ADOLAT 24

ГАЗЕТАЛАР ҲАЁТДАН ОРҚАДА ҚОЛМОҚДА

“Adolat” газетасининг 2021 йил 12 ноябрь сонида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Камол Матёқубовнинг “Келажак пойдеворини матбуот­сиз яратиб бўладими?” номли таҳлилий ва танқидий мақоласи эълон қилинган эди.

Ушбу мақолада оммавий ахборот воситаларининг, хусусан, босма нашрларнинг бугунги кунда олдида турган долзарб муаммолар ёритиб берилган. Обуна ва газеталар олдида турган масалалар хусусида сўз юритилган.

Журналист ушбу долзарб масала ва муаммоларни ҳал қилиш йўллари ҳақида мулоҳазалар юритган. Мақолада тилга олинган масалалар юзасидан журналистлар ва газетхонлардан кўплаб мактублар олдик. Ана шулардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бош­лаб газета-журнал ўқий бошлаган бўлсам, ўзим шахсан обуна бўлиб олган газета-журналларнинг деярли ҳаммасини архивимда сақлаб келаман. Ҳатто, лоф эмас, ҳозир ҳам саксонинчи-тўқсонинчи йиллардаги матбуот нашрлари тахламларидан бирини қўлга олсам, бошқа иш қолиб кетади. Қизиқиб ўқийман. Хўш, нега шундай? Бугунги газеталарни ўша ҳолатга қайтариб бўладими? Янги босмадан чиққан газета ёки журнал ўз манзилига етиб бормасидан олдин уни обуначиси интиқлик билан кутадими? 

Бир сўз билан айт­ганда, «ЙЎҚ!». 

Нима учун? 

Чунки газеталарда берилаётган мақолаларнинг аксарияти (биринчи бетдан бошлаб) ахборот тарзида (бу ахборотлардан бугуннинг одами аллақачон телевизордан, радиодан, телефондан хабар топ­ган бўлади), деярли барча газеталар бир-бирини так­рорлайди. Деярли барча газеталар кимўзарга қайсидир машҳур кишини, пешқадам корхонани, қовоқ етиштирган деҳқоннинг ютуқларини мақтайди. Бу сийқа мақтовлар қайси газетхонни қизиқтиради? Саналар, байрамлар, сайловлар бўлса, таҳририятдаги ижодкорларнинг жони киради. Бир-бирига ўхшаш, худди эгизакдек материаллар, мақолалар, хабарлар ОАВ саҳифаларидан жой олади. Бу қайси газетхонга керак? Газеталар матбуот дўконларида, бошқа тарқатувчи хонасининг бир бурчагида тахлам-тахлам бўлиб ётибди. Нега шундай? Чунки бу газеталар бугунги ҳаётдан орқада!

Қўлимга газета олсам, ададига қарайман, «Ўзбекис­­тон адабиёти ва санъати» газетаси, «Нуроний» газетаси ва бошқалар 1000 нусхадан ошиқроқ. Гап газетанинг ададида эмас, тарозисида! Таҳлилий мақолалар йўқ. Халқ дарди ёзилмайди. Мисол учун, нега, қандай асосларга кўра бензин нархи ошиб кетгани газетанинг биринчи саҳифасида берилмайди? Ун, ёғ, гўшт маҳсулотлари нима учун кун сайин қимматлашиб бораётгани ёритилмайди. Нега бизда нарх назорати йўқ? Қўшни давлатларда бор-ку?! Нега бизда ҳамма ўзига ўзи хўжайин? «Бизда тиббий хизмат кўрсатиш бепул» деб ёзиб қўйилган эшикнинг ортида ўтирган врач нега маслаҳат бергани учун бемордан пул олади? Нега ҳали ҳам болаларнинг нафақа пулларига маҳалла аралашади? Қонун бор, кўрсатма бор, ижро йўқ! Нима учун «Газетамизнинг адади тушиб кетяпти, қорнимиз тўймай қоляпти, ишчи-ходимлар сонини қисқартириш керак!», деган иддао бор-у интилиш, изланиш йўқ? Ҳамма бепарво! Халқнинг эса ҳафсаласи пир бўлган. «Менинг муаммоимга бепарво бўлган газетани нима қиламан?» дейди. 

Аввалги даврларда газетанинг тўртинчи саҳифасида санъат, адабиётга доир мақолалар, карикатуралар, латифалар бериларди. Газетхон ҳордиқ чиқарарди. Ҳозир бошдан-оёқ қуруқ сиёсат. Ҳар замонда бир хаспўшлаб бериладиган танқидий мақола ҳам кўздан нари – ўша охирги бетга ўтиб кетган. Аслида, танқидий, таҳлилий мақолалар ўрни биринчи бетда бўлиши керак! 

Мени бир нарса ҳайрон қолдиради, партия раҳбарлари ёки ташкилот-муассаса бош­лиқлари, ҳокимлар ўзлари муассис бўлган газеталарни ўқишадими? Бу газета адади қанча? Нега бу даражада ночор бўлиб қолди, деган саволга жавоб излашадими? Ахир газета сиёсий дунёқарашимизни, маънавий қиё­фамизни шакллантирадиган бебаҳо хазина. Ундан таҳририятдаги ижодкорлар ҳам, газетхонлар ҳам тенг манфаатдор бўлиши керак. Ўзимизни минг томонга урганимиз билан барибир айланиб келиб газета билан ишимиз битади. Шундай экан, йиллар мобайнида вужудга келган, тобора катталашиб бораётган муаммонинг бир мақбул ечимини топайлик!

Муҳиддин ОМАД,

журналист,

Наманган вилояти Косонсой тумани

Tegishli xabarlar

Аёлга эҳтиром

admin

Ҳудудлардан хабарлар

admin

Муштарийлар билан ҳамкорлик керак

admin