Ассалому алайкум, ҳурматли делегатлар ва Қурултой қатнашчилари!
Авваламбор, Сизларга ва сиз орқали барча сафдошларимизга билдирилган ишончингиз учун чуқур миннатдорлик билдираман.
Мана шу катта сиёсий жараёнда “Адолат” социал-демократик партиясидан мамлакат Президентлигига номзод сифатида менга билдирилган ишончни ўзим учун юксак масъулият сифатида қабул қилиб, ушбу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.
Барчамизга маълумки, 2021 йил 23 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинди.
Партия Сиёсий Кенгашининг Ижроия қўмитаси қарори билан Сайлов кодексида белгиланган тартибга асосан 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этиш билан боғлиқ аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди ва шу асосда ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда бажариладиган барча ташкилий-сиёсий масалалар юқори савияда ҳал қилинганлигини айтиб ўтишни жоиз, деб биламан. Авваламбор, барча партия ташкилотларида ўтказилган йиғилиш ва конференцияларда партиямиз аъзолари томонидан сайлов кампаниясини муносиб равишда ва кўтаринки руҳда ўтказишга келишиб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия кенгашлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловда партиядан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни йиғиш жараёни юқори савияда амалга оширилди.
Ҳурматли Қурултой иштирокчилари!
Сизлар билан халқимиз тақдири, мамлакатимиз келажагига дахлдор бўлган муҳим сиёсий тадбир муносабати билан учрашиб турган эканмиз, халқимиз ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни жоиз, деб биламан.
Жумладан, ўтган йилларда мамлакатимиз аҳолисининг реал даромадлари кўпайди, иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар салмоқли даражада ошди. Ҳар йили давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хўжалик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан боғлиқ соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Жаҳон амалиётида кам учрайдиган бундай кўрсаткичлар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон туриши, уларнинг бош мақсади инсоннинг ҳаётий ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоялашга қаратилганидан далолат беради. Буни барчамиз ўз оиламиз, маҳалладошларимиз ҳаётида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар мисолида кўриб, англаб турибмиз. Энг муҳими, ўтган давр мобайнида фуқароларимизнинг ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси ва сиёсий фаоллиги сезиларли даражада ошди.
Мамлакатимизда эришилган ва эътирофга молик бўлган бундай натижалар партиямизнинг Сиёсий платформасига асосланган, йиллар давомида изчиллик билан белгиланган йўналишларимиздаги халқимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратишга қаратилган муҳим масалаларимизни ҳам қамраб олган.
Биз юқоридагиларни эътироф этган ва амалдаги раҳбариятга ўз миннатдорчилигимизни билдирган ҳолда, олдимизга янги вазифаларни, марраларни белгилашимиз, уларга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтаришимиз зарур.
Шу нуқтаи назардан, Президентликка номзод сифатида Сизнинг муҳокамангизга ўз Сайловолди дастурим лойиҳасини ҳавола этаман.
Сайловчиларга “АДОЛАТ — ҲАЁТИМИЗНИНГ БОШ МЕЗОНИ!” деб номланган дастуримиз лойиҳасини партиямизнинг мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, жамиятда мавжуд муаммоларни теран англаган ва “ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак” деган ақидага қатъий амал қилган ҳолда таклиф этмоқдамиз.
Маълумки, инсон мудом адолат сари интилади. Адолат тамойили асрлар давомида ота-боболаримиз ҳаётий фалсафасининг ўзаги бўлиб келган. Зеро, адолат ақидаси ҳар қандай жамиятнинг мустаҳкам маънавий-ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади.
Ўрта асрларда дунёнинг ярмига жаҳонгирлик қилган Соҳибқирон Амир Темур ҳам куч-қудрат – зўрлик, зўравонликда эмас, аксинча, адолатда эканини эътироф этган. Куч – адолатда!
