Мамлакатимизда кейинги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир соҳадаги ўзгариш, татбиқ этилган замонавий амалиётлар, лойиҳалар, инсон фаровонлиги ва унинг қадр-қимматини оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирларнинг барчаси амалда бўй кўрсатди. Йиллар давомида турли соҳаларда нафақат фуқароларга қулайлик яратилди, балки хизмат кўрсатишнинг соддалаштирилган ва замонавий технологиялар асосида татбиқ этилаётган жиҳатлари оммалашди. Бугун ҳам янгидан-янги креатив ёндашувларни кўриб, юксалишлар тенденциясининг фаол аъзоси сифатида қувонамиз. Давлатимиз раҳбари томонидан келтирилган мисоллар, асосли таклиф ва татбиқ этилиши белгиланган ташаббуслар эса ўтган беш йиллик стратегиянинг манзилли давоми сифатида янада кўплаб ўзгариш ва янгиланишларни ўзида мужассам этади.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланганлиги эътиборга молик. Президентимиз мазкур рақамни бахт-саодат ва омад келтирадиган, эзгу ниятларни рўёбга чиқарадиган хосиятли тимсол сифатида баҳолайди. Давлат раҳбарининг маърузасида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида белгиланган ҳамда “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил кейинги фаолиятимизнинг асоси бўлади.
Стратегия эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, сифатли таълим-тарбия, маънавий ва маърифий соҳалардаги ислоҳотлар, Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш сингари муҳим масалаларни қамраб олган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартиришни кўзда тутади.
Еттинчи йўналишда ташқи сиёсат масаласига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, яқин қўшнимиз бўлган Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш, қўшни мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун афғон халқига ёрдам кўрсатиш, Афғонистон билан биргаликда йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш масаласи кўтарилган.
– Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва дунёнинг барча минтақаларидаги шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор берамиз. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари, Парламентлараро иттифоқ, халқаро молиявий институтлар ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий Кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан кўп томонлама муносабатларни янги, амалий маъно-мазмун билан бойитамиз. Биз – дунёга, дунё – бизга очиқ бўлиши керак. Бугунги ҳаёт, бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу. Биз ана шу ҳал қилувчи тамойилни, албатта, ҳаётимиз қоидасига айлантирамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Шубҳасиз, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мамлакатимиз ривожининг муҳим фундаментал асосларини ўзида қамраб олган бўлиб, фаолиятимизнинг устувор вазифаларини белгилаб беради. Халқаро ҳамжамиятдаги давлатимиз мавқеи ва обрўсини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шерзод Каримов,
“Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси