ADOLAT 24

Бор меҳримиз сенга, болажон!

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан 3 декабрь куни “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди.

Ўтган давр мобайнида партия томонидан ташкил этилган акциялар доирасида республика миқёсида жами 6156 нафар донорлар иштирок этиб, 2 минг 154 литр, 600 грамм қон йиғилди ва йиғилган қонлар 12 минг 312 нафар қонга мухтож болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди.

Ўзгалар соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш учун қон берувчи кишилар қарори ҳар қандай таҳсинга лойиқ.

Донорлик акцияси республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиб, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилди. 

* * *

Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Андижон шаҳридаги вилоят қон қуйиш станциясига партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари ҳам эзгу мақсад билан кириб бордилар. Кўнгилли равишда қон топшириш орқали беморлар ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилиш уларнинг қалб амрига айланган. 

Тўйдихон Алибоева, 

халқ депутатлари Жалақудуқ туман Кенгаши депутати:

– Бугун мен кўнгилли равишда акцияда қатнашяпман. Менинг қоним бир бемор юртдошимизга ҳаёт бағишлашидан хурсандман. 

Андижонлик “адолатчи”лар томонидан ташкил этилган донорлик акцияси тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, қон топшириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, қолаверса, жамиятда меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Йилдан-йилга ушбу эзгу ташаббусни қўллаб-қувватловчилар сафи кенгайиб бормоқда. 

* * *

“Адолат” СДП Бухоро вилояти кенгаши ташаббуси билан вилоят қон қуйиш марказида “Бор меҳримиз сенга, болажон” лойиҳаси доирасида навбатдаги донорлик акцияси ташкил этилди. Ушбу акцияда беғараз қон топшириш мақсадида, партия вилоят кенгаши ходимлари, депутатлар ҳамда кўнгиллилар иштирок этдилар.

Қон топшириш орқали донорлар нафақат беморлар ҳаётини сақлаб қоладилар, балки қон топширган инсон ўзининг соғлиғини ҳам мус­таҳкамлаб олишга эришади, ҳар бир одамда қон топширганидан кейин қон янгиланиб, янги ҳужайралар пайдо бўлади, – дейди вилоят қон қуйиш маркази бош ҳамшираси Дилноза Файзуллаева. 

Акцияда ҳудудлардан ҳам қон топширувчилар фаол иштирок этдилар. Жумладан, Шофиркон туманидан 50 нафар, Когон туманидан 40 нафар, Олот туманидан 47 нафар, Когон шаҳридан 28 нафардан ортиқ киши ўз хоҳиш-иродаси билан қон топширдилар.                

* * *

Партиянинг Жиззах вилоят кенгаши томонидан вилоят қон қуйиш маркази ҳамда вилоятнинг барча туманларидаги қон қуйиш марказларида беғараз донорлик акция­­си кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.

– Беғараз донорлик кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъматдир. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди, – дейди партиянинг вилоят кенгаши раиси Ориф Шукуров. – Донорлик учун тарғиботни кучайтириш доимо долзарб масала бўлиб келган. Қон топшириш соғлом одам учун хавфсиз. Нафақат хавфсиз, балки фойдали ҳамдир. 

Мазкур акцияни ташкил қилишдан кўзланган мақсад тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож болажонларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилишдан иборатдир.

Ўтказилган донорлик акциясида маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудудий партия ташкилотлари ходимлари, “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти кенгаши аъзолари ҳамда партия фаоллари иштирок этишди.

— Ўз хоҳишим билан ушбу савобли ишга ҳисса қўшдим, — дейди партия фаоли Маҳмуд Холбоев. — Кўплаб инсонлар қон топширишади. Албатта, кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олижаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб берди. Мен барчани ушбу савобли ва хайрли ишга чорлаб қоламан.

* * *

Эрта тонгданоқ Қашқадарё вилоят қон қуйиш маркази саховатпеша, мурувватли инсонлар билан гавжум бўлди. Шу куни 80 нафардан зиёд олийҳиммат юртдошларимиз ўз ихтиёрлари билан қон топширдилар.

Биз биринчилардан бўлиб, акцияда иштирок этганлар билан мулоқот қилдик.

– Акцияда иштирок этганимдан мамнунман, – дейди партия вилоят кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси Ҳусниддин Бердимуродов. – Топширган қоним тўшакка михланиб қолган болажонларга асқотса, ўзимни жуда бахтиёр ҳисоблардим.