Халқимиз барча нарсадан устун қўядиган адолат ақидасини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш – энг бирламчи вазифамиз бўлади. Негаки, адолат ҳукм сурган жамиятда умуминсоний қадриятлар ҳукм суради, халқнинг давлат сиёсатига бўлган ишонч-эътиқоди ортади, фуқароларнинг Ватан келажагига дахлдорлик туйғуси юксалади.
Шу нуқтаи назардан, янгиланаётган мамлакатимиз сиёсий майдонида халқчил ғоялари билан ўз нуфузига эга бўлган “Адолат” социал-демократик партияси адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуришни ўзининг бош мақсади деб билади.
БИЗНИНГ МАҚСАДИМИЗ — АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ ВА АДОЛАТПАРВАР ДАВЛАТ ҚУРИШ!
Биз учун Ўзбекистонда энг олий қадрият бу – инсон! Унинг давлат ва жамиятдаги фаол иштирокини таъминлаш, нафақат моддий, маънавий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асосий вазифамиз бўлиб қолади.
Бу йўналишда:
Биз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқ ва манфаатларини умумэътироф этилган халқаро талаблар даражасида кафолатли ҳимоя қиламиз.
Биз шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, жумладан, шахс дахлсизлиги, шахсий дахлсизлик, мулк дахлсизлиги, турар жой дахлсизлиги, наботат ва ҳайвонат олами дахслизлиги тамойилларига қатъий риоя этилишини таъминлаймиз.
Биз фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини, эркин сўзлаш ва фикр билдириш ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз.
Биз бошқарувда шаффофлик ва ошкоралик тамойилига қатъий риоя этилишини таъминлаймиз, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шу жумладан, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий мақомини халқаро андозалар даражасига кўтариш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг аниқ чораларини кўрамиз.
Мақсадимиз – бугунги кунда жамият ривожига тўсиқ бўлаётган давлат бошқарувининг барча соҳаларида коррупцияни йўқ қилишдир. Бунинг учун барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқамиз ва уларни изчиллик билан амалга оширамиз.
Маълумки, давлат хизматчилари орасида коррупцияга мойил бўлганлар, қонунбузарлар кўп учрамоқда. Шу сабабли давлат идораларига ишга қабул қилишда полиграф мутахассислигини ташкил этиш орқали ишга қабул қилинувчиларнинг ҳалоллик даражасини таъминлаймиз.
Биз коррупционерларга Ватан тараққиётига тўғаноқ бўлувчи жамиятга ёт унсурлар деб қараймиз! Агар улар хоин бўлмаса, Ватан келажагига тўғаноқ бўлмас эди. Коррупциянинг барча кўринишлари учун қаттиқ жазо чораларини қўллаймиз! Қонунларни қайта кўриб чиқамиз. Жавобгарликни оширамиз. Мулкий зарарни ўн баробар ортиғи билан қоплаш масалаларини қонун ҳужжатларига киритамиз.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона орган бўлади. Ички ишлар, прокуратура органлари ва давлат хавфсизлик хизмати идораларида мавжуд бўлган коррупцияга қарши курашувчи, бир-бирини такрорловчи тизимларни бирлаштирамиз.
Сизларга маълумки, кейинги пайтларда ерларни катта миқдордаги чет эл валютасига сотишга уринишлар кўп учрамоқда. Биз табиий бойликларнинг келажак авлодга ҳам етарлича бўлиши, мансабдорларнинг иродасига боғлиқ бўлиб қолмаслигини таъминлаймиз. Биз табиий бойликларни, жумладан, табиий газ ва электр энергиясининг, аввало, халққа берилишини, эҳтиёждан ортиғини эса четга сотилишини йўлга қўямиз.
Сўнгги йилларда аҳолини ташвишга солаётган масалалардан бири пойтахтдаги ота ҳовлиларининг бузилиши бўлмоқда. Бу билан давлат икки томонлама зарар кўрмоқда. Яъни, ҳовли эгасини уй-жой билан таъминлаш, компенсация тўлаш бўлса, иккинчи томондан, шаҳар марказида кўп қаватли қўшимча уйларнинг қурилиши эвазига электр энергияси, сув таъминоти, канализация танқислиги туфайли коммунал хизматда узилишлар содир этилмоқда.
