ADOLAT 24

Аму соҳилидаги афсонавий шаҳар

Милоддан олдинги III мингинчи йилликнинг охири II мингинчи йилликнинг бошларида ҳозирги Сурхондарё деб аталган заминда деҳқончилик маданияти шакллана бошлайди. Қадимшуносларнинг маълумот беришларича, ўлканинг учта ҳудудида – Шеробод, Шўрчи, Бандихонда илк деҳқончилик воҳалари вужудга келади. Бу воҳалар сув йўллари Амударё, Сурхондарё ва уларнинг ирмоқлари яқинида жойлашганлиги сабабли гуллаб-яшнайди. Деҳқонларнинг ўтроқлашуви натижасида бу воҳалар бағрида аҳоли масканлари, қўрғонлар, қишлоқлар, қалъалар, илк шаҳарлар пайдо бўлади. Сурхон заминидаги Сополлитепа, Миршоди, Мўлали, Жарқўтон, Шўртепа, Болаликтепа, Кучуктепа каби ёдгорликлар ана шу даврда барпо этилган шаҳарсозлик маданиятининг дастлабки намуналари ҳисобланади. Ундан кейинги даврларда ҳам бу ўлкада қалъалар, шаҳарлар барпо этишга эътибор кучайган. Тарихий йилномаларда милоддан аввалги бир мингинчи йилликларда бу ўлка Бақтрия давлати таркибига кирганлиги, 547-539 йилларда ахамонийлар Бақтрияга бостириб кирганларида бу ерда 20 дан ошиқ шаҳарлар бўлганлиги ҳақида маълумот берилади. Янги эрадан аввалги IV асрда юнонлар босқинидан кейин Юнон-Бақтрия давлати таркибида 40 дан зиёд шаҳарлар мавжудлиги қайд этилади. Милодий эра бошларига келиб Кушонлар империяси даврида ўлкада 120 га яқин шаҳар қад ростлаган. Ушбу маълумот ва фактлар Сурхон замини олис ўтмишдан бош­лаб шаҳарсозлик маданияти ривожланган ўлкалардан бири бўлганлигини кўрсатади.

Сурхон воҳаси бағридан тарихда Укуз, Оксус, Окс, Жайхун номлари билан аталган Амударёнинг оқиб ўтиши бу ерда деҳқончилик маданияти ривожи билан биргаликда шаҳарсозлик маданияти юксалишига ҳам катта таъсир кўрсатган. Милоддан олдинги бир мингинчи йилликларда, хусусан, VII-VI асрлардан бошлаб дарё қирғоқларида унинг соҳилларини ўзаро боғлайдиган кечув масканлари, бандаргоҳлар, кўплаб қалъа ва шаҳарлар барпо этилган. Ана шулардан бири Амунинг ўнг соҳилида қад ростлаган Кампиртепа номи билан шуҳрат қозонган қалъа – шаҳар ҳисоб­ланади. Бу қалъа – шаҳар вайроналарида ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб археологик қазишмалар ва илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Академик Эдуард Ртвеладзенинг шогирдлари билан биргаликда бу ерда 40 йил давомида олиб борган археологик қазишмалари, рус, немис, француз, япон қадимшунослари билан ҳамкорлик­лари натижасида юртимизнинг олис ўтмишига, шаҳарсозлик маданиятига, ушбу заминда яшаган халқлар ўртасидаги маданий алоқалар тарихига оид кўплаб маълумотлар аниқланди. Шаҳарнинг милоддан олдинги IV асрдан то милодий IV асргача кечган тарихи билан боғлиқ ҳаётига доир минглаб ноёб ашёлар, бой осори-атиқалар, турли хил нодир буюмлар топилди. Шаҳар тарихига оид илмий асарлар яратилди.

