ADOLAT 24

Мустақиллик балладаси

Абдукамол Рахмонов,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Бир Ватан бор – шонли бир Ватан,

Унда ҳамма бир жону – бир тан.

Халқи аҳил, бағри, феъли кенг –

Ҳар бир инсон, ҳар бир миллат тенг.

Дарвозаси эрта-кеч очиқ,

Меҳмон келса елкада сочиқ.

Дастурхондан нон-чой аримас,

Бунда ҳеч ким асло қаримас.

Маърифатнинг эшиги эрур,

Алломалар бешиги эрур.

Ҳам гулистон, боғу бўстондир,

Бу гўзал юрт – Ўзбекистондир!

Қадим замин – тарихи узоқ,

Бошланади Одам атодан:

Афросиёб – Кушон, Бақтрия,

Алп Эр Тўнға, Мароқандия,

Суғдиёна, Киропол, Эрши,

Хоразм ва Бухоро, Қарши…

Бу юрт шундай бир шариф диёр,

“Авесто”си, ҳадислари бор.

Ҳар бир давр тарихи бисёр,

Буюк-улуғ алломалар бор:  

Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний,

Ал-Фаробий ва Ҳамадоний,

Зайд Добусий, ал-Марғиноний,

Ат-Термизий ва Ғиждувоний,

Беруний ва имом Бухорий,

Мотуридий ва Замахшарий,

Наршахий ва Аҳмад Яссавий,

Баҳоуддин, Маҳмуд Фағнавий,

Мир Алишер, Муҳаммад Бобур… –

Илм-фаннинг даҳоси эрур.

Улуғларнинг саноғи йўқдир,

Билимларнинг адоғи йўқдир.

Амир Темур, Мирзо Улуғбек – 

Яшаб ўтган минглаб султон, бек.

Маънавият заргари эрур,

Ер юзининг гавҳари эрур.

Бир юз эллик йиллар муқаддам,

Александр келтирди кўп ғам.

“Кўзмунчоқ”қа кўз олайтирди, 

Кўнглимизни қоп-қорайтирди.

Туркистонни эгаллаб олди,

Олтинларин қопларга солди.

Замбаракнинг ўқидан – дўкон,

Обидалар чилпарчин, яксон.

Қадр кетди, топталди ор, шаън,

Қўлимизга урилди кишан.

Сўнг “большовой” кўтариб байроқ,

Сургун қилди ким бўлса “бой”роқ.

Қолдирмасдан на эчки, улоқ,

Тортиб олиб, қилдилар “қулоқ”.

Динимиздан этишди жудо,

Тилимиздан бўлдик мосуво.

Юз минг ўзбек бўлди қатағон,

Ўн уч мингги отилди шу он.

Қанча-қанча бегуноҳ инсон,

Қодирийлар, Авлоний, Чўлпон.

Алломалар қони тўкилди,

Қурбонларга хандақлар тўлди.

Зое кетди вой-додларимиз,

Шаҳид кетди аждодларимиз.

Улар бизни дедилар “авом”,

Зўравонлик этарди давом…

“Пахта иши” даври бошланди,

Қора кўзлар яна ёшланди.

“Десантчи”лар ғазабин сочди,

Ёлғон-сохта “дело”лар очди.

Кўп раҳбарлар ишдан сурилди,

Қўлларига занжир урилди.

Онасини қийноққа солди, 

Хотинини ҳибсга олди.

Бўҳтонлардан айблов тўқилди,

Адолатсиз ҳукм ўқилди.

Бу кунларни кечириб бўлмас,

Тарихдан ҳеч ўчириб бўлмас.

Тўқсонинчи йилларга яқин,

Ҳаётимиз тус олди ёрқин.

Ислом ота давлат бошида,

Қўл узатди кекса-ёшига.

Қарор қатъий – азму шижоат,

Халқ кўрсатди юксак жасорат.

Эл фикрини “марказ”га айтди,

Энг биринчи “тил”имиз қайтди.