Шу сабабли, мамлакат пойтахтини кенгайтириш ва ривожлантириш тарафдоримиз. Аммо биз, мавжуд хонадонларни бузиш эвазига эмас, пойтахтнинг маъмурий марказини, яъни, Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва давлат идораларини шаҳардан ташқарига чиқариб, пойтахтни халқимизнинг дам олиш, саёҳат қилиш ва ҳордиқ чиқариш масканига айлантирамиз. Пойтахтни том маънода халққа берамиз.
Биз 137 миллат ва элатларни бирлаштирган кўп миллатли халқмиз. Шу сабабли ҳамда социал-демократиянинг бирдамлик тамойилларига таянган ҳолда Ўзбекистонда яшовчи барча миллат ва элат вакилларини бирлаштирамиз ва уларга тенг шароитлар яратамиз!
АДОЛАТЛИЛИК ВА СУД-ҲУҚУҚ ЙЎНАЛИШИДА
Қонун устувор бўлган жойда адолат барқарор бўлади. Қонун мустаҳкам бўлган жойда кўнглимизда ҳаловат, турмушимизда хотиржамлик, ҳаётимизда фаровонлик бўлади.
Партиямиз жамиятда адолат мезонларининг бузилиши муайян даражада содир бўлаётганини инобатга олган ҳолда жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, ҳуқуқий таълим ва билимлар тарғиботини тубдан яхшилаш, аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб боришга йўналтирилган чора-тадбирларни кучайтиради.
Биз жамиятда адолат тамойилларини қарор топтириш, жиноятчиликка, шу жумладан, давлат мулкини ўзлаштиришга, порахўрликка, тамагирликка, зўравонликка, экстремизм ва терроризмга қарши муросасиз курашамиз. Барча жазолар одил судлов органлари томонидан амалга оширилади. Ҳар қандай кўринишдаги “самосуд” учун қатъий жазо белгилаймиз.
Автомобиль йўлларида, пиёдалар йўлакларида қонун устувор бўлмас экан, халқ фаровонлигига соя солаверади. Шу нуқтаи назардан, йўлда фақат қонун устувор бўлишини таъминлаш учун барча қонуний чораларни кўрамиз, қонун ҳужжатларини такомиллаштирамиз.
Адолатсиз жарималарни қайта кўриб чиқамиз. Жарималар, биринчи навбатда, халқнинг реал даромадига мутаносиб бўлишини, шунингдек, уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб жарималар белгиланишини таъминлаймиз. Айрим жиноят турларига маънавий жазо қўллашни илгари сурамиз.
Биз прокуратура, адлия органлари ва суд ходимлари ўртасидаги ижтимоий ҳимоя тенгсизлигини тугатамиз. Халқаро тажрибада прокуратура органлари адлия тизимида эканлигини ҳам кўп эшитганмиз, биламиз. Лекин бизда прокуратурага кўпроқ устуворлик берилиши улар ўртасидаги тенгсизликларга сабаб бўлмоқда.
Партия қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллаши лозим, деб ҳисоблайди.
Фуқаролар суд органларини ўзларининг ҳимоячиси, адолат посбони деб билиши керак. Шу нуқтаи назардан, жамиятимизда “Қонун устувор – жазо муқаррар” тамойилини қарор топтирамиз.
Халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатьий мустаҳкамлаб, судни том маънода адолат қўрғонига айлантиришнинг халқаро тан олинган чораларини кўрамиз. Шу мақсадда, биз адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш ишларини давом эттирамиз.
Биз адвокатларнинг нуфузи ва мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглик принципини таъминлаш учун курашамиз.
