ADOLAT 24

Мантиқсизлик қачонгача давом этади?!

Ҳурматли таҳририят ходимлари! Мен адвокатман. Ҳамиша касбимдан, адолат ҳимоячиси эканлигимдан фахрланаман. Ноҳақликка учраган фуқаролар менга мурожаат қилишганида, биз қонун устувор мамлакатда яшаётганимизни айтаман ва уларни ҳақиқат, албатта, қарор топишига ишонтиришга ҳаракат қиламан. Саъй-ҳаракатларимиз натижа бергач эса, уларнинг кўзлари чақнаб турганини кўрганимда, “Раҳмат сизга, ҳақиқат бор экан-ку!” деган сўзларини эшитганимда касбимга, қонун устувор бўлган Ватанимга бўлган муҳаббатим юз чандон ортади, кучимга-куч қўшилади. Аммо бу гал…

2020 йилда Андижон вилояти Марҳамат туманида яшовчи фуқаролар Қаноатхон Қорабоева ва Қодиржон Джабборовлар мурожаат қилиб, туман деҳқон бозори ҳудудида жойлашган ўзларига тегиш­ли бўлган бино ва иншоотларни қариндош­лари Шуҳрат Джабборов нотариус Улфатхон Рўзиохунова билан тил бириктириб, 2000 йилда ўз номига расмийлаштириб олганини, улар бундан 2016 йилда хабар топишганини ва туман прокуратурасига мурожаат қилишганини баён этишди. Туман прокуратураси ҳақиқатан ҳам бу биноларнинг олди-сотди шартномаси қалбакилаштирилганини аниқлаган. Аммо орадан 4 йил муддат ўтган бўлса ҳам бу иш ҳамон адолатли ҳал этилмаган.

Бу гал мен ҳақиқатни қарор топтириш учун ҳаракат қилганим сайин, гўёки адолат мендан йироқлашиб бораётгандек. Асака туманлараро суди, вилоят прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаатлар… Ажабланарлиси, 2017 йилнинг 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ҳал қилув қарори Ш.Джабборов фойдасига чиқарилганидир.

Суд-ҳуқуқ тизимидан тополмаган ҳақиқатимни айтиб, “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасидан адолат изладим ва газетада жорий йилнинг 20 август куни “Ҳуқуқшунос сўз сўрайди” рукни остида “Бу ерда мантиқ қани? Қарор бор, мулк эса… йўқ” сарлавҳали мақолам чоп этилди. Унда мазкур масалада фуқаронинг ҳуқуқлари, қонуннинг қайси моддаси қаерда бузилганини қонуний асосларда тўла исботлаб бердим. Қолаверса, нотариус У.Рўзиохунова нега ўз-ўзидан бировнинг мулкини бошқа бировнинг номига ноқонуний тарзда расмийлаштириб берган, деган саволнинг очиқ қолаётгани ҳақида ҳам ёзгандим. Аммо, минг афсуски, орадан 4 ой вақт ўтган бўлишига қарамай ҳали-ҳанузгача мақола юзасидан менга на Андижон вилоят прокуратураси, на Марҳамат туман прокуратураси томонидан ҳеч қандай жавоб хати келмади. Бу эса мурожаатнинг холисона ўрганилмаётгани яққол исботидир.

Қолаверса, фуқаро Қодиржон Джабборов келтирган барча ҳолатларга Андижон вилоят ва Марҳамат туман прокуратураси йиллар давомида юзаки, мавҳум жавоб бериб келмоқда. Агар фуқаро мурожаатида келтирилган далиллар холисона ўрганилганида мулкий низо йиллаб чўзилмас, хусусий мулк эгаси Қ.Қорабоева ва Қ.Джабборовлар ноҳақликлар натижасида соғлиғидан айрилиб, ногирон бўлиб қолмаган бўлар эди, эҳтимол.

Буни қарангки, мен ёзган мақола юзасидан (Юқорида айтганимдай, жавоб хати аслида менга берилиши керак эди.) Андижон вилоят прокуратураси фуқаро Қ.Джабборовга юборган жавоб хатида бундан буён ушбу низоли мулк бўйича унинг мурожаати ўрганилмаслиги ва кўриб чиқилмаслигини билдиргани кишини ҳайратга солади. Негаки, бу билан Андижон вилоят прокуратураси фуқаронинг конституцион ҳуқуқларини чеклаб, Ўзбекистон Республикасининг “Мурожаатлар тўғрисида”ги ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларини қўпол равишда бузмоқда.

Ваҳоланки, юқоридаги қонунларда фақатгина Бош прокурорнинг имзоси билан юборилган жавоб хатларидагина мурожаат қайта кўриб чиқилмаслиги эътироф этилиши кўрсатиб қўйилган. Бундан кўринадики, Андижон вилоят прокуратураси томонидан берилган нав­батдаги жавобнинг ўзини қонунга мутлақо зид ёки мантиқсизликнинг давоми сифатида баҳолаш мумкин.

Ушбу низо юзасидан ёзилган барча шикоят ва аризалар прокуратура томонидан холисона, фақат қонунларимиз асосида ўрганилиб, жавоб берилиши лозим. Қолаверса, давлат нотариуси У.Рўзиохунова томонидан ўзга шахснинг мулкини бош­­қа шахсга ҳужжатларни қалбакилаштирган ҳолда ўтказиб берилишининг ўзи жиноят-ку?

Шундай экан прокуратура органлари Ш.Джабборовнинг низоли мулкни ўз номига давлат нотариуси орқали қалбаки ҳужжатлар асосида олди-сотди қилинишида иштирок этмаган, деб топишини қандай изоҳлаш мумкин?! Шунинг учун мулкий низо йиллар давомида ҳал этилмасдан мурожаатчилар ва уларнинг яқинларига маънавий зарар, соғликларига путур етказишда давом этиб, ҳал этилмай келинмоқда. Аслида адолатни қарор топтиришга кўп нарса талаб қилинмайди: ҳалоллик, қонун устуворлиги ва адолат торозиси тўғри қўйилса бас. Муаммога ўрин қолмайди.

 Мен ҳуқуқшунос сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан айнан шу мурожаатни холисона кўриб, қонуний қарор қабул қилишни, ўз ишига совуққонлик билан қараб, фуқаролар ишончини поймол этаётган соҳа ходимлари ишини назоратга олишларини сўрайман. Негаки, юртдошларимизнинг давлатимиз қонунларига бўлган ишончини сўндиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Мансурбек АҲМАДАЛИЕВ,

Қўқон шаҳридаги “Адолат” адвокатлик бюроси адвокати

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Устувор йўналиш – ижтимоий давлат бунёд этиш

admin

КЎКТОШДА КЎРКАМ МАЖМУА ҚУРИЛДИ “Ўғилларимизни мақтайдиган газетангизни қаердан топаман?”

admin

Ўзбек санъати дурдоналари жаҳон кўргазмаларида: Лувр музейидан Жидда шаҳригача

admin