиб, оқ тараган, ўз тарихи, адабиёти, халқ оғзаки ижодидан баҳраманд этган, ибратли эртак ва ривоятларидан сўзлаб берган. Бунинг таъсирида вояга етган ўзга халқ фарзанд­лари ҳам келажакда таниқли инсонлар бўлиб етишишган ва ўзбек халқидан миннатдор бўлиб яшамоқда. Ўзбекистонни ўзига Ватан деб билган, қадриятларига ҳурмат билан қараган бошқа миллат авлодлари ҳам биз билан бирга, боримизни баҳам кўриб, йўғимизга кўниб яшаб, меҳнат қилишмоқда. 

Бугун ёшлар келажаги ҳақида қайғураётган катта авлоднинг олдида бир тилак, бир мақсад бор, у ҳам бўлса – тинч­лик, тотувлик ва хотиржамлик! Давлат етакчисидан тортиб оддий фуқарогача болалар учун барча шароитни яратиш олий мақсад қилиб олинган. Шаҳар ва қишлоқларда қурилган боғчалар, бош­ланғич ва умумтаълим мактаб­лари ҳамда ижод йўналишига, махсус фанларга ихтисос­лашган билим даргоҳлари энг сўнгги русумдаги, талабдаги технология билан жиҳозланиб, турли халқлар адабиёти билан бойитилган. Бир сўз билан айт­ганда, ёш авлоднинг кўркам савлати, жисмоний чиниқиши ва ақлий салоҳияти йўлида бор имкониятлар ишга солинмоқда. 

Бироқ, менимча, дуркун ўсаётган, Ватан келажаги ишониб топширилаётган жондан азиз фарзандларимизга нимадир етишмаётгандек туюлаверади. Хўш, ўша етишмаётган зарурат нима? Бу – болаликдан сингдирилиши керак бўлган миллий қадриятларимиз. Бу қадриятларимизнинг бош бўғини алла ва эртакларимиз ҳисобланади. Бошидан қанчадан-қанча заҳматларни ўтказган катта авлод вакиллари энг қийин пайтларда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида вақт ажратган, уларга яхшидан ёмонни, оқдан қорани фарқлашни ўргатган. Бунинг таъсирида ўсган йигит-қизлар «Алпомиш», «Гўрўғли» каби ўнлаб дос­тонларни ўқишган, «Сариқ девни миниб», «Ёдгор», «Болалик», «Ўткан кунлар», «Дунёнинг ишлари» каби бадиий асарларни, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парпи, Ҳали­­ма Худойбердиева, Шавкат Раҳмон, Омон Матчон каби қатор шоирларнинг шеър­ларини зўр иштиёқ билан ўқишган, ёд олишган. Қаҳрамонлик, ватанпарварлик, халқпарварлик каби ғоялар билан суғорилган асарлар ўқувчиларга руҳий кўтаринкилик бағишлаган. Халқ барча ёзувчи, шоирларини яқиндан таниган. Ўзаро борди-келди алоқаларининг йўлга қўйилганлиги туфайли қардош халқлар адабиёти хазинасидан баҳра олган. Бу ҳол ўша замон кишиларида бир-бирига бўлган оқибатни яхшилашга, илмга бўлган интилишни ривожлантиришга хизмат қилган. 

Ота-боболаримизнинг асрий орзулари самимий ва холис бўлган экан, бугун барчаси ижобат бўлиб турибди. Айтишларича, ҳеч қачон бугунгидек тўкин замон бўлган эмас. Ота-оналаримиз тонг қоронғусидан шом қорон­ғусигача меҳнат қилган чоғида ҳам китобхонликни, шеърхонликни эсдан чиқармаган. Қайси ҳунар ва касбни эгаллаган бўлса, барида юксак намунадаги асарларни яратган. Бировнинг ва давлатнинг мулкини талон-тарож қилишдан, муҳтожлар ва болаларнинг ҳақига хиёнат қилишдан қўрқишган. Чунки улар ўзидан кейинги авлод онгига миллий қадриятлар орқали халқчил ғояларни сингдириб боришган.

