ADOLAT 24

Эл хизматига бахшида умр

Хотира — инсон вафотидан кейинги умр дейишади. Шу боис ҳар бир инсон ҳаёти давомида ўзидан яхши ном, эзгу амаллар билан безатилган ибратли бир хотира қолдиришга интилади. Бироқ, бу шундай заҳматли йўлки, улкан сабр-бардош эгаларигина машаққат ва меҳнатга бахшида умрлари эвазига мақсадларига етадилар. Ана шундай шонли, шарафли ва эзгу амалларга тўла ибратли хотира эгаларидан бири – Ўзбекистон Рес­публикаси Фанлар академияси академиги, тиббиёт фанлари доктори, профессор, “Адолат” социал-демократик партиясининг жонкуяр, фидойи ташаббускорлари Турғунпўлат Даминовдир. 

Турғунпўлат Даминов 1996 йилдан 2005 йилгача “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг биринчи котиби лавозимида, шунингдек, Олий Мажлис депутати сифатида самарали фаолият олиб борган. Академик Турғунпўлат Даминовнинг мамлакат илм-фанини ривожлантириш йўлидаги хизматлари ҳукумат томонидан муносиб эътироф этилган. У “Ўзбекистон Рес­публикасида хизмат кўрсатган шифокор” фахрий унвони, “Дўстлик” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган. 

Устознинг мамлакатимиз тиббиёт соҳасига қўшган ҳиссаси бемисл. Заҳматкаш олим ўзининг қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент давлат тиббиёт институти доценти, кафедра мудири, ректори (1990−2005 йй.), Тошкент педиатрия илмий-текшириш институти директори (1983-1990 йй.) лавозимларида самарали меҳнат қилди. Тошкент тиббиёт академиясида ёшларга сабоқ бериб, юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди. Илмий фаолияти давомида индукторларни болалар касалликларига татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратди. 

Олимнинг кўп йиллик изланишлари натижасида янги турдаги бензонал индуктор амалиётда қўллана бошланди. Натижада ўткир ва давомли гепатит касаллигининг сурункали шаклга ўтмаслигини таъминлаб берадиган асосий препарат даволаш жараёнига самарали жорий этилди. Фаолияти давомида 6 та дарслик, 14 та монография, 45 дан зиёд илмий-услубий қўлланма ва тавсияномалар, юзлаб мақолалар муаллифи бўлган Турғунпўлат Даминов 21 та фан доктори ва 45 га яқин фан номзодларига илмий раҳбарлик қилган илм-фан фидоийси эди. У 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги унвонига сазовор бўлган.  

– 2004 йилда “Адолат” социал-демократик партиясининг навбатдаги Қурултойида делегат сифатида иштирок этганман, – дейди “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов. – Турғунпўлат Даминов раҳбарлик қилаётган Тошкент тиббиёт институтида бўлиб ўтган мазкур қурултойда устоз билан танишиш бахтига муяссар бўлганман. Биринчи учрашувнинг ўзидаёқ у кишида раҳбар эга бўлиши лозим бўлган барча сифатлар жам эканлигига гувоҳ бўлганман. Устозда фидокорлик, жонкуярлик, шижоат, ғайрат, одамларни рози қилиш, уларга ғамхўрлик, меҳрибонлик кўрсата олиш қобилиятларининг ҳаммаси мужассам эди. “Адолат” СДП депутати этиб сайланганимдан сўнг, партия сафида фаолият олиб борувчи ҳамкасбларим қатори Турғунпўлат акадан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Устоз эл-юрт, халқ дардини қалбан ҳис этадиган, энг асосийси, партия даргоҳига кўмак истаб келган фуқаролар муаммоларини катта-кичикка ажратмайдиган, барчага бирдек ёрдам қўлини чўзадиган чинакам халқпарвар инсон эди. Турғунпўлат Даминовнинг тиббиёт соҳасидаги билимлари, изланиш ва тажрибалари “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурини ёзиш жараёнларида бебаҳо манба вазифасини ўтаган. Турғунпўлат ака нафақат партияга раҳбарлик қилган кезларда, балки кейинги йилларда ҳам партия ҳаётига дахлдор масалаларнинг ҳеч бирини эътиборсиз қолдирмади. Партия фахрийлар кенгаши аъзоси сифатида «Адолат» СДПнинг муҳим сиёсий жараёнларида, Пленум ва Қурултойларида мунтазам равишда иштирок этди. Бир сўз билан айтганда, Турғунпўлат Даминов чин маънода “Адолат” жонкуяри эди. 

Тошкент тиббиёт академиясида тиббиёт ривожига салмоқли ҳисса қўшган академик ёки профессорлар ҳафталигини ўтказиш анъана тусига кирган. Жорий йилнинг апрель ойи муассасада Турғунпўлат Даминов ҳафталиги сифатида кенг нишонланмоқда. Т. Даминов қолдирган улкан илмий мерос тиббиёт оламининг қимматбаҳо манбаси сифатида нафақат кечаги кун, балки бугун ва келажак тиббиёти ривожи йўлида хизмат қилади, албатта.

Турғунпўлат Даминов 82 йиллик умр йўли давомида дилкаш дўст, яхши устоз, меҳрибон мураббий, талабчан раҳбар, етук олим ва мамлакат сиёсий давраси фаоли сифатида барчага бирдек ибрат бўларли даражада ёрқин хотира қолдирди.

Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Турғунпўлат Даминов оила аъзолари, дўстлари, илм-фан арбоблари, ҳамкасблари қатори ташаббускор, эл-юрт дардида ёниб яшовчи кучли сиёсий етакчи сифатида “адолатчи”лар қалбида ҳам абадий барҳаётдир.

Гулбаҳор Қобулова, 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати бош мутахассиси

Tegishli xabarlar

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР : мазмун-моҳияти, зарурати, устувор йўналишлари 

admin

ҲАЁТ ва ИЖОД сабоқлари

admin

Тарих илмининг фидойиси

admin