Судда ҳам, давлат ва маҳаллий давлат идораларида ҳам кам таъминланган аҳоли манфаатларини ҳимоя қиладиган бепул давлат юридик ёрдами кўламини кенгайтирамиз.
Биз 2019 йилдан буён партиямиз илгари суриб келаётган ва амалдаги Сайловолди дастуримизда мустаҳкамлаб қўйилган ғоя, яъни, барча ижро билан боғлиқ ваколатларни, жумладан, жазони ижро этиш муассасаларини адлия идоралари тузилмасига бериш; ягона юрисдикция судларини ташкил этиш жараёнини қуйи поғоналарга – туман (шаҳар) даражасига қадар тушириш; мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро талаблар доирасида таъминлаймиз. Бир сўз билан айтганда, бир-бирига бўйсунмайдиган, идоравий манфаатдорлик бўлмайдиган тизимни жорий этамиз.
МАҚСАДИМИЗ – ИЖТИМОИЙ АДОЛАТНИ ҚАРОР ТОПТИРИШ!
Биз фуқароларимизнинг ижтимоий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун кенг йўл очамиз.
Биз меҳнат қонунчилиги устуворлигига эришамиз, ходимни эксплуатация қилишга қарши кескин курашамиз.
Биз мамлакат ялпи аҳолисининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, ҳар бир инсонни бой қилиш чораларини кўрамиз.
Ҳар бир инсон бошпанага эга бўлишга ҳақли. Биз уй-жойларнинг нархини кескин камайтирамиз. Ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар ижтимоий ҳимоянинг муҳим шартидир.
Биз аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаймиз. Муниципал уйларнинг қурилиши ва кейинги эксплуатацияси учун ҳокимликларни масъул қилиб белгилаймиз.
Биз ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳам иш билан таъминланиши, таълим олиш, пенсия ва тиббий таъминот соҳаларида қонун билан кафолатланган имтиёзларга эга бўлишлари керак, деб ҳисоблаймиз. Илгари ишлаш имконияти ёки мутахассислиги бўлмагани сабабли кам иш ҳақи эвазига ишлашга мажбур бўлган ҳарбийларнинг турмуш ўртоқлари учун пенсияларни ҳисоблаш тартибига алоҳида бандлар киритамиз.
“Арзон меҳнат” тушунчасидан воз кечиш, “Иш ҳақи минимуми” ва “Яшаш минимуми” тўғрисида қонунларни қабул қиламиз. Бу борада:
ижтимоий адолат тамойилига асосланган меҳнатга янгича муносабатни шакллантириш;
“базавий ҳисоблаш бирлиги”, пенсия ва энг зарур “яшаш минимуми” ҳамда “истеъмол савати”нинг ўзаро мутаносиблигига эришиш; фуқароларнинг даромад солиғи миқдорларини қайта кўриб чиқиб, прогрессив даромад солиғини киритиш;
минимал иш ҳақини бозордаги нарх-навога мутаносиб равишда ошириш ҳамда аҳолининг даромади бўйича кескин табақаланишнинг олдини олиш;
“Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тариф сеткаси”ни такомиллаштириш, ойлик иш ҳақининг бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига тўланадиган қўшимча тўловларсиз ва устамаларсиз реал ҳаётга мослаштириб белгилаш;
бизнесни аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш борасидаги ижтимоий масъуллигини ошириш чораларини кўрамиз.
Мамлакатимизда ва чет элда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб берамиз, уларнинг меҳнати қадрланишини ва муҳофаза қилинишини, ишлаган меҳнатига яраша ҳақ олишини, меҳнат стажига қўшилишини ва келажакда муносиб пенсия олишини кафолатлаб берамиз.
Биз пенсиядаги юқори чекловларни бекор қиламиз ва ҳар кимнинг меҳнатига, олган маошига ва ижтимоий тўловларига яраша пенсия таъминотини йўлга қўямиз. Пенсионерлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратамиз.
