ADOLAT 24

ИНСОН ЎЗИНГ…

Бани башар яратилибдики, комил Жамият, комил Инсон орзуси билан яшаб келади. Бу орзу аввал бошда ривоят-чўпчакларда, сўнг утопик асарларда, дейлик, ватандошимиз Абу Наср Фаробийнинг машҳур “Фозил одамлар шаҳри”да бўй кўрсатди.

Зеро, Коинот сарвари ҳисобланмиш Инсон табиатига кўра етукликка интилади. Аслида кун кўришнинггина эмас, яшашнинг, асл тирикликнинг моҳияти ҳам ана шунда. 

Инсонни табиатнинг гултожи, мўъжизаси, олам безаги деб ҳисоблаган ҳазрат Алишер Навоийнинг пурҳикмат сатрларини эслайлик:

Кони-ю ҳайвони агар ҳуд набот,

Ҳар бири бир гавҳари олий сифот.

Барчасини гарчи латиф айладинг,

Барчадин инсонни шариф айладинг,

Дарҳақиқат, Инсон улуғ ва Яратганнинг барча яратмишларидан шарифдир.

Таассуфки, кўп асрлар, йиллар давомида Инсон сунъий равишда ўз моҳиятидан, тутумидан бегона этиб келинди, алал-оқибат жамиятда итоат ва қўрқувдаги одамлардан иборат оломон шаклланди. Индивидуалликни, Яктоликни йўқ этган бир тус оломон эса ҳеч қачон халққа айлан­олмаслиги ўз-ўзидан равшан.

Мисол излаб узоққа бориб ўтирмайлик. “Халқлар отаси” Сталин ижтимоий ҳаётнинг объекти сифатида “биз”ни кўради, “мен”га, демакки, Инсонга асло ва асло ўрин қолдирмайди. Мўйловдор “доҳий” ҳеч иккиланмасдан жамиятдаги ҳар бир одамни “бир мурватча” деб атайди. Демак, бу одам фақат жамият машинасини айлантириб туришга ярайди, у керак пайти ишлатилади, холос; сал эскирдими ёки ишдан чиқдими, чиқит сифатида отиб юборилади.

Назаримда, шўро даврининг Инсонга нисбатан бундай бадбин истеъмолчилик муносабатида унинг бутун мафкураси, ғайриахлоқий ғоялари акс этиб тургандек.

Шукрки, у кунлар қайтмас бўлиб ўтиб кетди. Ниҳоят, Ҳазрати Инсон ўз аъмолига мутаносиб тарзда улуғланадиган, эъзозланадиган саодатли кунлар етиб келди…

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригини диққат билан мутолаа қиларканман, хаёлимдан шундай фикрлар ўтди. Бу бежиз эмас, албатта. Агар эътибор берсак, Юртбошимиз Асосий қонунимизни бугунги жамиятимиздаги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш хусусида мулоҳаза юритар экан, фавқулодда муҳим бир таклифни ўртага ташлади. Яъни: “…илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқий амалиётимизда мустаҳкамлаш зарур”.

Қаранг, таъбир жоиз бўлса, Инсон қуйидан юқорига кўтарилмоқда, ўзига хос ва мос мавқени эгалламоқда. Ахир, аслини олганда ҳам, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир”. Халқсиз давлатнинг мавжуд бўлиши мумкин эмас. Халқ эса алоҳида Инсонларнинг йиғилмасидир.

Шубҳасиз, янги тамойил Инсоннинг ўзини, ўзлигини англашига кўмаклашади, тирикликнинг моҳиятига етишга, ижодкорлик, ташаббускорликка ундайди. Зеро, дунёга Инсон бўлиб келган одам Инсон бўлиб яшайди, ахир. Зеро, бизнинг янгиланаётган жамиятимизда Инсон давлат учун эмас, давлат Инсон учун хизмат қиладиган бўлади. “Ҳамма нарса Инсон учун, Инсоннинг бахт-саодати учун!” деган шиор баландпарвоз ҳайқириқлар йиғиндисига эмас, реал воқеликка айланади.

Дарвоқе, Президентимиз ўз табригида Конс­титуцияни янгилашнинг яна саккиз ўта муҳим омилига эътиборини қаратди. Бевосита ва билвосита Инсон омили билан боғлиқ бўлган мазкур ташаббусларни мухтасар санаб ўтайлик. Булар:

иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши. Бу – халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шартидир;

“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш;

Бош қомусимизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйиш;

фарзандларимиз Янги Ўзбекистон бун­ёдкорлари сифатида майдонга чиқаётган бугунги кунда Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши;

ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда. Шу сабабли “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлаш;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши;

ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгариш­ларни ҳисобга олиб, ўз конституциясига экологияга оид махсус боблар киритмоқда. Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши лозим;

Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш.

Дарҳақиқат, бири биридан муҳим, долзарб, кенг кўламли ва улкан аҳамиятга эга йўналишлар. Биз бу йўналишларнинг ҳар бирини чуқур ўрганишимиз, уларни фаолиятимизнинг дастуриламалига айлантиришимиз шарт бўлади. Зеро, Инсон қадри улуғланаётган замон биздан шуни талаб қилмоқда, Инсон эъзозланаётган шиддатли давр биздан шуни талаб қилмоқда. Биз учун бошқа йўл йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари 


Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Улуғ алломанинг мангулик тафаккури

admin

Айрим ҳудудларда ҳали ҳам ишлар номигагина ташкил этилиб, кўзбўямачилик давом этаётгани тўғрисида маълумотлар етарли — Президент

admin

Реклама қилинаётган дориларнинг таъсирига ишонасизми

admin