Шу куни акцияда вилоятнинг барча туманларидан партия аъзолари иштирок этиб, чин кўнгилдан хаста болаларнинг тезроқ соғайиб кетишлари учун ўз қонларини ҳадя этдилар. Акцияда вилоят бўйича энг кўп фуқаролар Қарши шаҳрида қатнашди.

* * *

Мазкур акцияда партиянинг барча ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда кўнгиллилар қатнашишди.

Айниқса, акцияда олий таълим муссасалари, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғис­тон Рес­публикаси прокуратураси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ходимлари ҳамда бош­­қа кўплаб ташкилотлар фаол иштирок этишди. 

Жадира Габбарова, 

Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станцияси, донорлар бўлими мудири:

– «Адолат» социал-демократик партияси ҳар йили анъанага биноан меҳр улашиш мақсадида бемор болажонларимиз учун респуб­лика бўйлаб беғараз донорлик акцияси ташкил этиб келмоқда. Беғараз донорлик акциясига ташриф буюрган ҳар бир фуқаро ихтиёрий равишда қон топшириб, эвазига ҳеч қандай рағбатлантириш талаб қилмайдиган, хайрли ишлари билан беморларга ҳаёт улашувчи чинакам фидойилардир.

* * *

Давлатимиз Бош қомуси – Конституциямиз қабул қилинганининг 29 йиллиги арафасида партиямиз ташаббуси билан жорий йилнинг 3 декабрь куни республикамизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан, Навоий вилоятида ҳам тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга ундаш орқали бемор болаларнинг соғлиғини тиклашга ёрдам бериш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғоя­ларини тарғиб қилиш мақсадида анъанавий хайрия акцияси ўтказилди. 

Навоий вилоят қон қуйиш марказида бўлиб ўтган акцияда иштирок этиш учун юзлаб фуқаролар кўнгилли равишда ҳозир бўлишди. 

Қувонарлиси, акцияда кўплаб соҳа вакиллари, давлат, турли идора, муассаса ҳамда ташкилотлар, масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар билан биргаликда партия ходимлари ҳам мурғак қалбларга илиқлик улашдилар.

* * *

Вилоят қон қуйиш маркази Наманган шаҳрининг марказида, Бобур номидаги шоҳкўчада жойлашган. Бу ерга келиб-кетиш жуда қулай. Шунинг учунми, соат тўққиз бўлмасданоқ муассаса ҳовлиси гавжум бўла бош­лади. Марказ байрамона безатилгани, қиш бўлишига қарамай қуёш нур сочиб тургани кайфиятни кўтарди. Чор атроф “Бор меҳримиз сенга, болажон!” акциясига бағиш­ланган тарғибот воситалари билан безатилган. 

“Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгаши раиси Мирзараҳмат Олимов марказга биринчилар қатори етиб келди. Чунки у ўзи таклиф қилган олийҳиммат инсонларни кутиб олиши ҳам керак. Одам кўпайиб кетса, уларнинг дам олиб туришлари учун шароит яратиш зарур. Бу борада қон қуйиш марказининг раҳбарлари ёрдам кўрсатишди. 

Шаҳарлик “адолат”чиларнинг етакчиси қон топширишда шахсан намуна кўрсатишга аҳд қилган эди. Шунинг учун акциянинг илк қатнашчисига айланди. Ундан бошқа партиядошларимиз ҳам ўрнак олдилар. Тез орада жонли навбат ҳосил бўлди. Донорларни қабул қилишга олдиндан пухта тайёргарлик кўрган тиббиёт ходимлари жадал ишладилар. 

– Биз тарғибот ишларини кенг йўлга қўйганимиз учун беғараз қон топширадиганлар кўп бўлишини кутгандик, – дейди вилоят партия кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. – Аммо донорлар оқими кутганимиздан ҳам зиёда бўлди. Тушгача қарийб юз киши қон топширди. Ҳозиргача бундай натижага эришилмаган эди. 

Бундай юқори натижада қатор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги яхши самара берди. Айниқча, ҳуқуқ-тартибот органларининг ходимлари фаоллик кўрсатдилар. Ички ишлар бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси, прокуратура ходимлари кўпчиликка намуна бўлдилар. Масалан, Ички ишлар бошқармаси вакиллари Бобур Исамуҳаммедов, Ойбек Саримсоқов, Мираббос Шербоев, Лутфулла Холиқов биринчилардан бўлиб қон топширдилар. 

* * *

Самарқанд шаҳридаги вилоят қон қуйиш станцияси эрта тонгдан кўнгиллилар билан гавжум бўлди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги махсус отряд бўлинмаси, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, вилоят давлат Солиқ бошқармаси ходимлари, партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, қон топшириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, қолаверса, жамиятда меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилиш мақсадида жам бўлдилар. 

