ADOLAT 24

Оролбўйи энг ривожланган ҳудудга айланади

Сўнгги 5-6 йил ичида мамлакатимизда жуда кўплаб соҳаларда жадал ислоҳотлар олиб борилаётгани, энг асосийси, ушбу ислоҳотлардан кўзланган мақсад халқимизнинг бугунги ва эртанги ҳаёти фаровонлигини таъминлашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Ҳудудлар, шаҳар ва туманлар, маҳаллаларни ривожлантириш дастурлари доирасида асосий эътибор аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолини, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлашга қаратилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 2017-2023 йиллардаги ривожланиш, халқ фаровонлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар эътирофга лойиқ. Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёв 2017 йил 19 сентярь куни биринчи марта БМТнинг юксак минбаридан туриб бутун дунё ҳамжамиятини Оролбўйи ҳудудининг муаммоларига қаратди ва бу муаммоларни ечиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирди. Бу чақириқ жуда кўп­лаб аъзо мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшерик­лик Траст жамғармаси ташкил этилди. 

Сўнгги 6 йил давомида Оролбўйи масаласи давлатимиз раҳбари томонидан БМТ минбаридан бир неча маротаба кўтарилди ва ҳар сафар илгари сурилган таклифлари инобатга олиниб, ушбу халқаро ташкилотнинг муҳим ҳужжатларига айлангани ҳам, саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Бугунги кунда Оролнинг қуриган тубида 1 миллион 700 минг гектарга яқин ўрмонзор барпо этилиб, саксовул ва бошқа шўрланиш ҳамда қурғоқчиликка чидамли ўсимлик­лар кўчатлари экилди. Бу жараёнда бутун мамлакатимиз халқи жипс­лашиб ҳаракат қилди. 

Чин маънода, Оролбўйи ҳудуди ижтимоий-иқтисодий, маданий ва инновацион жиҳатдан жадал ривожланиб бормоқда. Жумладан, қурилиш, янгиланиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ишлаб чиқариш тармоқларини янада кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

 Президентимиз томонидан Оролбўйи минтақасини “Экологик инновация ва технологиялар” ҳудуди деб эьлон қилиш ҳақида БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи асосида БМТнинг резолюцияси қабул қилинганлиги, 2021 йилда ушбу таклиф олтмишдан ортиқ давлат томонидан қўллаб-қувватлангани алоҳида эътирофга лойиқ.

Жорий йилнинг март ойида БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида ташкилотнинг сув масалалари бўйича конференцияси ўтказилди. Унда 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида обиҳаёт орқали дунёни бирлаштириш, сайёрамиз фаровонлигида денгиз ва океанларнинг аҳамияти ҳамда ушбу муаммога қаратилган глобал ташаббуслар илгари сурилди. Бу ташаббуслар эса БМТга аъзо барча мамлакатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар спикерлари иштирокида кўриб чиқилди.

 Конференция ишида тузилмага аъзо ташкилотлар қаторида юртимиз делегацияси ҳам фаол иштирок этди. Ушбу юқори даражадаги ялпи мажлисда мамлакатимиз делегацияси аьзоси Саида Мирзиёева БМТ минбаридан туриб Орол денгизи фожеасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мамлакатимизнинг етакчилиги тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Жорий йилнинг 30 март куни давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Рес­публикасига амалий ташрифи ҳам айнан соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан янада яқиндан танишиш, мавжуд камчилик ва муаммоларни тизимли бартараф этишдан иборат бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига амалий ташрифи давомида ҳудудда 6 та йирик корхона ишга туширилди. Улардан бири Кегейли туманидаги “Ақтуба текстиль” корхонаси йилига 3 миллион донадан ортиқ трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга ва бунинг учун Германия, Япония ва Туркия­дан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Натижада, 500 та янги иш ўрни яратилган ҳамда йилига 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.

Президентимиз корхонадаги иш жараёнини кўздан кечириб, ишчи аёллар билан суҳбатлашди. Чекка ҳудудларда ҳам янги корхоналар очилаётгани, хотин-қизлар иш билан таъминланаётганининг аҳамиятини таъкидлаб, шу йўналишдаги ишларни давом эттириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатма берди.

Шунингдек, корхонанинг ўзида касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилган бўлиб, унда атрофдаги маҳаллалардаги ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилмоқда.

Хусусан, Беруний туманидаги “Беруний буғдой кластер” ҳамда “Райҳон аппарел”, Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” заводининг 3-босқичи, Қўнғирот туманидаги “ККРаси кемикал”, Нукус шаҳридаги “Азимут хотел”, Тўрткўл туманидаги “Хозагро” корхоналарида жами 1100 та доимий иш ўрни яратилиши, натижада ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга эса 20 миллион доллар қўшимча маблағ келтириши таъкидлаб ўтилди.

Сўнгги олти йил мобайнида ҳудудда 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилиб, тадбиркорлар сони 2 бараварга ошди ҳамда  46 мингта доимий иш ўринлари яратилди. Натижада саноати паст бўлган 6 та туманда ишлаб чиқариш 2-3 бараварга ошди.

Умуман олганда, қисқа вақт ичида Қорақалпоғистон Республикасида саноат 1,3 баравар ўсиб, 61 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Айниқса, кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика саноати маҳсулотлари тайёрлаш 2 баравардан зиёд ўсди.

Ўтган йили 31 августда давлатимиз раҳбарининг “Қорақалпоғистон Респуб­ликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва тизимли дастури қабул қилинган эди. Шу муносабат билан 2023 йилнинг ўзида 670 миллиард сўм ва 340 миллион доллар маблағ ажратилди.

Тадбиркорлар фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда жозибадор бизнес муҳитини яратиш мақсадида фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари 2 баравар пасайтирилиб, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланди. Бу орқали Қорақалпоғистоннинг барча тадбиркорлари ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм маблағ қолиши таьминланди.

Фақат ушбу ҳудуд тадбиркорларига тижорат кредитларининг 75 фоизига Тадбиркорлик жамғармаси кафиллиги берилиши белгиланди. Бу, албатта, соҳалар ривожи учун янги имконият эшикларини очиб берди.

Давлатимиз раҳбари ташрифи давомида фаоллар билан учрашувида “Биз битта эл ва битта юртмиз! Ҳамма вилоятлар Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Ҳар бир туманга вазирлар, вилоят ҳокимлари, идора ва банклар раҳбарлари бириктирилган. Бунинг натижалари барча туманларда кўринаяпти ва бу ишлар тўхтамайди”, дея ўз ишончини билдириб ўтди. Дарҳақиқат, бугунги кунда Қорақалпоғистоннинг ҳар бир туманида жуда катта ва кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

 Президентимизнинг қорақалпоқ халқи фаровонлигини янада оширишга қаратилган учта янги ташаббуси қорақалпоқларни беҳад хурсанд қилди. Булур қуйи­дагилар: 

– Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади. Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга жорий йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади;

– кадастри йўқ 38 минг уй-жой ва кўчмас мулклар бўйича тегишли ҳужжатлар тайёрлаб берилади;

– аҳоли талабини инобатга олиб, жорий йилда 4 мингта уй-жой қурилади. Шунингдек, замонавий лойиҳа асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун 4 сотихдан ер ажратилади.

Бундан ташқари, иш ўринларини кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 72 мингта расмий ишсиз борлиги, ҳар йили 43 минг ёш меҳнат бозорига кириб келаётганини ҳисобга олган ҳолда 193 мингта янги иш ўринларини яратиш ва Қорақалпоғистонни “ишсизликдан ҳоли ҳудуд”га айлантириш асосий мақсад қилиб қўйилди. Бу борада йирик корхона ва кластерлар, кончилик, оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан тўғри ва унумли фойдаланиш кўрсатиб ўтилди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари мўл ва арзон бўлишини таъминлаш мақсадида 2022 йилда аҳолига 6 минг 600 гектар ер берилган эди, хусусан, бу йил ҳам қўшимча равишда 6 минг гектар ер ажратилди. Бу орқали сабзавот ва полиз маҳсулотларига бўлган эҳтиёж қопланади. Шунингдек, Бўстон каналини бетонлаш ҳисобига Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларида 100 минг гектар ерда сув таъминоти яхшиланади. Натижада, дала четларида 3,6 минг гектар ерда қовоқ, узум ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилиб, 42 минг тонна деҳқончилик маҳсулотлари олинади.

Айни вақтда, Қорақалпоғистонда 51 та мактабда ўқувчилар сони меъёрдан 2 баравар кўплиги, 208 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти яхши эмаслиги, 120 километр магистраль ҳамда энг серқатнов бўлган 600 километр ички йўлларни таьмирлаш зарурлиги, шу боис 9 та туманда мактабгача таьлим муассасалари қуриш, мактаб ва шифохоналарни жорий таъмирлаш, ички йўллар тармоғини яхшилаш, шу жумладан, иссиқлик таьминотига қўшимча маблағлар ажратилиши белгиланди.

Юқорида эътироф этилган амалий ишлар чин маънода Оролбўйи халқининг бугунги ва эртанги куни фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Ҳудуддаги экологик қийинчиликларни халқимизнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги орқали енгишимизга асло шубҳа йўқ. Зеро, Президентимиз таъбири билан айт­ганда “Орол чекинди, аммо инсон чекинмайди! Қорақалпоғистон энг ривож­ланган ҳудудга айланади!”

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Спикери ўринбосари

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Р.Махмудованинг “Адолат” СДП ХI Қурултойидаги  МАЪРУЗАСИ (Давоми)

admin

ДЕПУТАТ ФАОЛ БЎЛСА, САЙЛОВЧИ РОЗИ БЎЛАДИ

admin

Билдирилган ишончга муносиб бўлиш йўлида

admin