«Adolat» ижтимоий-сиёсий газетаси саҳифасида эълон қилинган “Келажак пойдеворини матбуотсиз яратиб бўладими?” деб номланган мақолада бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг босма нашрлари, журналистлар, муштарийлар учун ҳам айтилиши ва амалга оширилиши муҳим бўлган фикрлар ўртага ташланибди. Газеталар нашр этилсаю муштарийлари бўлмаса, муштарийлар мутолаа қилмасаю газеталар чоп қилинса… Бу муаммоларни, мақолада айтилганидек, аллақачон ҳал қилиш вақти келди. Мен шу ўринда босма нашрларнинг ўз обуначиларини йўқотаётганлигига омил бўлаётган яна бир масалага эътибор қаратмоқчи эдим.
Маълумки, газета муштарийлари билан тирик. Бу газета билан газетхон ўртасидаги ҳамкорлик ҳамма вақт зарур дегани. Матбуот роли кучайган, газеталар талаш бўлиб ўқилган пайтларда уларнинг омма билан билан алоқалари кучли эди. Одамлар газетага ишонарди. Шу ишонч туфайли матбуот нашрларига ҳаётдаги янгиликларни ҳам, ўз қувончларини ҳам, ташвишларини ҳам, фикр-мулоҳазаларини ҳам ёзиб юборардилар. Газеталарда ҳам уларга алоҳида эътибор қаратиларди. Муштарийларнинг ёзганлари газета саҳифаларида ё чоп этиларди, ё уларга чоп этмаслик сабаблари ёзилиб, жавоб мактублари жўнатиларди. Кўп ҳолларда газетхонлар таклиф-мулоҳазалари асосида муаммоларнинг ечими жиддий таҳлил қилинган мақолалар эълон қилинарди.
Хуллас, бирор газетхоннинг матбуотга муносабати эътиборсиз қолмасди. Эндиликда эса газета ва газетхон ўртасидаги бундай ҳамкорликка путур етди. Бугунги кунда газеталар таҳририятларига газетхонлардан хатлар келмаяпти, деб бўлмайди. Келаяпти, лекин уларнинг аксарияти шахсий ташвиш — арзнома, шикоятдан иборат, холос. Газетхон эса газета саҳифаларида бир одамнинг шахсий ташвишини эмас, халқни, миллатни ўйлантираётган муаммоларга ечим топишни истайди. Обуначилар сонининг камайиб кетишида бу каби омилларнинг ҳам ўзига хос ўрни бор, албатта. Шу сабабли газеталар билан газетхонлар ўртасидаги ҳамкорликларни тиклаш керак, деб ўйлайман.
Сотим Аваз,
фахрий журналист
Хоразм вилояти Урганч шаҳри