Ижобатин топди тилаклар,

Ҳумо қайтди, қайтди лайлаклар.

Номус қайтди – ғурур, ифтихор,

Ҳар инсоннинг кўнглида баҳор.

Қуёш келди тонглаб, эрталаб,

Ҳурриятни заррин эркалаб.

Куз ипаги қўнди қошимга, 

Мустақиллик келди бошимга.

Минг тўққиз юз тўқсон бир рақам,

Зарвараққа ёзилди шу дам.

Қўлга кирди истиқлол тахти,

Қайтиб келди ўзбекнинг бахти.

Халқимизнинг қадди тик бўлди,

Қалбларимиз қувончга тўлди.

Харитага кирди суюк ном –  

Ўзбекистон – деган, буюк ном!

Дунё бўйлаб баланд туғимиз,

Тенглар ичра тенгмиз энди биз.

Ғаламислар ҳар томон қочди,

Ислоҳотлар кенг қулоч очди.

Озод бўлди тоғу адирлар,

Озод энди хирмон, тандирлар.

Эркинлашди нарх-наво, бозор,

Эркин бўлди деҳқон, тадбиркор.

Полиз, мева, бошоқли дон-дун,

Юртда қолди пахта-ю олтин.

Ватан узра кезган истиқлол,

Бахт келтирди, келтирди иқбол.

Тенглик топди юздан кўп миллат,

Бағрикенг бу – эркин жамият.

Янги давлат – янги мамлакат,

Янги замон, янги ҳаракат.

Янгиланди дунёқарашлар,

Ўзбегимга эзгу ярашар.

Бизда қонун устувор фақат,

Ҳукмрондир юртда адолат.

Оқибат бор, ҳамжиҳатлик бор,

Қўл меҳнатда, Аллоҳ қалбга ёр!

Улуғ йўлда карвоннинг бари,

Катта-катта довонлар сари.

Бободеҳқон қолдирган ҳар из…

Муқаддасдир, ҳар доим азиз!

Юрт бойлиги меҳр-муҳаббат,

Бизда ҳеч ким топмас залолат.

Ҳа-ҳа, ҳеч ким озор тортмайди,

Ҳеч кимсанинг бахти ётмайди.

Энг муҳими тинчдир бу диёр,

Кеча-кундуз посбонлар ҳушёр.

Инсон шаъни, қадр-қиммати,

Эъзоз топди, ошди ҳурмати.

Ҳар ким учун берилди имкон,

Улуғланди ҳазрати инсон.

Фаровондир ҳар бир оила,

Тўкин-сочин дастурхон ила.

Иззатдадир оналар ҳар дам,

Хотин-қизлар, нуронийлар ҳам.

Фахрийларга эътироф юксак,

Доим ҳурмат кўрсатилажак.

Боғча, мактаб ва олий таълим –

Қадр топди устозу олим.

Соғлом авлод ва комил инсон –

Спорт учун бор чексиз имкон. 

Обод кўча, обод маҳалла,

Ҳар бир уйда янграйди алла.

Эътиборда хатлар, мурожаат,

Мушоҳада, якдил мулоқат.

Сўзлар эркин, бошимиз баланд,

Ҳар инсоннинг қадри сарбаланд.

Буюк, улуғ боболаримиз –

Шароф, Ислом оталаримиз…

Аждодларнинг руҳи бўлсин ёр,

Бу ўлка-ким – Шавкатли диёр.

Куч-ғайратда ҳар доим сардор,

Эзгу ишлар давомли, бисёр!

Маърифатнинг эшиги эрур,

Алломалар бешиги эрур.

Ҳам гулистон, боғу бўстондир,

Бу гўзал юрт – Ўзбекистондир!

Tegishli xabarlar

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси кўриб чиқилди

admin

Қонуний жазо чораларини кучайтирмасдан, коррупцияни бартараф этиб бўлмайди

admin

45 дан зиёд муаммолар ўрганилди, 14 та депутатлик сўрови юборилди

admin