Кампиртепанинг олис ўтмишда ниҳоятда мустаҳкам ва юксак бўлган, эндиликда қайта қурилаётган ҳамда таъмирланаётган мудофаа девори устидан атрофга назар ташласангиз шаҳарнинг антик даврга хос қиёфасидан дарак берувчи чизгилар, белгилар, кўчалар, иморатлар ўринлари, шаҳристон, арк, улар орасидаги ҳандақлар кўринишлари, жарликларга айланиб қолган сув йўллари манзаралари намоён бўла бошлайди. Шаҳар аркининг баланд нуқтасидан қараганда бугунги кунда ястаниб ётган экин экилган далаларни кўриб, бир пайтлари Аму шу ердан шиддат солиб оққанига, у шаҳар этакларини ўпиб турганига ишонгинг келмайди. Эндиликда бир неча чақирим орқага чекинган дарё тўлқинлари ўз муҳрини шаҳар харобаларида қолдирган. Ҳақиқатан ҳам, милоддан олдинги VII-VI асрларда Бақтриядан Суғдиёнага борадиган асосий йўл шу ердан, Термиздан 20 километр ғарбда жойлашган Шўроб қиш­лоғи яқинидан ўтган. Дарё орқали кечув шу ерда бўлган. Бу йўлдан, кечувдан савдо карвонлари, ахамонийлар қўшинлари ҳам ўтган. Кечув, бандаргоҳни қўриқлаш учун Шўртепа қалъаси барпо этилган. Аммо вақт ўтиши билан кечув, бандаргоҳ, Шўртепа қальаси вайронага айланган. Эндиликда унинг харобалари Кампиртепанинг ғарбий қисмидаги қабристон остида кўмилиб ётибди. Шундан кейин милоддан олдинги IV асрнинг ўрталарига келиб бу ерда янги кечув ва бандаргоҳ тикланади. Унга яқин жойда Кампиртепа шаҳри қад ростлай бошлайди.

Кўп йиллар давомида қадимшунослар орасида Кампиртепа шаҳри милоддан олдинги III-II асрларда қурилган деган фикрлар мавжуд эди. Кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотлар асосида шаҳарнинг II асрнинг ўрталарида тиклана бошлаганлиги аниқланди. Археологик қазишмалар натижасида шаҳарнинг остки бирламчи маданий қатламидан Александр Македонский қўшинлари Бақтрия­­ни босиб олган даврда барпо этилган девор қолдиқлари топилди. Агар Александр Македонский Бақтрия ва Суғдиёнани 329-323 йиллар оралиғида забт этганини, ҳарбий юришларида Кампиртепа бандаргоҳидан кўп фойдаланганини эътиборга олсак, шаҳарнинг ёши олдинги тахминларга нисбатан яна 100 йилга кексаяди. Бу ерда олиб борилган археологик қазишмалар натижасида яна бир масалага аниқлик киритилди. Маълумки, Александр Македонский Бақтрия ва Суғдиёнадаги шаҳарларни босиб олганидан кейин уларнинг ҳимоясини кучайтириш мақсадида мудофаа иншоотларини барпо эттиришга эътиборни қаратган. Шундай ҳолат Амударё бўйидаги бандаргоҳлар, кечувларга эга шаҳарлар тақдири билан ҳам боғлиқ кечган. Шу сабабли юнон тарихчилари бундай шаҳарларни Окс бўйидаги Искандария номи билан юритганлар. Милоддан олдинги I асрда яшаб ўтган Диодор “Тарихий кутубхона” асарида ана шундай шаҳарлардан икки-учтасининг номини тилга олади. Булар орасида Кампиртепа ҳам бор. Аслида Кампиртепа нафақат Александр Македонский даврида, балки ундан олдин Бақтрия давлати ҳукмронлиги пайтида ҳам мавжуд бўлган, ундан кейин Салавкийлар, Юнон-Бақтрия мамлакатлари, Кушон империяси вақтида гуллаб-яшнаган, тараққий этган шаҳарлардан бирига айланган.