Бугун эса ҳаёт мутлақо бошқача. Қисқа муддатли бўшлиқ ўрта авлод вакилларини маънавий дунёдан узиб қўйди. Аксарият ёш ота-оналар миллий қадрият нималигини билмайди ёки таъби кўтармайди. Бола тарбия­­сида оқсагани туфайли фарзанди қўлига телевизор пультини топшириб қўйган. Оқибатда кунини маза-мат­расиз мультфильмларни томоша қилиш билан ўтказаётган кичкинтойларимиз китобдан, миллий тарбиядан узоқлашиб кетмоқда. Бу хатойимиз эрта-индин ўз натижасини беради, кўз ўнгимизда келажакнинг жонли роботлари пайдо бўлади. Улар ота-онам, халқим, Ватаним деган тушунчалардан йироқ бўлади ва замонавий манқуртларга айланиб қолади. Афсуски, кейин уларни ташқи кучлар ҳеч бир қийинчиликсиз бошқараверади.

Мамлакатимиз аҳолиси ўн саккиз миллион нафар бўлган пайтда ёзувчи ва шоирларнинг китоблари 50-60 минг нусхада чоп этиларди. Лекин ўша китоблар бир неча ҳафта ичида сотиб бўлинарди. Улгурмаганлар қидириб юрарди. Бугун аҳолимиз ўттиз беш миллион нафардан зиёд бўлса-да, хоҳ болалар адабиёти бўлсин, хоҳ катталар адабиёти бўлсин – бор-йўғи 1000, айрим ҳолларда 5000 ададда босилади-ю, ўша ҳам китоб дўкони пештахтасида чанг босиб ётади. Бу чиндан ҳам китоб ўқимай қўйганимиздан дарак беради. Айрим ҳолларда китоб қиммат, деган гапларни эшитиб қоламиз. Бироқ гап китобнинг баҳосида эмас. Арзимаган маошга ишланган пайт­ларда ҳеч ким китобнинг арзон, қимматлигига қарамаган. Китоб жавонлари қўлма-қўл ўқилавериб, варақлари эзилиб кетган китоблар билан тўлиб-тошган. Битта зўр асарни қўйини, сигирини сотиб олганлар ҳам бўлган. Бугун 20-30 минг сўмга қайишамиз. «Қиммат экан!», деймиз. Бу – бир баҳона, холос! Аслида битта китобнинг пулига бозордан нари борса икки кило картошка олиш мумкин. Бу нимадан дарак? Бу ўрта авлод вакилларида болаликдан ўқишга кўникма ҳосил қилинмаганлигидан дарак! Онда-сонда олинган китоб ҳам тахи бузилмай жавонда туради. Уни сотиб олган кишида вақт эмас, хоҳиш йўқ. Унинг ҳардамхаёл боласида эса иккаласи ҳам йўқ!

Шукрки, бугун китоб дўконлари турли бадиий, илмий ва диний асарларга тўлиб-тошган. Фақат китобхон етишмайди, холос. Тор аудиторияда машҳур бўлган замонавий ёзувчи ва шоирларимизни, афсуски, кенг халқ оммаси яқиндан танимайди. Халқ ичига дадил кириб борган, қалбидан жой олган ижодкорлар бармоқ билан санарли. Учрашувлар, тадбирлар ҳисобот учун ўқув юртлари, мактабларда ўтказилади. Ҳаммасига ўқитувчи ва ўқувчилар балогардон, ҳар қандай тадбирни «кўтаринки» руҳда ўтказиб беришади. Бир ҳафта ўтиб, тадбир иштирокчиси бўлган ўқувчи қайси ижодкор билан учрашгани-ю, қай­си шоирнинг шеърини ёдлаганини эслай олмайди. Куни кеча учрашган ёзувчи ёки шоири ўз асари ёки шеъри орқали унинг ҳиссиётига таъсир ўтказа олмаган, қалбидан жой эгалламаган. Чунки боланинг ўй-хаёлини аввалроқ бошқа ҳиссиётлар эгаллаб бўлган. У куну тун қандайдир сериаллардаги воқеалар оғушида юради, ўз қаҳрамонлари билан хаёлан суҳбат қуради. Исталган пайтда сериалдан гап очиб қолсангиз, воқеалар ва унинг қаҳрамонлари ҳақида, ҳатто, актёрларнинг турмуш тарзи ҳақида батафсил ҳикоя қилиб беради. Боғча ёшидаги болажонлар эса, лоф эмас, бир кун мультфильм кўрмаса, иситмаси кўтарилиб, тоби қочиб қолади. Овқат емайди. Қўлига тушган нарсани уриб, синдиради. Тадбирлар, ижодий учрашувлар кенг халқ омма­­си, ёш ота-оналар иштирокида бўлиши лозим. Кўпроқ уларнинг онгини уйғотиш керак. 

