ADOLAT 24

Бирида яхши, Бирида акси

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатни яшил маконга айлантиришга қаратилган ташаббуси барчани руҳлантирди. Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида кўчатлар экилмоқда, боғлар барпо этилмоқда. Биз ҳам ана шу эзгу ишга ҳиссамизни қўшдик. Бағдод туманидаги 32-сонли умумтаълим мактаби боғига мевали дарахт ниҳолларини экдик.

Туманнинг “Мирзаобод” МФЙ ҳудудида яна бир хайрли ишнинг амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдим. Бу ерда 8 та янги уй савобталаб юртдошларимиз томонидан қуриб битказилиб, кам таъминланган инсонларга топширилди. Мазкур хонадонлар жойлашган кўчага “Жаннат эшиги” номи берилди.

 – Уч фарзандим билан ёлғиз ўзим жуда қийналиб яшаётгандим, – дейди 8-хонадон соҳибаси бўлган Ферузахон Янгибоева. – Яхшилар бор экан, мушкулимиз осон бўлди. 

 Мазкур эзгу ишга туман имом-хатиби Соҳибжон Аҳмедов бош бўлган экан. Савобталаб инсонларга мурожаат қилиб, қийналган, уйсизларга бошпана қуришни бошлабди. Ҳар бири 4 сотихдан, уч хонали уйлар қурилиб, жиҳозланиб, тирикчилик учун 30 тадан хонаки товуқлар олиб берилиб, 8 та оилага топширилди. Бу ишга нафақат туман аҳолиси, балки бошқа вилоятларда ва чет элларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳам ўз ҳиссасини қўшдилар.

Шу кунларда яна 4 та уй қурилиб, уйсизликдан қийналаётган оилаларга топширилди. Йил охиригача яна 4 та уй қуриш режалаштирилган. Келгусида 80 та уй бунёд этилиши мўлжалланган. Шу кунгача қуриб топширилган уйларда истиқомат қилувчиларга эҳсонлар берилмоқда. Биз ҳам бу ердаги хонадонлар эгалари билан суҳбатлашиб, яшаш жойи ўзгариб, ишсиз қолганлар, боласининг ўқишини кўчиришга қийналганларнинг муаммосини эшитдик ва тегишли масъулларни муаммоларни ўз жойида ҳал этишга жалб қилдик.

“Жаннат эшиги” кўчасида пайдо бўлган яхши кайфиятимиз бошқа бир манзилга борганимизда бузилди. Чунки, Бағдод тумани “Чигит” қишлоғидаги 32-умумтаълим мактаби билан танишганимизда аҳвол ниҳоятда оғирлигига гувоҳ бўлдик. Мактаб аввал капитал таъмирлаш учун дастурга киритилиб, кейин негадир чиқариб юборилган экан. Мактаб учта бир қаватли кичик бинолардан иборат. Битта бинонинг девори ёрилган ва ёрилган деворни тиклаш учун бошланган иш якунига етмай, чала қолган. 380 нафар ўқувчи икки сменада таълим олади, хоналар тор, парта, стуллар етишмайди. Мажлислар зали, спорт зали, стадиони йўқ. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига ҳам,  ўқитувчиларга ҳам хоналар ажратилмаган.

Мактабни инвестиция дастурига киритишга масъуллар эътибор беришмаган. Туман халқ таълими бўлимининг янги тайинланган мудири билан ушбу мактабни капитал таъмирлаш дастурига киритишни ният қилдик.  

 Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси 

Tegishli xabarlar

Ҳуқуқий, ижтимоий давлат қуриш йўлидаги муҳим қадам

admin

ТОЙ ЎРНИГА ФИЛ, ТАНГА ЎРНИГА ДОЛЛАР…

admin

Жазо чоралари кучайтирилмоқда

admin