ADOLAT 24

Танлов якунланди, ғолиблар аниқланди

Бош қомусимиз қабул қилинган кун муносабати билан «Адолат» социал-демократик партиясининг «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида ҳар йили анъанавий равишда «Конституция билимдони» кўрик-танлови ўтказиб келинади.

Кўрик-танловнинг бу галги жараёнлари ҳам қизғин баҳсларга бой бўлди. Республикамиз ҳудудлари бўйлаб кенг оммалашган кўрик-танловнинг дастлабки туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлиш истагида қатнашган иштирокчилар сони 1460 нафарни ташкил этди. Вилоят босқичида ғолиблик учун беллашган ёшлар 206 нафар ҳамда якунда кучлилар сараланиб, респуб­лика босқичига 14 нафар билимдонлар етиб келди. Ана шунинг ўзиёқ танловнинг миқёси кенгайганлигидан ва бу танлов ёшларимиз учун ўзига хос билимлар синовига айланганидан дарак беради. Тошкент давлат юридик университети тадбирлар залида ўтказилган кўрик-танловнинг республика босқичи иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

Байрамона руҳда ташкил этилган тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий аппарат масъул ходимлари, кўрик-танловнинг Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари, «Ёш адолатчилар» қаноти ҳамда «Ёшлар парламенти» аъзолари, шунингдек, ZOOM платформаси орқали респуб­ликамизнинг турли ҳудудларидан мингдан ортиқ партия фаоллари иштирок этди.

Танловнинг очилишида сўзга чиққанлар томонидан эътироф этилганидек, бугун жамият ҳаётининг қайси жабҳасига назар солмайлик, истиқболли ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз. Ана шу тарихий ислоҳотларда юртимиз ёшлари ҳам фаол иштирок этиб, халқ фаровонлигига ва юртимиз тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, партия томонидан давлат ва жамият ишларида ёшларнинг иштироки, фаоллигини кучайтириш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, тиббий, экологик маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш, партия дастурий мақсад ва вазифаларини ёш авлод орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида «Ватан келажаги ёшлар қўлида», «Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини», «Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари», «Конституция – адолат мезони», «Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт», «Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур», «Ёшлар саломатлиги партия эътиборида», «Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик» каби лойиҳалар доирасида кўплаб сиёсий-ҳуқуқий ва тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда.

Бугунги кунда ҳам партия сафларида ўзининг фаоллиги, интеллектуал салоҳияти, ижодий қобилияти билан юксак муваффақиятларга эришиб келаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади.

Сўнгги йилларда партия саф­ларида ёшларнинг иштироки сезиларли даражада ошганлиги «Адолат» СДПнинг халқимиз орасида танилиб бораётганлигидан далолат беради. 

Бугунги кунда партиямиз аъзоларининг умумий сони 510 минг нафардан ортиқни ташкил этаётган бўлса, шундан 229 500 нафарини, яъни 45 фоиздан ортиғи айнан ёшлардан иборат. Бу биз учун муносиб ўринбосарлар, партиямиз келажагини таъминловчи асосий кучдир.

Мазкур кўрик-танлов ҳам фаол ёшларимизни рағбатлантириш, улардаги ташаббускорлик, дунёқарашнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан мус­таҳкамлиги, ҳуқуқий саводхонлик, умумбашарий, миллий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганлик, шахсий намуна ва нотиқлик қобилиятларини юксалтиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, танловнинг бу галги якуний, яъни респуб­лика босқичида ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг белгиланган шартлар бўйича тайёрлаган чиқиш­лари ва билимларини талабчанлик билан баҳоладилар. 

Кўрик-танловнинг биринчи, яъни таништирув шартида ҳар бир иштирокчи ўзи таълим олаётган муассасаси, туман (шаҳар) партия ташкилотларининг сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий тузилмаси ҳақида монолог ёки бадиий кўринишда, мультимедиа воситаси орқали тақдимотлар қилди, шунинг­дек, видеоролик тарзида ўзларини таништиришди.

Танловнинг иккинчи шартида ишти­рокчилар ўзларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини, яъни Бош қомусимиздан, унинг мезонларидан қанчалик хабардор эканликларини намоён қилдилар. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, белгиланган шартлар орасида айнан иккинчи шарт ёшларнинг ҳуқуқий тафаккурини оширишга хизмат қилиши билан бир қаторда муросасиз баҳсларга сабаб бўлди.

Иштирокчилар якуний шартда «Адолат» социал-демократик партияси менинг тасаввуримда» мавзусидаги ижодий ишлари, шеър, расм, эссе, фотоальбом, тақдимот, видеоролик, реклама ролиги ва бош­қаларнинг эркин тарзда тайёрланиши ҳамда ушбу ижодий ишлар орқали танлов қатнашчиларининг партия ҳақидаги тасаввури, партиянинг танилувчанлигини янада ошириш борасидаги таклифлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир якунида танлов ғолиб­лари ва иштирокчилари «Адолат» СДП Сиё­сий Кенгашининг I, II, III даражали дипломлари, фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Қизғин музокаралардан сўнг, ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган қўшимча саволларга ҳам тезкорлик билан тўғри жавоблар бера олган ёшларимиз тажрибали ҳайъат аъзоларининг эътирофига сабаб бўлди. Якунда энг юқори натижага эришган иштирокчилар орасидан учинчи ўринни Бухоро вилоятидан Тофиқбек Акрамов ва Қашқадарё вилоятидан Мадина Муродова қўлга киритди. 

Иккинчи ўринга Фарғона вилоятидан ташриф буюрган иштирокчи Аброржон Анваржонов лойиқ кўрилган бўлса, 

танловнинг мутлоқ ғолиби сифатида Сирдарё вилояти вакили Зафарбек Ғаффаровга биринчи ўрин статуэткаси топширилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, «Конституция билимдони» кўрик-танловини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекис­тон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантиришдан иборатдир.

Муродилло Маҳмудов,

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Аёллар ва ёшлар сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси ёшлар бўлими етакчи мутахассиси 

Tegishli xabarlar

МЕН “АДОЛАТ”НИ ТАНЛАДИМ!

admin

ФИРИБГАРГА АЛДАНИБ ҚОЛДИМ…

admin

Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт (30 июль – Халқлар дўстлиги куни олдидан)

admin