Рофи Алиев, 

вилоят қон қўйиш маркази бош шифокори:

– Қоннинг инсон ҳаётидаги аҳамияти барчамизга яхши маълум. Ҳар биримиз умримиз давомида қариндошимиз, яқинимиз ёки қўни-қўшни, танишларимизга қон зарур бўлганлиги ҳақида эшитганмиз, донорлар сабаб қанча-қанча инсонлар шифо топганига гувоҳ бўлганмиз. Биргина фавқулодда вазиятлар ёки жароҳатлардагина эмас, доимий равишда қон қўйиб туриш керак бўлган лейкоз, гемолитик анемия каби касалликлар борки, донорлар бахш этган эзгулик сабаб бундай хасталар томирида қон оқиб туради. Шунинг учун ҳам айтиш мумкинки, энг бебаҳо неъмат қонни беғараз топшириш орқали беморлар ҳаётини сақлаб қолаётганлар олдида қанча бош эгсак арзийди. Бу инсонийликнинг юқори намунаси.

Улмас Мейлиев, 

вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи: 

– Ушбу акция ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали хабар топар эканман, унда иштирок этиб, кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш ҳисси мени тинч қўймади. Эрталаб маънавият соатини тугатиб, жамоамиз билан ушбу хайрли ишга ҳисса қўшишга ошиқдик. Фаолиятимиз давомида англадимки, бу ҳаёт тасодифларга тўла. Баъзан озгина эҳтиётсизлик инсон ҳаётини фожиага айлантирса, ўз вақтида берилган ёрдам, эътибор унга чексиз қувонч бахш этиши, умрига умр қўшиши мумкин. Мана, ҳозир гувоҳ бўлганим онахоннинг набираси саломатлиги учун кўзда ёш билан эзгу ишга бош қўшганларни дуо қилганини кўриб, тўғри қарор қабул қилганимга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

* * *

Партиянинг Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан вилоят қон қуйиш марказида беғараз донорлик акцияси кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.

Дастлаб партиянинг Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан акцияни юқори савияда ташкил этиш бўйича оммавий ахборот воситалари, сайтлар ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон берилди.

Акцияни ташкил қилишдан кўзланган мақсад тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож болажонларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилишдан иборат эди.

Меҳринисо Маматқулова, 

кўнгилли донор:  

– Қон бериш бемор инсонларга ҳаёт ҳадя этишдир. Ҳаёт ҳадя этиш – савоб ишнинг энг олий ифодаси саналади. Ўз хоҳишим билан ушбу савобли ишга ҳисса қўшдим. Кўплаб инсонлар қон топширишди. Албатта, кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олижаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб беради. Кимнингдир дардига малҳам бўла олиш имконияти борлигини анг­лашнинг ўзи бизни савоб ишга бошлади. Акция давом этар экан, барча-барча инсонлардан бемор кичкинтойларга ёрдам бериш учун қон топширишларини сўраб қоламан. Бу ҳар бир соғлом киши учун инсоний вазифа, деб ҳисоблайман.

* * *

“Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши томонидан вилоят қон қуйиш марказида донорлик акцияси ўтказилди. Партия ходимлари, депутатлари ва кўплаб саховатли инсонлар “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ташкиллаштирилган тадбирда фаол иштирок этишди. 

Бола кулгуси ҳар биримизга завқ бағиш­лайди. Беғубор қалб эгалари ҳаётимизга мазмун бахш этади. Уларнинг доимо саломат, ўйнаб-кулиб юришларини истаймиз ва ҳар биримиз ўзимизни масъул ҳис қиламиз. Донорлик акциясини ўтказишдан мақсад ҳам бемор, меҳр ва мурувватга муҳтож бўлган болажонларга, ватандош­ларимизга тиббий кўмак беришдир. Уларнинг соғлом бўлишига кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш ҳаётга бўлган иштиёқини оширади. 

Ҳар бир инсоннинг берган беминнат ёрдами кимнингдир умрини сақлаб қолиши ва ҳаётга қайтишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай эзгу амаллар ҳеч қачон жавобсиз қолмайди. Қолаверса, эзгу ишнинг донор учун ҳам фойдали жиҳатлари кўп.

– Донорлик акцияси ўтказилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар берганимизда кўплаб инсонлар бизга қўнғироқ қилиб, хайрли ишга бош қўшиш нияти борлигини билдирди, – дейди “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари А.Умаров. – Саховатли юртдошларимизнинг кўплигидан қувондик.

