ADOLAT 24

ОЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР МУЖАССАМ ҚОМУС

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – Асосий қонунимизнинг ҳаё­тимиз, тараққиётимиз учун аҳамияти бениҳоя юксак. Конституция­миз мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашнинг муҳим асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Бош қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар онгу шуурида Ватанга садоқат, қонунларимизга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш бизнинг устувор фаолият йўналишларимиздан биридир. Аслини олганда ҳам Конс­титуция ҳар қандай давлатнинг юзи, унинг обрў-эътибори ҳам ҳисобланади.

Шуни алоҳида мамнуният билан қайд этамизки, Бош қомусимиз жаҳонда амалдаги энг демократик Асосий қонунлардан бири бўлиб, давлатимиз ва жамиятимизнинг ривожланиши, демократик ислоҳотлар жадаллиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Биз бу ўринда “амалдаги” сўзига бежиз урғу бермадик. Зеро, қонун қабул қилиш масаланинг бир томони, иккинчи томонида эса унга оғишмай амал қилиш ётади. Биз ўзимизга хос истиқлол ва тараққиёт йўлини танлаб олар эканмиз, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларимизни Конституция – Асосий қонунимизда мустаҳкамлаб олганмиз. Зеро, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакатгина ўзи белгилаган юксак марралар сари мудом олдинга қараб боради ва кутилган натижаларга эришади.

Шу боисдан мамлакатимиз Конституция­сини эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига чуқур сингдириб боришимиз зарур.

Зеро, Конституция устуворлиги – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир.

 Маълумки, “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг кенг кўламли фаолиятини мамлакатимиз Конституцияси белгилаб берган ҳуқуқ ва эркинликлар, бурч ва мажбуриятлар доирасида олиб бормоқда. Жумладан, “Адолат” СДПнинг Олий Мажлисдаги фракцияси жорий йилнинг 9 ойи давомида ўз фаолиятининг асосий йўналишларини Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этган Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишларни самарали рўёбга чиқариш, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш, шунингдек, “Адолат” СДП Сайлов­олди дастурида қайд этилган эзгу мақсад ва ғояларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда фракция­нинг мамлакатдаги ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашишга қаратилган 2021 йилдаги иш режаси доирасида олиб борди.

Фракциянинг 2021 йилги иш режасида “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурига мувофиқ, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид муҳим қонун лойиҳаларини тайёрлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу боис жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида фракция аъзолари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларига тегишли таклифлар ва фикрларни партиямиз позициясидан келиб чиққан ҳолда тақдим этдик.

Ўтган тўққиз ой давомида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 35 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 128 та қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. 

Шунингдек, фракция фаолиятида Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган қарор ва фармонлари, муҳим ва долзарб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйи­­ча фракциянинг позицияларини ишлаб чиқиш механизмларини такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилди. 

Хусусан, Президентимизнинг қарор ва фармонлари, вилоятларга ташрифларидаги маърузалари, хорижий давлатларга ташрифлари мазмун-моҳияти ва улардан келиб чиқувчи фракция позициясини шакллантириш бўйи­­ча 13 та масала кўриб чиқилди. 

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, фракция аъзолари Қонунчилик палатасининг ялпи мажлислари кун тартибига киритилган барча қонун лойиҳалари бўйича қизғин муҳокамаларда иштирок этди. Муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳаларига зарур ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш бўйича “Адолат” СДП фракция аъзоларининг 90 дан ортиқ таклифлари берилди ҳамда 70 маротабадан ортиқ партиянинг Сайловолди дастури нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда муносабатлар билдирилди. 

Фракция фаолиятида партия Сайлов­олди дастуридан келиб чиққан ҳолда қонун лойи­ҳалари ва Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари юзасидан партия­нинг қуйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позиция­­ни шакллантириш йўлга қўйилди. Партия тизимида “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган янги тизим жорий этилди. 

Хусусан, ишлаб чиқилган тизим бўйича дастлаб фракцияга келиб тушадиган қонун лойиҳалари ва Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари бўйича фикр ва таклифлар олиш, амалиётдаги муаммоларни таҳлил қилиш учун фракция ижрочи котиби орқали партиянинг Марказий аппаратига тезкор тақдим этилиши, шу куннинг ўзида Марказий аппарат томонидан партиянинг ҳудудий ва маҳаллий Кенгашларига қонун лойиҳаларини етказиш белгиланди. Шундан сўнг партия экспертлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва бошланғич партия ташкилотлари томонидан таклиф ва тавсиялар берилиб, партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда ҳудудий кенгашлари томонидан умумлаштирилган таклифларни партия Марказий аппаратига юбориш амалиёти йўлга қўйилди. Ўз навбатида партия Марказий аппаратида ҳудудлардан келган таклифларни умумлаштириб, фракцияга юбориш амалиёти йўлга қўйилди.

Янги тизим орқали фракцияга тақдим этилган қонун лойиҳалари бўйича билдирилган фикр ва таклифлар фракция йиғилишларида муҳокама қилиниши амалиёти жорий этилди. Янги тизимни жорий этиш натижасида ҳисобот даврида 19 та қонун лойиҳалари бўйича партиянинг қуйи тизимидан 120 дан ортиқ таклифлар фракцияга тақдим этилди. 

Айни пайтда Асосий қонунимизда белгиланган ҳуқуқий меъёрлар қотиб қолган, мутлоқ ўзгармас тушунчалар эмас. Бугун юртимиз мисли кўрилмаган даражада, юқори суръатларда тараққий этмоқда, кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда, кишилар онг-шуурида, жамиятда улкан ижтимоий, сиёсий, маданий ва маънавий эврилишлар юз бермоқда, Янги Ўзбекистон ва шу билан бир қаторда янги халқ шаклланмоқда. Шунга мутаносиб равишда амалдаги қатор ҳуқуқий меъёрлар қатори Бош қомусимизга ҳам айрим таҳрирлар ва ўзгартиришлар киритмоқдамиз. Тараққиёт талаби ҳам шу аслида. 

Бу жараённи чуқур англаган Президентимиз яна бир ташаббус билан чиқди. Яъни, янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида ушбу масалага алоҳида тўхталиб, жумладан шундай деди: “Барча номзодларнинг сайлов­олди учрашувларида электорат вакиллари томонидан бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган яна бир муҳим таклиф илгари сурилди. У ҳам бўлса, мамлакатимизда конс­титуциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат.

Агар дунё тажрибасига назар таш­лайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”.

Tegishli xabarlar

Ким айбдор? Томоша кўрсатаётган болаларми ёки?!

admin

АНДИЖОН ДАВЛАТ ЧЕТ ТИЛЛАРИ ИНСТИТУТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

admin

«ЯНГИ ЎЗБEКИСТОН – ЯНГИ СУД» тамойили инсон қадрини улуғлаш ва қонун устуворлигига хизмат қилади

admin