ADOLAT 24

Самарқанду Хоразм томонларда Эзгулик, Хайру саховат ишлари давом этмоқда

Хайру саховат азал-азалдан халқимизга хос олижаноб фазилат ҳисобланади. Муҳтож кишиларга ёрдам қўлини узатиш меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро аҳиллик, ҳамжиҳатлик ортишига, шу билан бир қаторда жамият равнақи йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг янада жадал ривож топишига замин яратади.

Инсон соғлом бўлсагина ҳаётдан завқ олади, бахтни ҳис қилади, илғор фикрлайди, жамоат ишларида фаол иштирок этади. Шу сабабли мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлаш, ҳар бир фуқаронинг соғлиғини сақлаш масаласи давлатимиз сиёсатида муҳим ўрин тутади. 

Яқинда халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Бобур Сафаровнинг “Хўжа саҳат” маҳалласи фуқаролари билан учрашуви чоғида маҳалла фаоллари юрак хасталиги боис анча вақтдан буён даволаниб келаётган Б.Шодиқуловнинг операцияси учун амалий ёрдам кўрсатилса, оилага ёрдам бўлиши ҳақида депутатга мурожаат қилишди.

Ташаббусни қўллаб-қувватлаган депутат оилага моддий ёрдам бериш мақсадида кўнгиллиларни жалб этди. Кўнгиллилар томонидан йиғилган пуллар Б.Шодиқуловнинг оиласига топширилди.

***

Тинч-осуда, юксак тараққиёт сари дадил одимлаётган юртимизнинг ҳар бир гўшасида рўй бераётган янгиланиш ва ўзгариш­лар, ҳар бир масканда кўзга ташланаётган бунёдкорликлар туфайли дилларда, тилларда шукроналик ҳисси мужассам. Бундан руҳланган саховатпеша инсонлар кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиб, хайрли ишларни амалга оширмоқда.  

Халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгашига “Адолат” СДП­дан сайланган депутат Хуршид Жавбўриев партиямизнинг “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси доирасида 67 нафар кам таъминланган оиланинг эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди.

Хонадонларга кирган чоғимизда дуога очилган қўллар, қувонч­­га тўлган кўзлардан англаш мумкинки, мана шундай хайрли амаллар ҳар биримизнинг қалбимизда шукроналик туйғусини, ҳаётдан розилик ҳиссини жўш урдириши, шубҳасиз. Айниқса, эзгу ишлар юртдошларимиз ўртасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, саховат ва қаноат каби юксак фазилатларни қарор топтиришга хизмат қилаётгани билан эъти­борга моликдир.

***

Халқ депутатлари Хива туман Кенгаши депутати Мақсуд Эшниязов ҳар доим сайловчилар орасида десак, муболаға бўлмайди. Унинг кўмаги билан фуқароларни қийнаб келаётган кўп йиллик муаммолар ўз ечимини топаётгани ҳам шундан далолат беради.

Учрашувлардан бирида депутатга Нажмиддин Куб­ро номидаги маҳаллада яшовчи Каромат Рўзметова 1997 йилда туғилган ўғли Ҳасанбой Машарипов бир неча йилдан буён сон суя­­ги бошчаси ассептик некрози касаллигидан қийналиб келаётгани, жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун маблағи йўқлигини баён этиб, шу масалада ёрдам сўради. Фуқаронинг мурожаати тегишли мутахассислар билан биргаликда ўрганилди ва операция учун 27 миллион сўм миқдорида маб­лағ сарф бўлиши аниқланди. М.Эшниязов маблағ юзасидан туман ҳокимлиги билан маслаҳатлашди, жорий йилнинг 6 октябрь куни Хива тумани тиббиёт бирлашмасида Ҳ.Машарипов жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли ўтди.

— Инсон саломатлигига ҳеч нарсани тенглаштириб бўлмаслигини ўғлим бетоб бўлиб қолганида чуқурроқ англаб етдим, — дейди Каромат Рўзметова. — Она учун фарзанди дарддан қийналаётганини кўришдан ортиқ азоб бўлмаса керак. Депутат Мақсуд Эшниязов дардимизга малҳам бўлди. Ниҳоят, фарзандимнинг юзида табассумни кўришдек бахтга эришдим. Депутатимиз ва шифокорлардан миннатдорман.

Депутатнинг саъй-ҳаракати билан фуқаро Ўғилжон Нуниязованинг иккала оёғидаги “аритроз” касаллиги туфайли юришда қийинчиликлар бўлаётгани тўғрисидаги мурожаати эътиборга олиниб, онахон тиббий кўрикдан ўтказилди ҳамда бепул қўлтиқтаёқ билан таъминланди.

Дарвоқе, шу оилада 2 ёшли Жаҳонгир “бўри танг­лай” хасталиги билан туғилган экан. Депутат масалани ўрганишга мутахассисларни жалб этди ва бола 3 ёшга тўлганида жарроҳлик амалиётини ўтказиш режалаштирилди.

* * *

Ҳар йил ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси “Тиббиёт ходимлари куни” деб белгилангани муносабати билан, жойларда байрам тадбирлари, тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтди. Тақдирланганлар орасида халқ депутатлари Хива туман Кенгаши депутати Мақсуд Эшниязов Ўзбекистон Рес­публикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекис­тон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.                                             

Лола Сайидова,

Самарқанд вилоят кенгаши матбуот котиби,

Хонбуви Ҳайитова,

Пастдарғом туман кенгаши раиси


Шукурой МАДАМИНОВА,

Хива туман кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Табиатни йиғлатманг!

admin

Депутат ҳисобот берди

admin

ДЕПУТАТ ЁЛҒИЗ ОТАХОНГА УЙ ҚУРИБ БЕРДИ

admin