ADOLAT 24

Маҳаллалар обод бўлмоқда

Жамиятда одамлар сиёсий партия вакилларининг қайсидир жабҳада кўмагини ҳис қилса, ишончи ортади ва уларга эргашади. “Адолат” СДП ҳам бу борада ўз олдида устувор вазифаларни белгилаб олган. Уларни амалга оширишда халқ сайлаган депутатларнинг ўрни жуда муҳимдир.

Чунки халқ томонидан сайланган сиёсий партия вакили ҳисобланган депутат одамларнинг мурожаатларини тингламоғи, мавжуд муаммоларни ечишда камарбаста бўлиб хизмат қилмоғи лозим.

Халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан олиб борилаётган тарғибот тадбирлари, сайловчилар билан ўтказилган учрашувлар, жойлардаги муаммоларни бартараф этиш борасида қилинган амалий ишлар ана шуларнинг ифодасидир.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фуқароларнинг депутатлик гуруҳи аъзоларига қилган мурожаатларида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар раҳбарлари номига киритилган 15 та депутатлик сўровларидан 8 таси ижобий ҳал қилинган бўлса, қолган 7 таси юзасидан амалий ишлар давом этмоқда.

Жумладан, мазкур депутатлик гуруҳидаги депутатимиз Исҳоқ Тожиевга «Гулобод» маҳалласида ўтказилган юзма-юз мулоқотда фуқаролар маҳалланинг ички кўчаларини таъмирлаш ва электр таянч устунлари ўрнатишни сўраб мурожаат қилишган эди. У мурожаатни ўрганиб, туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юборди. Депутатлик сўрови кўриб чиқилиб, муаммо тезда ҳал этилди. Маҳалланинг ички кўчаларига тош-шағал ётқизилиб, эски электр таянч устунлари янгиларига алмаштирилди.

Ободонлаштириш ва тозалик ҳар кунлик ҳаётий эҳтиёжимизга айланмоқда. Бу хайрли ва эзгу ишлар асло мавсум танламайди. Зеро, саранжом-сариштали жойда қут-барака бўлади. Айни пайтда шаҳар ва қиш­лоқларда, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида теварак-атрофни тартибга келтириш, ободонлаштириш, ариқ-зовурлар, хиёбонларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Ободонлаштириш ишлари жараёнида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, ҳовлилар, боғ ва сайлгоҳларни тартибга келтириш, чиқиндиларни белгиланган жойга чиқариб ташлаш, кўчаларни таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу хайрли ишларда депутатларимиз ҳам камарбаста бўлиб, ўз ҳиссаларини қўшаётганлик­лари қувонарлидир.

Бу борада ҳам “Гулобод” маҳалласида яхши ишлар амалга оширилмоқда. Асосий йўллар атрофига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш бошлаб юборилди. Маҳалла кўмагида 3 нафар эҳтиёжманд оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилди. Шунингдек, тумандаги «Етимқум» маҳалласидаги мулоқотлар давомида фуқаролар томонидан қилинган мурожаатларга асосан симёғочларга 500 метр сим тортилди, яроқсиз ҳолга келиб қолган 6 та симёғоч янгисига алмаштирилди. Депутатимиз тумандаги «Истиқлол» маҳалласида олиб борган юзма-юз мулоқотида фуқаро Ирода Йўлдошева даволаниши учун йўлланма сўраб мурожаат қилганди. Унга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.

– Тоза-озода, обод жойда файзу барака бўлади, – дейди депутат Исҳоқ Тожиев. – Шунинг учун юртимизда катта шодиёналар, байрамлар олдидан ҳашарлар уюштирилиб, хонадонлар, маҳалла, кўча ва хиёбонлар, гузарлар, муқаддас қадамжоларни янада обод қилиш яхши анъанага айланган. Халқимизга хос бундай хайрли ишларда пок ниятларимиз, эзгу орзу-мақсадларимиз ўз ифодасини топ­моқда. Оқибат ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлса, хонадонлар атрофи тоза бўлади, уйимизга қут-барака киради. Айни пайт­­да асосий эътиборимиз ободончилик ишларига қаратилган. Барча юмушларни маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда олиб бормоқдамиз.