COVID-19 пандемияси таълим ва иш билан таъминлаш учун жиддий тўсиқлар яратди. Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Инқирозга қарши кураш – 2030” дастурини ишлаб чиқамиз.
ТАЪЛИМ СОҲАСИДА АДОЛАТ УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙМИЗ
Таълимга инвестиция киритиш – Ўзбекистон келажагига сармоя киритиш, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим омили демакдир.
Адолат тамойили халқимизнинг барча қатламларига таълим тизимининг имкониятларидан – у мактабгача таълим бўладими, ўрта ёки олий таълим бўладими, бундан қатъи назар – бир хилда фойдаланиш имкониятини беришни талаб этади.
Биз миллий таълим дастурлари асосида янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар кабиларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратамиз.
Мактабгача таълимни юқори даражага кўтарамиз.
Мактабгача таълимнинг сифат ва самарадорлигини юқори даражага кўтарамиз.
Биз болаларни мактабгача таълим муассасаларига ҳозиргидек уч ёшидан эмас, икки ёшидан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз юз фоиз қамраб оламиз.
Биз социал-демократия ғояларига мос равишда давлат мактабгача таълим тизимини тўлиқ бепул қиламиз.
Узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида муҳим вазифаларимиз:
мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш;
уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш,
малакали педагог кадрларни тайёрлаш;
таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашдан иборат бўлади.
Биз таълим ва тарбия тизимини ривожланган ва шарқ маданиятига мос келадиган илғор тажрибалар ва миллий қадриятлар, диний ақидалар асосида умумий ўрта таълимнинг янги стандартларини яратамиз.
Умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида узайтирилган кун гуруҳларини жорий қиламиз ва ўқувчиларни соғлом овқатлантиришни тизимли йўлга қўямиз.
Биз умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш учун “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти”ни ташкил қиламиз.
Биз марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган иқтидорли кам таъминланган ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаймиз.
Ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини ошириш мақсадида яқин орада “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ташаббускори бўламиз.
Партиянинг мактаб таълими соҳасидаги асосий вазифалари:
ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш;
мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш;
ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш;
ўқитувчи масъулиятини ошириш;
мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилашдан иборат.
Мактаб ўқитувчилари орасида гендер тенглигига қатъий риоя этилишига эришиш, таълим-тарбияга эркак ўқитувчиларни ҳам кенг жалб этиш, синфларда ўқувчилар сонини реал мақбуллаштириш, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари миқдори ва сифатини ошириш ишларини назорат қилиб борамиз.
Олий таълим қамровини янада кенгайтирамиз.
Биз жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини яратамиз.
Қонун ҳужжатларига ота-она қарамоғисиз қолган, шунингдек, тўлақонли оилаларда ўсмаган ва олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширган ёшлар учун имтиёзлар бериш тартибини киритамиз.
Биз олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қиламиз ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаймиз.
Биз олий таълим соҳасини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ишларни тизимли давом эттирамиз. Яъни:
олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини кучайтириш;
илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш;
олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш;
олий таълим муассасаларига хорижий профессор-ўқитувчилар, талабаларни янада кўпроқ жалб этиш учун уларнинг виза ва турли давлат божи тўловларини бекор қилиш масалаларига эътибор қаратамиз.
Олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чораларини амалга оширамиз.
Олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритамиз ва юқори рейтингга эга бўлиб контрактда ўқийдиган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатамиз.
Олий таълимда олимларни, айниқса, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўрамиз.
Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини-ўзи бошқариш тизимига ўтказишни амалга оширамиз.
Биз таълим тизимида кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан воз кечиш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантирамиз!Таълим ва илм-фан билан шуғулланувчиларга бепул уй-жой, таълим вазирининг маошидан кам бўлмаган маош таклиф қиламиз!
(давоми бор)
Бизни кузатиб боринг:👇👇👇
@Gazeta_Adolat