ADOLAT 24

Бюджет ижроси талабга жавоб берадими?

Адолат” СДП фракцияси депутатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил тўққиз ойлиги ижроси тўғрисида ҳисоботи ҳамда “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Кун тартибига қўйилган масалаларни чуқур ўрганиш учун дастлаб фракция аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, мазкур масалалар юзасидан “Адолат” СДП ғояларидан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий соҳага эътибор қаратиш зарурлиги белгилаб олинди.

Йиғилишда 2021 йил 9 ойлик Давлат бюджети даромадлари 108,4 фоизга ёки 9 триллион сўмга ошириб ижро этилганлиги алоҳида таъкидланди.

Ўтган даврда Давлат бюджети харажатлари 130,2 триллион сўмни ташкил қилиб, шундан ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун 64,0 триллион сўм ёки умумий харажатларнинг 49,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Ушбу харажатларнинг 87,9 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келади. Шу жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,0 фоизга кўп маблағлар ажратилган.

Йиғилишда бюджет ижросининг бажарилишидаги ижобий жиҳатлари билан бирга йўл қўйилган камчилик­ларга ҳам эътибор қаратилди. Фракция йиғилишида депутатларнинг жиддий муҳокамасига сабаб бўлган бир қанча ҳолатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Абдуғани Умиров, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишда ички аудит тизими ва идоравий назорат тизими фаолияти бирламчи ва иккиламчи бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан яхши йўлга қўйилмагани билан боғлиқ. 

Натижада (728,7 млрд. сўм) бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар давом этмоқда ёки ўтказилган назорат тадбирлари натижасида аниқланган молиявий хато ва камчиликлар жорий йилнинг 9 ойида ўтган йилнинг шу даврида ўтказилган назорат тадбирлари натижаларига нисбатан 2,7 мартага ошгани бундай ҳолатларни назоратга олиш ва бартараф этиш чоралари кўрилиши кераклигини кўрсатмоқда.

Шуҳрат Полванов, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб фуқаролар турмуш шароитини яхшилаш мақсадида катта маблағлар ажратилаётганини кўриб турибмиз. Жумладан, йил бошида энергетика вазири ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбари томонидан давлат раҳбари олдида ҳудудлардаги энергия таъминоти билан боғлиқ муаммоларнинг 60 фоизга яқини ўз ечимини топиши ҳақида ваъда берилган ҳамда соҳага мисли кўрилмаган даражада маблағ ажратилиши белгиланган эди. 

Бироқ ҳудудларда ўтказаётган ўрганиш­ларимиз бу борада муаммолар ечимини топмасдан қолаётганлигини кўрсатмоқда. Биргина Самарқанд вилояти Нуробод тумани мисолида оладиган бўлсак, 2019-2020 йилларда ажратилган маблағлар бўйича ишлар тўлиқ бажарилди, деб ҳисобот берилган, 2021 йил учун маблағ ажратилган бўлса-да, режалаштирилган ишлар 50 фоизга ҳам бажарилмаган. Давлат томонидан ажратилган маб­лағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилиш пасайиб кетган. Режага киритилган ишлар нега бажарилмасдан қолмоқда? 29-30 ноябрь кунлари депутат билан биргаликда айнан Нуробод туманида энергия таъминоти масалаларини ўрганишга вазирлик масъул ходим ажрата оладими?

А.Раупов, 

Энергетика вазирлиги бўлим бошлиғи:

– Кўтарилган масалалар юзасидан аниқ ва тўлиқ жавоб бера олмайман. Чунки, бу масала билан бошқа бўлим шуғулланади. Аммо барча айтиб ўтилган эът­ирозларингиз ўрганиб чиқилиб, масъул ходимлар томонидан жавоб тақдим этилади. 

Иномжон Қудратов, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

 – Юқорида фракция аъзолари томонидан таъкидлаб ўтилган салбий ҳолатлар ҳисобот даврида энг кўп Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги тизимида аниқланган. Бюджетни шакллантириш ва ижросини таъминлашда натижадорлик масалалари борасида бюджет тизимида аниқ чора-тадбирлар кўрила бош­ланган айни дамда, бюджет тизимида “Натижага йўналтирилган бюджет”ни шакллантириш ва ижросини таъминлашда жиддий ўзгаришлар сезилмаяпти. Шуни ҳисобга олган ҳолда Молия вазирлиги ва бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга бюджет маблағларининг натижадорлигига оид маълумотларни кўпроқ ёритиш масаласини қўямиз. 

А.Ҳайдаров, 

Ўзбекистон Респуб­ликаси Молия вазири ўринбосари: 

– Юқорида кўтарилган масала юзасидан ҳамкорликда ишлаш бўйича таклифингизни қабул қиламиз ва ажратилаётган бюджет маблағларининг жойларда тўғри ўзлаштирилиши назорат қилинишини кучайтириб, муаммо ечимини топиш учун масъул вазирлик­лар билан алоҳида йиғилишган ҳолда кейинги фракция йиғилиш­ларидан бирида муҳокама қилишга тайёрмиз.

Бундан ташқари, депутатларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича институти ташкил этилганлиги муносабати билан ушбу муассасага тегишли бўлган 1,3 миллиард сўм миқдоридаги маб­лағлар қонунда алоҳида кўрсатилмоқда. 

Шунингдек, лойиҳада харажатларнинг вазирлик ва идоралар кесимида тўғри акс эттирилиши масаласи ўрганилди. Натижада республика бюджети харажатларида кўзда тутилган “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси”га ажратилган трансфертлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги харажатлари қаторида акс эттирилди.

Ушбу ўзгаришлар қонун лойиҳасида кўрсатилган даромадлар ва харажатлар доирасида амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Лойиҳага киритилаётган жами 14 та таҳририй тузатишнинг айримлари “Адолат” СДП фракцияси аъзолари таклифлари асосида тақдим қилинаётганлиги алоҳида эътироф этилди.

Олий Мажлис қуйи палатасига киритилган Ўзбекистон Респуб­ликаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги масала юзасидан фракция аъзолари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг тармоқларини ислоҳ қилиш доирасида иқтисодий ва молиявий статистика маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш, солиқ юкини камайтиришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб бориш давр талабидир.

Tegishli xabarlar

Онлайн сабоқлар: ютуқ ва муаммолар

admin

Маъруфжон ТЕШАБОЕВ, халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати, 12-умумтаълим мактаби директори: «ИЛМДАН БОШҚА НАЖОТ ЙЎҚ!»

admin

Таклифларимиз муҳим ҳужжатда акс этди

admin