Дарҳақиқат, туманда бугунги кунда барча маҳаллалар обод гўшаларга, кўркам масканга айланиб, намунавий хонадон ва кўчалар сони ортиб бормоқда. Натижада одамларимизнинг ўз ҳаётига бўлган ишончи юксалиб, яшашга, келажакка интилиши кучаймоқда. Зеро, ободлик бор жойда ривожланиш бўлади.

“Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида, Қизириқ туманида ҳам ишлар жадал олиб борилмоқда. Хусусан, йил бошидан халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари томонидан 57 нафар ёшларга 1 гектардан ер ажратиб берилган бўлса, орадан бир оз вақт ўтиб яна 30 нафар ёшларга 1 гектардан ер берилди. Бу борада тумандаги “Ёшлар дафтари”га киритилган яна 50 дан ортиқ йигит-қизларга ер ажратиб бериш кўзда тутилган.

– Ушбу лойиҳага “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда эҳтиёжманд, ишсиз бўлган ёшлар танлаб олинмоқда, – дей­ди депутатлик гуруҳи аъзоси Ўктам Мусурманов. – Тумандаги 30 нафар ёшларга “Тинчлик” МФЙ ҳудудидаги фермер хўжалик­ларидан ер ажратиб берилди. Ер ўлчаб бериш ишларидан аввал ёшларга ҳар бир қарич ердан унумли ва самарали фойдаланиш, оиласи даромадини яхшилаш кераклиги тўғрисида таклиф ва тавсия­ларимизни бердик. Ҳар бир фермер хўжалигидан ажратилган ерда меҳнат қилаётган ёшлар гуруҳларга бўлинди, ҳар бир гуруҳ учун эса, тажрибали, ер тилини тушунадиган соҳа мутахассисларини бириктирдик. Шунингдек, ер ўлчаб бериш ишлари давомида ёшларга фермер хўжаликлари билан ўзаро шартномалар ҳамда сертификатлар ҳам топширилди. Ишонамизки, ёшлар ўз олдига қўйган мақсадига эришади ва ердан оқилона фойдаланади.

Депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси Чори Нормўминов ҳам ўз сайловчилари билан очиқ мулоқотлар олиб боришда ибрат кўрсатмоқда. Депутат тумандаги «Қишлоққозон» маҳалласидаги аҳоли билан юзма-юз мулоқот пайтида “Зарафшон” кўчасида ичимлик суви муаммоси борлиги аниқланди. У туман “Сувоқова” корхонаси раҳбарияти билан боғланиб, ушбу масалада амалий ёрдам беришни сўради. Депутат мурожаати ўрганиб чиқилди ва «Зарафшон» кўчасидаги сув қувурлари янгиланиб, ичимлик суви келтирилди.

Депутатлик гуруҳи аъзоларидан Шокир Жумаев ҳам тумандаги «Кунчиқиш» маҳалласи фуқаролари билан мулоқот олиб борди. Мулоқот асносида фуқаролар маҳалладаги “Наврўз” кўчасига ўрнатилган электр устунларга сим тортиб электр токи билан таъминлаш зарурлигини айтиб, муаммони ҳал қилиб беришда амалий ёрдам сўради. Шунингдек, мазкур маҳалла ҳудудидаги ички кўчаларни таъмирлаш зарурлиги хусусида ҳам мурожаат қилишди. У мурожаатларни ўрганиб чиқиб, туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови юборди. Натижада таъмирталаб электр симлар янгиланди. 

Депутатлик гуруҳи аъзоларининг қайд этишича, гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан доимий комиссиялар ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш учун масала тайёрланмоқда.

Гулшод Турсоатова,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Фаолиятимизда амалий натижалар муҳим

admin

Вакцина олинг ва ўз саломатлигингизни асранг!

admin

ЎНТА МУҲИМ ТАШАББУС: Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг янги даври

admin