Кампиртепада олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида бу ердаги тараққиёт излари яққол намоён бўлди. У дастлаб 5 гектардан иборат қалъа шаклида тикланган. Кейин Салавкийлар, Юнон-Бақтрия давлати даврида кенгайган. Унинг ғарбдан шарққа томон узунлиги 750 метрни, шимолдан жанубга томон узунлиги эса 250 метр­­ни ташкил этган. Шаҳар мудофаа деворининг қалинлиги 5 метрдан ошган. Кушонлар империяси даврига келганда шаҳар янада юксалган. Унинг умумий майдони 20 гектардан ошган. Ўша даврда шаҳар 4 қисмдан иборат бўлган. Биринчи қисми – дастлаб қалъа тарзида барпо этилган аркни ўз ичига олган. Аркнинг атрофида ҳандақ, алоҳида мудофаа девори ва мустаҳкам дарвозаси бўлган. Иккинчи қисми – арк атрофидаги турар жойларни ўз бағрига олган шаҳристон ҳисобланган. Шаҳристон атрофи ҳам алоҳида буржли мудофаа девори билан ўралган. Учинчи қисми – шаҳар атрофидаги диний маросимлар ўтказиладиган оташкадалар, ибодатхоналар ва бошқа жойлардан иборат бўлган. Тўртинчи қисмида кемалар тўхтайдиган ва кечув учун хизмат қиладиган бандаргоҳ жойлашган. Бандаргоҳ бағрида савдо моллари сақланадиган омборлар, тунда маёқ вазифасини ўтайдиган оловхона, мудофаа қўшинлари учун алоҳида жойлар мавжуд бўлган. Бошқача айтганда, Кампиртепа антик даврда ҳам мудофаа, ҳам савдо, ҳам бандаргоҳ – порт вазифаларини бажарувчи йирик шаҳарга айланган.

Кампиртепа харобаларига назар ташласангиз – бу ерда милодий эранинг III-IV асрларидан милоддан аввалги IV-III асрларгача бўлган даврни ўз ичига олган салкам 800 йиллик тарих изларига дуч келасиз. Шаҳарнинг энг юқори қатламида Кушонлар ҳукмронлиги даврида барпо этилган уй-жойлар вайроналари сақланиб қолган. Атрофда турли ашёлар, айниқса, кўмилиб ётган хумлар, уларнинг ўринлари, синиқлари кўплаб учрайди. Кўчалар, уйларда бошқа буюмларнинг қолдиқлари ҳам кўзга ташланади. Бу шаҳарнинг кушонлар даврида гуллаб-яшнаганидан ва савдо марказларидан бирига айланганидан дарак беради. Шаҳарнинг юқори қатламидан пастга тушсангиз юэжчилар, юнон-бақтрлар даври қурилиш ашёлари, турли буюмлар, тангалар намуналари учрай бошлайди. Деворлардаги катта хом ғиштлар шаҳарсозликнинг ўзига хос намунасини кўрсатади. Ундан ҳам пастроқда эса эллин, салавкийлар давлатлари ҳукмронлигига оид маданий излар намоён бўлади. Энг пастки қисмда эса Бақтрия давлати ва Александр Македонский ҳукмдорлик даврига доир пахса деворлар қолдиқлари сақланиб қолган. Археолог Эдуард Ртве­ладзе фикрига кўра, шаҳарнинг асосий дарвозаси пастки қисмда, шаҳарсозликнинг дастлабки даврига оид қатламда жойлашган. Дарвоза ниҳоятда катта бўлган. Шаҳарга пандус орқали кўтарилиб борган. Йиллар, асрлар давомида шаҳар устига шаҳар қурилиши натижасида Кампиртепа юксалиб борган ва унинг ҳар бир қатламида тарих излари муҳрланган.

