ADOLAT 24

ҲАР ИШНИНГ ЎЗ ҚОНУН-ҚОИДАСИ БОР

Ҳаётда инсоннинг саноқлигина дўсти бўлади. Уларнинг орасида китобдек беминнат, садоқатли, тўғри йўл кўрсатувчи дўст йўқ. Китоб бизни тушкунликдан олиб чиқувчи, тақдир зарбаларига, ҳаёт синовларига бардошли этиб тарбияловчи восита ҳамдир. 

Албатта, китоб ва китобхонлик ҳақида ҳар қанча гапирсак оз. Аммо шунда ҳам китобнинг ҳаётимиздаги аҳамиятини тўла ифодалаб бера олмасак керак.

Таъкидлаш жоизки, инсоннинг китобга бўлган меҳри, энг аввало, оилада пайдо уйғонади. Яъни ота-онанинг китоб, газета-журнал ўқиши фарзандларни беэътибор қолдирмайди. Бора-бора уларда турли саволларни пайдо қилади. Ёки ота-она ўзи ўқиётган нарсанинг мазмунини, ибратли жиҳатларини жигарбандига сўзлаб берса, уни қизиқтирса, кейин­чалик бола ҳам китоб ўқийдиган бўлади. Улуғларимиз “Боланинг олдида китобни очиқ қолдиринг”, дея бежиз айтишмаган.

Юқоридаги фикрларимиз Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи кунида туғилди. Шу боис китоб ва китобхонлик билан бирга муаллифлик ҳуқуқи ҳақида ҳам айрим мулоҳазаларимизни билдириб ўтишни лозим топдик. 

Бугунги кунда кундалик ҳаётимизда “муаллифлик ҳуқуқи” деган тушунча тез-тез учраяпти. Хўш, нима учун?

Бизнингча, муаллифлик ҳуқуқини бузаётган, янада аниқроғи, уни тан олмаётган “уддабурон” ҳамюртларимиз туфайли бу муаммога дуч келяп­миз. Масалан, шоирнинг китобидан ўрин олган қайсидир шеърини умуман танимаган-билмаган ёш хонанда ўзини “оранжировшик” деб атайдиган, турли хорижий ва эстрада мусиқаларидан бир шингилдан ўғирлаб, янги куй яратадиган ҳамкорлари ёрдамида берухсат қўшиқ қиляпти. Қачондир бундан хабар топган шеър муаллифи эса ёзган мисралари алламбало куйга солинганини эшитиб, ёқа ушлайди. Оқибатда иш судгача етиб бораётган ҳолатлар ҳам юз бермоқда.

Бундан ташқари, орамизда қайсидир хорижий адабиётлардан, манбаалардан кўчириб, қўлланма-китоб ёзаётган “муаллиф”лар ҳам йўқ эмас. Бундай қўлланма ёки рисолаларни ўқиб, муаллифнинг нақадар кўп тер тўкканига, тинимсиз изланишлар олиб борганига тасаннолар айтгингиз келади. Асл ҳақиқатдан воқиф бўлганингиздан кейин эса тарвузингиз қўлтиғингиздан тушади.

Тўғри, хоҳ китоб ҳолида, хоҳ ижтимоий тармоқда бўлсин, эълон қилинган ижод маҳсули омманики. Ундан хоҳлаган одам фойдаланиши мумкин, аммо муаллифининг розилигини олиб ёхуд унинг исм-шарифини кўрсатиш ёинки манбасини кўрсатиш лозим. Шундагина ортиқча дилхираликка ўрин қолмайди, муаллифлик ҳуқуқи ҳам поймол бўлмайди. Зеро, ҳар ишнинг ўз қонун-қоидаси бор.

Малика Толипова, 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими 

Tegishli xabarlar

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАДОРЛИГИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

admin

Матбуот котиблари фаолияти такомиллаштирилади

admin

Аср эпидемияси: НОМОФОБИЯ

admin