ADOLAT 24

Бош тамойил: “Инсон – жамият – давлат”

Ҳар бир мамлакатнинг Конституцияси унинг халқи ҳаётини, давлатчилик тизимини, жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги фаолиятини намоён қилувчи ва ушбу жараёнларнинг моддий, маънавий, ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи Асосий қонун, бош ҳужжат ҳисобланади. Бу ҳужжат, айни пайтда, бутун мамлакат қиёфасини акс эттирувчи, ундаги кечаётган жараёнларни яққол кўрсатувчи ҳаёт кўзгуси саналади. 

Табиийки, ҳаёт доимо ўзгаришлардан, юксалишлардан, янгиланишлардан ва тараққиётдан иборат жараён.

Шундай экан, ҳаётдаги ўзгаришлар, янгиланишлар билан боғлиқ ҳолатда ҳар бир мамлакатнинг Бош қомусига — Конституциясига ўзгартиришлар, қўшимчалар киритилиши ҳам табиий, ҳам тарихий зарурат ҳисобланади. Шу маънода юртимизда 1992 йил 8 декабрда кучга кирган мустақиллик Конституцияси 1993 йил 28 декабрдаги қонунга мувофиқ ўзгаришлар билан қабул қилинганлиги бежиз эмас. Ушбу Конституция 29 йилдирки мамлакатимиз ҳаётини юксалтиришда асосий ҳужжат вазифасини ўтаб келмоқда.

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида ана шу масалага алоҳида эътибор қаратди ва Бош қомусимиз мус­тақиллик йилларида эришилган барча ютуқ ва марралармизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келганлигини таъкидлади. Конституция асосида янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Натижада мамлакатимизда кейинги йилларда катта ўзгаришлар юзага келди. 

Хўш, бу ўзгаришлар нималарда кўзга ташланади?

Аввало, республикамизда халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак, деган юксак ғоя амалиётга киритилди. Конституциядаги “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган 7-моддадаги қоида асосида сенаторлар, депутатлар, вазирлар, ҳокимлар, барча мансабдор шахс­ларнинг халққа хизмат қилиши улар фаолиятининг асосий мезони қилиб белгиланди. Авваллари бирор мансабдор шахс билан учрашиш қийин эди. Эндиликда уларнинг ўзлари одамлар ҳузурига борадиган бўлишди.

Халқимиз юртимизнинг хоҳлаган нуқтасида яшаб меҳнат қилиши, билим олиши, тадбиркорлик фаолияти юритиши, давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқларига эга бўлиш имкониятлари белгиланди ва амалиётга татбиқ этилди. Хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояга олинди. Юртдошларимизнинг хорижда ишлашлари учун йўл очилди. Тан олиб айтишимиз керак, илгари бундай имкониятлар йўқ эди.

Мамлакатимизда болалар меҳнатидан фойдаланишга бутунлай барҳам берилди. Иқтисодий ва тадбиркорлик йўналишида ишсизлик, камбағалликни тугатиш, коррупцияга қарши курашиш йўлга қў­йилди. Шу асосда “темир”, “аёллар”, “ёшлар” дафтарлари яратилди, “маҳаллабай”, “хонадонбай” иш тизимлари юзага келди. Маҳаллалар, маҳаллий кенгашлар фаолиятида тубдан ўзгаришлар, янгиланишлар пайдо бўлди ва бўлмоқда. Одамларнинг муаммолари жойларда ҳал этилмоқда.

Суд-ҳуқуқ тизимида ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий ишлар бўйича судлар ташкил этилди. Уларга раҳбарлик тизими такомиллаштирилди. Аҳолининг тадбиркорлик, фуқаролик, иқтисодий ҳуқуқлари қонун асосида ҳимоя қилинадиган бўлди. Юртимизда хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Халқаро тижорат арбитражи фаолият бошлади. Кейинги беш йилда суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилган ислоҳотлар натижасида, расмий маълумотларга кўра, 4 минг нафардан ортиқ шахс суд залидан озод қилинган, 8 мингга яқин одамга қўйилган ҳар хил айбловлар олиб ташланган, 859 нафар фуқаро оқланган. Суд тизимида илгари бундай ҳолат умуман кузатилмаган.