Шаҳар ўтмишда жойлашган географик ўрни, қурилиши, мамлакат ҳаётида тутган аҳамияти жиҳатдан турли хил вазифаларни бажарган. Агар у милоддан олдинги IV-III асрларда дарёдан кечув, бандаргоҳ бўлиб хизмат қилган бўлса, милоддан аввалги III-I асрларда кечув ва бандаргоҳни бағрига бирлаштирган мудофаа шаҳрига айланган. Ундан кейинги даврда шарқу ғарбни ўзаро боғлайдиган савдо йўлларини назорат қиладиган шаҳар сифатида шуҳрат қозонган. Кушон подшолари Дима Кадиз ва Канишка I даврларида эса унинг ҳарбий мавқеи пасайиб, савдо карвонлари тўхтайдиган, бож ва солиқлар йиғиладиган шаҳар дея эътироф этилган. Табиийки, унинг асл номи ҳам ана шу вазифаларига кўра ўзгариб турган бўлса ажаб эмас. XV асрда яшаб ўтган муаррих Хофиз Абрў шаҳар қадимда Бурдагўй деб аталганлиги ҳақидаги маълумотни келтиради. Бу сўз бақтр тилидан таржима қилинганда “меҳмонхона” деган маънони билдирган. Қадимги грек, юнон олимларидан баъзилари бу шаҳарни Пандахиён, Пандокий, Пардаквий номлари билан тилга оладилар. Бу сўзлар ҳам грек тилидан таржима қилинганда “меҳмонхона” мазмунини англатади. Бу маълумотлар шаҳарнинг милодий эра бошларида бақтр тилида Бурдагўй, грек тилида Пандахиён номлари билан юритилганини кўрсатади. Афсуски, шаҳарнинг ундан олдинги даврларда қандай ном билан аталганлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Шаҳарнинг бугунги “Кампиртепа” номи унга маҳаллий аҳоли ва олимлар томонидан қўйилган. Археологик ёдгорликнинг шу ном билан аталиши унинг тарихи олис ўтмишга бориб тақалишига бир ишора, холос.

Кампиртепа ўз тарихида нафақат шарқу ғарбни иқтисодий, савдо ва бошқа соҳаларда бирлаштирган шаҳар, Суғдиёнанинг Бақтрияга, Бақтриянинг Суғдиёнага очилган дарвозаси сифатида, балки антик давр мамлакатлари, халқларининг маданиятлари, тиллари, динлари, ёзувлари, илм-фанини ўзаро яқинлаштирган, бағрида уйғунлаштирган марказ сифатида ҳам катта мавқега эга бўлган. Бу ерда бақтр, сўғд, сак, юнон, грек, ҳинд, форс тилларида сўзлашувчи халқлар учрашган, ўзаро маданий ҳамкорлик қилишган, савдо ва илмий алоқалар юзага келган. Ушбу мас­канда зардуштийлик ва буддавийлик динлари ёнма-ён тараққий қилган. Бақтр, сўғд, сак, юнон, ҳинд, кхорошта ёзувлари амалда кенг қўлланилган. Буни шаҳар харобаларидан археологик қазишмалар пайтида топилган нодир ашёлардаги битиклар, зарб қилинган тангалардаги ёзувлар ҳам тасдиқлайди. Шаҳар вайроналаридан милоддан олдинги даврларга мансуб китоб намунасининг – папириусга ёзилган битикларнинг топилиши маданият тарихида катта воқеа бўлди. Ёхуд шаҳар харобаларидан Миср ва Византия­дан, Рим ва Кичик Осиёдан, Ҳиндистон ва Хитойдан олиб келинган шиша идишлар, тангалар, бронза буюмлар, кўзгулар, фил суякларидан ишланган ашёлар, Хоразмдан келтирилган сопол маҳсулотлар, Марғиёнадан тош печлар, Парпиёнадан келиб қолган тангалар, саклар юртидан металл анжомларнинг топилиши ўша даврларда ўзаро ҳамкорликларнинг қамрови ниҳоятда кенглигидан, Кампиртепа ўзаро ҳамкорлик­лар чорраҳасидаги марказ бўлганлигидан далолат беради.