* * *

Эрталаб соат 8:30да Хоразм вилоят қон қуйиш марказида акция иштирокчиларини қон топшириш учун кўрикдан ўтказиш ишлари бош­лаб юборилди.

Топширилган қон тўғрисидаги ҳужжатлар вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази онкогематология бўлимида даволанаётган болаларга топширилди.

Нурбек Сапарбоев, 

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия­­си Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, капитан, акция иштирокчиси:

– Партиянинг “Бор меҳримиз сенга, болажон!” лойиҳаси доирасида ҳамкорликда бемор болажонлар учун қон топшириш акциясида жамоамиз билан фаол иштирок этдик. Ўзим ҳам кўнгиллилар сафида болажонларимиз учун қон топширдим. Берган қонларимиз болажонлар дардига шифо бўлиб, улар жамиятда бахтли ва комил инсон сифатида шакл­ланишларини жуда-жуда истайман. Партия фаоллари билан келгусида ҳам ҳамкорликни мус­таҳкам давом эттиришни режа қилдик.

 Зулхумор Аллақулиева, 

вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази онкогематология бўлими мудири:

– “Адолат” СДПни барча партиялар орасида энг фаоли, ташаббускори сифатида танийман ва ҳурмат қиламан. Ҳар доим байрамларда бемор болажонларимизни эътибордан четда қолдиришмайди. Сана муносабати билан беморлар учун қўлларида энг муҳим ва зарур бўлган қон топширганлик тўғрисидаги ҳужжатлар билан бўлимимизга кириб келишади. Партиянинг беғараз ёрдамидан миннатдормиз. Бўлимимиз ишчи-ходимлари билан биргаликда партияга аъзо бўлиш истагимиз ҳам амалга ошадиган бўлди. Фаоллар “Партия патронажи” ишхонамизга келиб, аъзоликка қабул қилишларини айтишди. 

 * * * 

Қонга муҳтож бемор болажонлар учун қилинаётган ушбу ташаббус кўпчилик юртдошларимиз томонидан эътироф этилаётганида партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши фаолларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Акцияда энг кўп иш бажариб, ҳар бир донорни енг шимариб кутиб олаётган шифокорлар сўзларига ҳам қулоқ тутдик.

Муҳаббат Каримова, 

Республика қон қуйиш маркази сайёр гуруҳи катта ҳамшираси:

– Акция эрталаб соат саккизда бошланди. Кун давомида 200 га яқин донорларни қабул қилдик. Бу ерда даволанадиган беморлар учун ушбу акция жуда катта аҳамиятга эга. Беморларимизга ҳар куни қон, плазма қуйиш керак бўлади. Акция давомли бўлишини хоҳлардим. Эслатиб ўтиш керакки, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган донорлар ушбу акцияда қатнашишлари мумкин. Шамолламаган, операция бўлмаган, ўткир юрак етишмовчилиги, жигар, буйрак етишмовчилиги билан оғримаган барча соғлом инсонлар ўз хоҳишлари билан қон топшириш­лари мумкин. 

Сурайё Аҳматова, 

Республика гематология болалар-ўсмирлар маркази лаборанти:

– Мен ушбу марказда 1989 йилдан буён қон гуруҳини аниқлайдиган лаборатория бўлимида ишлайман. Донордан қон олиб бўлингач, биринчи навбатда яроқлиларини ажратиб олиш учун махсус жойга жўнатилади. У ерда қон иккига ажратиб олинади, яъни, плазма ва эрмассага. Кейин қон таркиби яхшилаб текширилади. Таҳлил натижаси яхши чиқса, қон гематология­­да ётган беморларга етказилади. Айни дамда партиянинг ушбу хайрли ташаббусидан барчамиз мамнунмиз.

Болажонлар учун қон топширишда фаоллик кўрсатган ташкилотлар, жумладан, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, қолаверса, барча кўнгилли донорларга чуқур миннатдорлик изҳор этамиз. Борингизга шукр, ҳимматингиз мукофотини ортиғи билан кўринг!

Шунингдек, ҳомийлик ёрдами кўрсатган Интеллектуал мулк агентлиги, Hydrolife фирмаси ва саховатпеша фуқароларимизга ташаккур билдирамиз. Сарфлаганларингиз ўзингизга минг баробар бўлиб қайтсин! 

Фаолиятимизни ёритиш баробарида ўзи ҳам донорга айланган журналист ва блогерларга ҳам катта раҳмат! Ҳамкорлигимиз ҳамиша давом этсин!

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

“Оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинсин!..”

admin

Вакцина олмаган ходимлар вақтинчалик ишдан четлатилди

admin

“Илм саховати”да бепул таълим берилади

admin