Бугунги кунда жиноят қонунчилигида баъзи масалаларни демократик тамойиллар асосида қайтадан кўриб чиқиш ҳаётий заруратга айланмоқда. Бу хусусда Президент байрам табригида “Ҳозирги кунда колониялардаги маҳкумларнинг қарийб 80 фоизи меҳнатга жалб этилган бўлса-да, уларнинг ишлаган йиллари умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланмайди ва пенсия тайинлашда инобатга олинмайди. Ижтимоий адолат тамо­йилига тўғри келмайдиган бундай чекловнинг бекор қилиниши маҳкумлар томонидан молиявий муҳтожлик туфайли такроран жиноят содир этилишининг олдини олишга хизмат қилган бўлур эди. Шунингдек, жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмак­лашиш учун “дастлабки ёрдам пакети” тизими жорий этилади. Хусусан, ўзининг аниқ тадбиркорлик лойиҳасини бошламоқчи бўлган собиқ маҳкумларга Пробация хизматини ривожлантириш жамғармасидан 10 миллион сўмгача бир марталик моддий ёрдам берилади”, дея ушбу ҳолатга ҳаққоний баҳо берди.

Юқоридагилардан англашилиб турибдики, бугун ҳаётимизда жуда катта ўзгаришлар рўй бермоқда ва яна янги-янги ўзгаришлар рўй бериши кутилмоқда. Бу ўзгаришларни бундан 29 йил аввал қабул қилинган Бош қомусимизнинг ҳуқуқий мезонлари асосида баҳолаш ва белгилаш, унга мувофиқ янги қонунлар, қоидалар яратиш қийин. Шунинг учун “Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айланмоқда”. Бошқача айтганда, мамлакатимизнинг мустақиллик Конституциясини янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Конститутциясига айлантириш ҳаётий заруратга айланди. Шу сабабли давлатимиз раҳбари байрам табригида Бош қомусимизга тўққизта йўналиш бўйича ўзгартиришлар киритиш, унинг янги лойиҳасини тайёрлаш бўйича таклифлар киритди.

Президент таклифларида, жумладан, шундай деди: “Биринчидан, илгари амал қилиб келган “давлат — жамият — инсон” тамойилини “Инсон — жамият — давлат” деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқий амалиётимизда мустаҳкамлаш зарур. Иккинчидан, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши керак. Бу — халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шартидир. Учинчидан, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳам давр талабидир”…

Албатта, бу таклифлар Асосий қонунимизни шиддатли даврга, замоннинг тезкор ўзгаришларига, ҳаётнинг бугунги талабларига мос равишда яратиш мақсадида туғилган. Айни пайтда, бу таклифлар умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиб, Конституция янада мукаммаллаштирилиб, такомиллаштирилиб, уни миллий давлатчилик анъаналарига мос равишда, халқимиз манфаатларига муносиб тарзда тайёрлаш кўзда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, Конституциянинг янги лойиҳасида Инсон шахси ҳаётнинг бош мезони қилиб олингани халқимизнинг қалбидаги орзу-истак­ларнинг, айниқса “Инсон манфаатлари – олий қадрият” тамойилига оғишмай амал қилиб келаётган “Адолат” социал-демократик партияси ғояларининг чинакам амалий ифодаси бўлди.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ, 

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси 

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

ИНСОН ҚАДРИ ТАМОЙИЛИ АСОСИДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОННИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА КАТТА МАРРАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

admin

Ўзбекистон — ҳуқуқий давлат

admin

Жадид, дипломат Акбар Ўрозалиев

admin