ADOLAT 24

Синовлар мавсумига тайёргарлик қандай?

Ҳар йили ёғин-сочинли кунлар яқинлашиши билан куз-қиш мавсумига тайёргарлик бошланади. Илгари коммунал хизмат соҳасидаги муаммолар аҳоли, айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг эътирозларига сабаб бўларди. Эндиликда тизимдаги ислоҳотлар туфайли бундай ташвишларга чек қўйилмоқда. Бугун кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолига ҳавасингиз келади. Шу ўринда савол туғилади: бу йил куз-қиш мавсумига қандай ҳозирлик кўрилди? Ўзбекистон “Адолат” СДП­дан сайланган халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутатлари жамоатчилик назорати тартибида вилоят миқёсида ушбу масалани ўрганди.

Андижонда бу борада тизимли иш олиб борилмоқда. Кўп қаватли уй-жойларнинг ташқи кўринишидаги ўзгаришлардан тортиб, яратилган қулайлик­ларгача барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Кўп қаватли уйларга талаб ортиб бораётгани ҳам бунинг тасдиғи. 

Вилоятда айни пайтда 1 минг 733 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, уларга 295 та хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари ҳамда 17 та бошқарув ташкилотлари томонидан хизмат кўрсатилаяпти. Жорий йилда 61 та кўп қаватли уй-жойларда таъмирлаш ишлари режалаштирилган эди. Йил давомида режадаги ишлар тўла амалга оширилди. Жумладан, 41 та уйга темир эшиклар ўрнатилди, 24 та уйларнинг 10 минг 459 кв.м том қисмида, 81 та кириш йўлакларида, 17 та уйнинг ички муҳандислик тармоқлари ва 46 та уйнинг фасад қисмларида таъмирлаш ишлари бажарилди. 

Шунингдек, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларини ободонлаштириш мақсадида 9 млрд. сўм бюджет маблағлари ҳисобидан 18 та янги болалар майдончалари қуриш ва 13 та майдончани таъмирлаш, 52 минг кв.м йўлакларга қопламалар ётқизиш, 564 погонаметр ирригация тизимларини таъмирлаш, 767 та ташқи ёритиш тизимларини ишга тушириш ишлари якунланди.

Вилоят марказида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Андижон шаҳридаги 5 та уйнинг 9 та лифт мосламалари таъмирланиб, тўлиқ фойдаланишга топширилди. 2 та уйга 4 та янги лифт мосламалари ўрнатилмоқда. 104 та кўп қаватли уйда жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, 7 та уйнинг том қисми, 12 тасининг ички муҳандислик тармоқлари, 101 та уйнинг фасад ва 352 тасининг кириш йўлаклари таъмирланди.

Албатта, ҳар бир иш маблағга бориб тақалади. Кўп қаватли уйларни таъмирлашда бу борада муаммога ўрин қолмади. Сабаби, тижорат банкларининг молия­вий кўмаги иш самарадорлигини оширди. 

Ўз ўрнида берилган кредит маблағларини вақтида қайтариш чоралари кўрилаяпти. Аниқроқ қилиб айт­ганда, 27,1 млрд. сўм маблағ тижорат банкларига қайтарилди. Ҳозирда ширкатларнинг кредит қарздорлиги 115,7 млрд.сўмни ташкил этмоқда. 

Уй-жой ширкатлари фаолиятини талаб даражасида ташкил этиш устида ҳам иш олиб борилмоқда. Шу мақсадда ўтказилган хатлов натижалари асосида 295 та ширкатлар молиявий ва моддий-техник ҳолати бўйича 3 тоифага ажратилди: 13 таси “яхши”, 72 таси “ўрта” ва 208 таси “оғир” тоифада. Шундан келиб чиқиб, шаҳар ва туманларда улар билан ишловчи бошқарув ташкилотлари тузилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5152-сон қарорига асосан, “тажриба” тариқасида танлаб олинган Андижон шаҳридаги “Ёйилма” ва “Соғлом авлод” МФЙ ҳудудида 26 та “оғир” тоифадаги ширкатлар бош­қарувидаги 134 та кўп қаватли уйларни бош­қариш мақсадида, очиқ танлов йўли билан “Шинам маҳалла” бошқарув ташкилоти танлаб олинди. Бу ташкилот учун “Ёйилма” МФЙ ҳудудидан алоҳида бино ажратилиб, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 200 млн. сўм маблағ билан таъминланди. 2 та мотороллёр ҳамда 20 турдаги зарурий кичик механизмлар, хомашё материаллари, офис жиҳозлари олиб берилди. Натижада янги ташкилот ўз фаолиятини бошлади.

Асосий муаммолардан бири, коммунал тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги эди. Янги тизим асосида бу муаммо ҳам ечимини топмоқда. Мулк­дорларнинг мажбурий бадал тўловларининг шаффоф­лигини таъминлаш мақсадида, 4980 та абонентлар тўғрисидаги маълумотлар “Mening uyim” тизимига киритилди. Натижада аҳолига мажбурий бадалларни онлайн режимда интернет орқали амалга ошириш ҳамда мажбурий бадаллар тўлови ҳақидаги маълумотларни “шахсий кабинет” орқали назорат қилиш имконияти яратилди.

Танланган ҳудуд намунаси асосида бошқа шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Айни шу мақсадда ҳозирда 17 та бошқарув ташкилоти ташкил этилган бўлса, 2022 йилнинг биринчи чорагида яна 8 та ана шундай ташкилот иш бошлайди. Бу ўз-ўзидан аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, Андижондаги кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик талаб даражасида. Демак, мавсум кўнгилдагидек ўтишига кафолат бор.

Насиба Тўйчиева,

халқ депутатлари Андижон вилоят 

Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Tegishli xabarlar

ҲОКИМ СЕКТОРИДА АҲВОЛ ШУНДАЙ БЎЛСА…

admin

ЗАМОНАМИЗНИНГ ЗАБАРДАСТ АДИБИ Халқ ёзувчиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон давлат мукофотлари лауреати, профессор, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси, жамоат арбоби Муҳаммад АЛИ адабий портретига чизгилар

admin

Олган маошимиз ҳалол бўлсин…

admin