Вайронага айланган шаҳарнинг қайси нуқтасидан назар ташламанг, унинг тўла қиёфасини кўра олмайсиз. Чунки унинг шаҳристони ва аркининг бир қисмини Амударё сувлари ювиб кетган. Археологлар шаҳар тўла ҳолда бўлганида ниҳоятда гўзал, мустаҳкам ва муҳташам кўриниш касб этган дейишади. Шаҳарда турар жой иншоотлари, савдо тармоқлари, ҳукмдорлар қароргоҳларидан ташқари ҳунармандлар устахоналари ҳам бўлган. Савдо омборларидаги маҳсулотлар сақланадиган хумлар шу ернинг ўзида тайёрланган. Шу сабабли қадимшунослар хумлар сақланган жойларни ҳунармандлар устахоналари ҳам бўлиши мумкин деб ҳисоблашади. Шаҳарда ҳунармандлар томонидан шиша идишлар, металл буюмлар, сопол ашёлар ишлаб чиқарилгани ҳақида маълумотлар бор. Шаҳрис­тон ташқарисида металл эритадиган печлар ўринлари, шишаларни тоблайдиган хумдонлар бўлган. Кампиртепа карвонлар ўтадиган савдо шаҳри бўлганлиги сабабли бундай маҳсулотларни четдан олиб келишдан кўра ўзида тайёрлаш қулай кечган. Афсуски, ҳунармандларнинг кўп­лаб устахоналари, хумдонлари, печлари ўринлари йўқ бўлиб кетган. Археологлар илмий изланишлари натижасида шаҳарда ҳаёт милодий эранинг IV асрига келиб сўнган, Кампиртепани Амударё суви босганидан кейин аҳоли бу ердан кўчиб кетган, деган хулосага келган эдилар. Кейинги йилларда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида шаҳарни сув босишидан олдин бу ерда юқори балли зилзила бўлганлиги, зилзила сабабли ер ёрилиб, шаҳарнинг бир қисми сув остида қолганлиги аниқланди. Ана шундан кейин Кампиртепада ҳаёт сўнган.

Археологларнинг, қадимшуносларнинг Кампиртепа­­да олиб борган кўп йиллик қазишма ишлари, илмий тадқиқотлари ўз самарасини берди. Антик давр қадимий шаҳрининг барча қисмлари, ҳамма қатламлари яхлит ўрганиб чиқилди. Ўрта Осиё шаҳарсозлигига, бақтр, сўғд, юнон, ҳинд, хитой, Вазантия, Миср маданиятлари ҳамкорлигига оид, бу ҳудудда яшаган турли халқлар алоқаларига доир кўплаб маълумотлар аниқланди. Бу шаҳар тарихи дунё­нинг кўплаб мамлакатларидаги археологлар, қадимшунослар эътиборини ўзига жалб қилди. Россия, Германия, Франция, Япония қадимшунослари ўзбекистонлик археологлар билан биргаликда бу ерда қазишма ишларида қатнашдилар. Ноёб осори-атиқалар, нодир ашёлар топилди. Бой тарихий буюмлар қўлга киритилди. Улар илмий асосда ўрганилди, тадқиқ этилди. Шу асосда Тошкентда респуб­лика Бадиий академиясининг кўргазмалар залида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Санъатшунослик илмий- тадқиқот институти ҳамда Япониянинг Халқаро ҳамкорлик агентлиги ҳомийлигида “Кампиртепа – Окс бўйидаги Бақтрия шаҳри” деб номланган кўргазма ташкил этилди. Бу кўргазма ушбу қадимий шаҳар тарихини халқимизга, дунё илмий жамоатчилигига таништиришда катта аҳамият касб этди. Кўргазмага қўйилган экспонатлар Кампиртепа шаҳрининг кўп йиллик тарихини, археологик қазишмалар кўламини, амалга оширилган илмий тадқиқотлар натижаларини жамоатчиликка тўла намоён қилди.

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист 

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

ҲАР ИШНИНГ ЎЗ ҚОНУН-ҚОИДАСИ БОР

admin

Ким айбдор? Томоша кўрсатаётган болаларми ёки?!

admin

“Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг партия X Қурултойидаги маърузаси

admin