Алла эшитиб, эртак тинглаб, китоб ўқиб улғайган ота-онанинг фарзандида тушунча бор, лекин бунинг акси бўлган оилада униб-ўсган болада ҳеч вақо йўқ. 

Биз баъзан бутун дунё болалари шунақа, деб ўзимизни масъулиятдан олиб қочишга уринамиз. Хўп, дунё шунақа бўлса, биз ўшаларга эргашишимиз, улардан ўрнак олишимиз керакми? Йўқ, асло! Бизнинг миллий тарбиямиз, инсоний қиёфамиз, дунё­­ни англашимиз ўзимизга хос ва мосдир. Бошқа халқлар миллий инқироздан чиқиш йўлини қидираётган, бизнинг бой маънавий бойлигимизга ҳавас билан қараётган бир пайтда биз ўзлигимиздан кечиб, уларнинг этагидан тутиб юришимиз мутлақо ярамайди. Боғбон эккан ниҳолини ўз ҳолига ташлаб қўйса, ундан сифатли ҳосил ололмагани каби, ота-она ҳам фарзандига ўз вақтида билим ва тарбия бермаса, орзусидаги натижага эришолмайди. 

Дунё халқлари статистикаси бўйи­­ча тадқиқот ўтказаётган халқаро ташкилотлар Ўзбекистон давлатининг келажагига ўзгача назар ва катта қизиқиш билан қарамоқда. Чунки Ўзбекистон туғилиш, яъни аҳоли сонининг ўсиши бўйича юқори ўринларда бормоқда. Бу меҳнат кучининг навқиронлиги жиҳатидан мамлакатимиз бошқа давлатлардан устун туради, деганидир. Биз болалар мамлакатимиз, ёш авлоднинг ўзи (кўз тегмасин) қайсидир давлатларнинг бутун бошли аҳолисидан кўпроқдир. Ўсиб келаётган навқирон авлодимиз соғлом бўлиш билан бир қаторда, савод жиҳатидан ҳам юқори даражада бўлишини хоҳлаймиз. Касбнинг, меҳнатнинг қайси турига қизиқмасин, фарзандларимиз юқори билим ва малакага эга бўлишлари шарт.

Президентимизнинг саъй-ҳаракати билан мамлакатимизда олий ўқув даргоҳлари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу дегани олий маълумотли кадрлар сони аввалгидан ўн карра юқори бўлиши керак, деганидир. Чунки, дунё меҳнат бозори ўқимишли, малакали касб-ҳунар эгаси бўлган ёшларга муҳтож! Бизнинг фахрланса арзигудек фарзандларимиз дунё мамлакатларига чиққанларида ўзларининг миллий қад­риятларига содиқликлари, етарли илм ва малакага эга эканликлари билан ажралиб туришлари керак бўлади. Бундай билимнинг муқаддимаси оилада! Ватанга муҳаббат ҳисси қалбида жо бўлган ҳар бир ота-она жондан азиз фарзандини бировга қарам қилиб қўймайди. Уни одобли, соғлом, илмли ва жасоратли қилиб тарбиялашга аҳамият беради. Бундай хислатлар болага она алласи, ота жасорати, халқ ғурури орқали ўтади. Буни асло унутмайлик! 

Муҳиддин ОМАД,

 журналист

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Таҳририятга мактуб: Халқ манфаати устун бўлиши керак…

admin

Оролбўйи энг ривожланган ҳудудга айланади

admin

Олий даражадаги музокаралар якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди

admin